Вақтинчалик шоҳ

 
“Барселона” мухлислари кечаги кунни қандай оғир ўтказган бўлса, бугунги тонгни шунчалик хушнуд кайфиятда қарши олди. Сабаб — бир йилдан кўпроқ уларнинг наздида омадсизликларнинг асосий сабабчиси ўртоқ Роналд Куман бош мураббийлик курсисидан туширилди ва клубдан бадарға қилинди.
Бу орада Хавининг “Барса” бош мураббийига айланиши ёзилди. Томонлар бу борада музокаралар столига ўтиргани айтилди. Ҳамма Хавини кутиб турган бир вақтда Каталония клуби Кумандан қолган жой совиб қолмаслиги учун унинг ўрнига 49 ёшли Серхи Бархуанни вақтинчалик бош мураббий этиб тайинлади.
Бархуаннинг вақтинча бош мураббий бўлиши мухлисларни унчалик хафа қилмаслиги керак. Чунки унинг лавозимида “вақтинча” деган сўз бор. Шунинг ўзиёқ “Барселона” айни дамда бош мураббий ролига чиндан ҳам муносиб номзод қидираётгани, эҳтимол, ўша номзод аллақачон топилган ва у билан музокара ўтказилаётганини англатади.
Ўзини ҳурмат қилган ва катта лойиҳани хоҳлаган мураббий эса бирданига рози бўлиб қолмаслиги ҳам табиий. Шундай экан, Каталония клуби мухлисларига ҳар доимгидек бироз сабр тилаймиз.
Ахир бежиз ўзбек халқи ҳам “Сабр таги сариқ олтин” демаган.

28.10.2021, 19:08 252 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш