Кўча футболини янги босқичга олиб чиқамиз!

Халқимизда: "Ватан остонадан бошланади",-деб айтиладиган мақол бор. Ҳўш, футболчи? Сизнингча футбол қаердан бошланади?
Ҳаммада ҳар хил фикр бўлиши мумкин, лекин менимча футбол кўчадан бошланади. Футболни нима эканлиги ҳақида болалик пайтлари маҳаллада қўшнилар билан мазза қилиб тўп тепиш орқали тушуна бошлаган бўлсангиз ажаб эмас.
Пеле, Марадона, Месси, ёки Роналду каби футбол дахолари ҳам ўз фаолиятини айнан кўча футболидан бошлаган. Дунё футболида супер старларнинг бу каби шоу турнирларда иштирок этиши одатий ҳолатга айланиб қолган. Бразилиянику айтмасак ҳам бўлади. Лотин Америка қитъаси вакиллари миллионлар ўйинига қаттиқ меҳр қўйишгани, футболсиз яшай олишмаслиги бор гап.
 
Осиёдачи? Юртимизда футболга бўлган меҳр қандай даражада деб ўйлайсиз? Узоқ йиллик мақсадимиз амалга ошмай келаётганлиги сабабли кундан-кунга одамларимизнинг футболга бўлган меҳри йўқолиб боряпти деб ўйлайсизми? “Ана, ўйингоҳларимиз деярли бўм-бўшку”, -деб нолишингиз мумкин. Лекин, адашасиз. Ҳа, ростдан ҳам адашасиз. Ишонмайсизми? Хоҳласангиз бир сирни очаман. Халқимиз футболни севади ва улар ҳозирда кўча футболи билан овуниб юришибди. Қанақасига дейсизми?
Куни кеча водийга сафар қилдик. Сафар давомида бизни Андижон шахридаги «Лимон» аренага таклиф қилишди. Ўша куни кўча футболида навбатдаги супер шоу ўтказиладиган экан. Ўзини учрашувлар ташкилотчисиман деб таништирган Бахтиёр ака билан суҳбатлашиб, интервью олдик (Ушбу интервьюни алоҳида эътиборингизга ҳавола қиламиз). Суҳбатдошимиз минглаб муҳлис келишини айтганида, ишонмаган эдим. Ўйин бошланишига 1 соат қолганда, кичик ўйингоҳ атрофи тўлиб тошган эди. Ҳақиқий атмосфера! Ҳақиқий халқбоп, жайдари муҳит! Хаттоки, суперлиганинг баъзи бир марказий ўйинларида ҳам бунчалик муҳлисни кўрмаганмиз.
Ўша куни жами учта учрашув бўлиб ўтди. Ўйинларнинг савиясига гап йўқ. Тезкорлик, аниқлик ва босиқлик бор. Аслида, майдондаги футболчиларнинг аксарияти профессионаллар эди. Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасининг асосий ўйинчиси Дилшод Раҳматов, ёки яқинда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ажойиб голларни урган яна бир терма жамоа аъзоси Анасхон кабилар учрашувларни янада қизиқарли ўтишига сабаб бўлди. Майдондаги бошқалар ҳам футзалчи, ёки футболчилар эди, яъни уларни ўз ишининг усталари деб номлаш мумкин. Мен бир нарсага эътибор қаратдим, ўша куни футболчиларда босим йўқ эди. Шунинг учун ҳам эркин ҳаракатланиб, такрорланмас финтлар орқали шоу намойиш эта олишди. Хуллас, шу куни бир олам таассуротлар билан пойтахтга қайтдик.
Сизларга шуни маълум қилмоқчимизки, бугундан бошлаб penalti.uz кўча футболини мунтазам ёритиб боради ва янгидан- янги иқтидорларни кашф қилинишига оз бўлсада ўз хиссасини қўша олади деб ният қиламиз. Сайтимизда “Кўча футболи” номли алоҳида саҳифа очилди. Кўча футболига оид янгиликлар, интервьюлар, фото ва видеоларни биз билан кузатиб боришингиз мумкин. Тез орада жоамалар ва турнирлар ҳақида маълумотлар беришни бошлаймиз.
Келинг дўстлар, ўзимиз яхши кўрган футболни янги босқичга олиб чиқиш учун биргаликда ҳаракат қиламиз. Сизнинг вилоятингизда ҳам кўча футболи ўйинлари ва кичик турнирлар бўлиб турадими? Ундай бўлса биз билан боғланинг. Ҳозирда бу каби ўйинлар ҳеч қандай ҳомийларсиз ташкил қилиниб келинмоқда. Агар ҳомийлар бўлса, биз билан боғланинг. Келишувга эриша олсак, маҳсулотингизни реклама қилиб берамиз. Дарвоқе келаётган ҳафта Наманганда шунга ўхшаш турнир бўлиб ўтади. У ерда ҳам дахшатли муҳит бўлишига шубха йўқ. Наманганлик муҳлисларни биласиз-а?!

16.11.2021, 16:27 588 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш