«Милан» Ибраҳимовичнинг дублига қарамай, А Сериядаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди

Италия А Серияси 13-туридан ўрин олган учрашувларнинг бирида «Фиорентина» ва «Милан» жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Биринчи бўлимда дарвоза томон берилган зарбалар бўйича тўлиқ устунлик «россонерилар» томонида бўлди.
Бироқ, дастлабки 45 дақиқаликдан сўнг таблодаги ҳисоб «Фиорентина» фойдасига 2:0 кўринишини олди. Мазкур голларни  «Милан» дарвозасига Альфред Дункан ва Риккардо Сапонаралар киритишди.
Иккинчи бўлим чораги якунида Душан Влаҳович ҳисобни йирик кўринишга олиб келди (3:0). Ўйин тақдири аллақачон ҳал этилгандек туюлди. Аммо майдонда ҳаракат қилаётган энг тажрибали ўйинчилардан бири Златан Ибраҳимович бунга қарши эди. Швед баҳснинг 62 ва 67-дақиқаларида дубл қайд этиб, ўйинга яна интиригани қайтарди.
Флоренцияда камбек ҳиди келарди. Бироқ мезбонлар ҳужумчиси Душан Влаҳович бу ҳидни батамом тарқатиб юборди.
Асосий вақт тугашига беш дақиқа қолганида Душан миланликлар ҳимоясини ёриб ўтиб, ўз ҳисобига яна бир голни расмийлаштириб қўйди. Стефано Пиоли шогирдлари ўйин охирида автогол эвазига ҳисобдаги фарқни минимал кўринишга келтиришди (4:3). Бироқ бу етарли бўлмади ва «Милан» жорий мавсум А Сериядаги дастлабки мағлубиятини қабул қилиб олди.
Эслатиб ўтамиз, «россонерилар» ушбу мавсум Италия чемпионатида 13 ўйин ўтказди. Уларнинг 10 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг ва биттасида мағлубият қайд этган ҳолда, турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда.
Маълумот учун, А Серияда мағлубиятга учрамаган фақатгина «Наполи» клубигина қолди, ҳолос. 13-тур доирасида «мовийлар» сафарда «Интер» меҳмони бўлишади. Мазкур баҳс 21 ноябрь якшанба куни, 22:00да старт олади.

21.11.2021, 11:12 275 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш