Англиялик таниқли скаутер иштирокида семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мамлакатимизда мураббий, селекционер (скаут), таҳлилчи, ҳакам, маркетолог, психолог ва футбол менежери каби юқори малакали футбол мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Айнан ушбу йўналишларда марказ ташкил этилиб, хорижий ва маҳаллий тажрибали мутахассислар ёрдамида ўзбек футболининг турли соҳаларида фаолият юритадиган етук кадрларни тайёрлаш мақсад қилинган.
Бугун “Халқаро скаутинг ташкилоти”нинг таниқли мутахассиси Колин Чемберс иштирокида семинар бўлиб ўтди. Тадбир аввалида ЎФА биринчи-вице президенти Равшан Эрматов Ўзбекистонда мазкур соҳани ривожлантириш масаласи бугуннинг асосий вазифаларидан бири эканлигини, ёш кадрларни етиштиришда халқаро тажрибалардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Шундан кейин англиялик мутахассис ўзининг узоқ йиллик фаолиятидан келиб чиқиб, скаутинг шунчаки жараён эмаслиги, бу ҳар қандай жамоанинг кейинги натижаларига бевосита таъсир ўтказадиган муҳим ҳаракат эканлигини айтди. Шунингдек, ёш футболчиларни танлаб олишда эътиборга олиш керак бўлган жиҳатларга тўхталди.
Семинар давомида махсус видеодарслик орқали футболчиларни кузатиш, уларга баҳо бериш ва жисмоний ҳолатини аниқлашда ёрдам берадиган нюанслар ҳақида тушунтиришлар берилди. Колин Чемберс скаутингда кичик деталлар катта натижаларни келтириб чиқаришини қўшимча қилди.
6 кунлик семинарнинг биринчи кунида, асосан, назарий машғулотлар ва видеодарсликка урғу берилди. Кейинги кунларда режа асосида амалий машғулотлар ўтказилиши белгиланган.

02.11.2021, 16:18 104 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш