40 ёшли шер!

Ўзини ҳақиқий футбол дахоси деб билгувчи ва ҳеч қачон таслим бўлмас шер, Златан Ибраҳимович бугун 40 ёшни қарши оляпти! 

1981 йил 3 октябрда туғилган Златан — Италия А церийасининг «Милан» клубида, ҳужумчи вазифасида тўп сурувчи швециялик профессионал футболчи. Ибраҳимович бутун давр давомидаги энг яхши ҳужумчилардан бири сифатида тан олинган. У карьераси давомида 31 совринни қўлга киритганлиги билан дунёдаги энг совриндор футболчилардан бири ҳам ҳисобланади. Златан ҳозирги кунга қадар 560 дан ортиқ гол ура олган.
Златаннинг болалик даврларидаги қаҳрамони бразилиялик «сўйлоқтиш» Роналдо бўлган. Италия футболини катта қизиқиш билан кузатадиган Ибра ўзининг характерига мос бўлган Габриел Батистутанинг ҳам мухлиси эди.
Златан Ибраҳимович фаолиятини Швециянинг “Малмё ФФ” жамоасида бошлаган. «Малмё» Швециянинг энг кўп чемпион бўлган жамоаси, шунингдек, 14 карра миллий кубокни қўлга киритган ва бу борада жамоа мамлакат рекордчиси ҳисобланади. Орадан 2 йил ўтиб Ибра «Аякс» билан шартнома имзолайди. «Аякс»да Златан Европада порлаши кутилаётган топ-ҳужумчига айлана олди. «Аякс»даги 2 йиллик фаолиятидан сўнг «Ювентус»дан чақирув олди ва туринликлар билан шартнома имзолади. У Италия А церийасида 2006 йили «Интер» клубига ўтишидан олдин, «Ювентус» таркибида Давид Трезеге билан ажойиб жуфтликка айлана олди.
Ибраҳимович 2006-09 йилларда «нерадзурри» билан биргаликда А церийада 3 та титулга эга чиқди ва мавсум тўпурарига айланди. 2009 йилнинг ёзида Златан дунёнинг энг қиммат трансферларидан бири сифатида «Барселона»га кўчиб ўтди ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан у яна Милан шаҳрига қайтиб келди. Бу сафар у «Милан» либосини кийди. Ибра 2010-11 йилги мавсумда «россонери» билан яна бир А церийада Скудеттони ютиб олди.
Швециялик футболчи 2012 йилнинг июль ойида Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клубига ўтади. Златан Францияда 4 мавсум тўп тепди ва бу давр оралиғида 4 карра Франция чемпиони ва 3 карра чемпионат тўпурари бўлди. У 2015 йил октябрь ойига келиб, «ПСЖ» тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб олди.
2016 йил Ибра “Манчестер Юнайтед” сафига эркин агент сифатида келиб қўшилди ва илк мавсумдаёқ Англия Лига кубоги, Англия кубоги ҳамда Европа Лигаси кубокларини ютиб олди. Ибраҳимович 2018 йили АҚШнинг “Лос Анжелес Гелекси” клуби билан шартнома имзолайди. Орадан 2 йил ўтиб яна ўзининг собиқ клуби «Милан»га қайтиб келди ва ҳозирда «Милан» шарафини ҳимоя қилиб келяпти.
Ибраҳимович 15 йилдан ошиқроқ фаолияти давомида, Швеция терма жамоаси таркибида 100 дан ошиқ учрашувда майдонга тушган 10 футболчининг бири ҳисобланади. У терма жамоа таркибида 62 гол киритган рекордчи ва миллат қаҳрамонидир.
Златан Ибраҳимович 2013 йилда жаҳоннинг рамзий терма жамоаси таркибидан ўрин олган. 2007, 2009, 2013, 20114 йилларда эса УЭФА томонидан мавсумнинг энг яхши футболчиларидан тузилган жамоа таркибидан ўрин олган. 2013 йил “Олтин тўп” сўровномасида 4-ўринни олган.
Златан гарчанд Чемпионлар лигасини юта олмаган бўлсада, УЭФА томонидан унга нисбатан юқори баҳо берилган. 2019 йилда ФоурФоурТво журнали томонидан Чемпионлар лигасини юта олмаган энг буюк уч футболчидан бири дея таъриф берилди. 2014 йил декабрда Швеция газеталаридан бири Златан Ибраҳимовични теннисчи Бёрн Боргдан кейин мамлакатнинг энг буюк 2-рақамли спортчиси деб номлади.
Майдондан ташқарида Ибра ўзининг ноодатий қилиқлари, ғайритабиий интервьюлари ва қўштирноқ ичидаги «жинниликлари» билан ажралиб туради. 40 ёшли футболчи бу йилги мавсумда А церийанинг 17 та учрашувида майдонга тушиб, 15 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга ошириш билан биргаликда, 2 сариқ карточка ва 1 қизил карточкани ўз ҳисобига расмийлаштирди.

03.10.2021, 15:42 292 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш