Cadena SER: Месси Суперкубок финали олдидан умумий гуруҳда шуғулланди

Бугун, Тошкент вақти билан 00:55 да Испания Суперкубоги финали доирасида «Барселона» ҳамда «Атлетик» Бильбао жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтади.
 
Кўпчилик мухлислар бу ўйинда каталонияликлар етакчиси Лионель Месси ўйнаш-ўйнамаслигига қизиқмоқда.
Cadena SER нашрининг ёзишича, Месси Суперкубок финали олдидан «Барселона»нинг умумий гуруҳ машғулотларида қатнашган ва катта эҳтимол билан ўйинга тушишга тайёр. Жамоа бош мураббийи Рональд Куман эса Мессининг ўйинга тушиш-тушмаслиги унинг ўзига боғлиқ эканини айтганди.
Лионель Месси кичик жароҳати сабаб «Реал Сосьедад»га қарши Испания Суперкубоги ярим финал баҳсида майдонга тушмаганди. Ўша баҳс олдидан Мессининг умумий машғулотларда қатнашмагани аниқ бўлган ва шу сабаб у майдонга тушмаслиги тахмин қилинганди. Охир-оқибат бу миш-миш ҳақиқат бўлиб чиқди ва Месси ўйинда қатнашмади.
Испания Суперкубоги баҳслари ўтган мавсумдан бошлаб кичик турнир кўринишида ўтказилмоқда. Унга кўра, турнирда Ла Лига чемпиони ва иккинчи ўрин соҳиби, шунингдек, Испания Кубоги финалчилари қатнашади. Ўтган йили Саудияда ўтказилган мусобақада «Реал» ғалаба қозонган. Бу галги финалчилар «Барселона» ва «Атлетик» ярим финалда мос равишда «Реал Сосьедад» ва «Реал»ни мағлуб этиб, ҳал қилувчи ўйинга чиқди.
Бу йилги финал Севильядаги Олимпия стадионида ўтказилади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 00:55 да бошланади.
Маълумот учун, Испания Суперкубогида энг кўп ғалаба қозонган жамоа «Барселона» ҳисобланади. Лионель Месси эса Суперкубокларда энг кўп (19 та) майдонга тушган ва энг кўп (14 та) гол урган.

17.01.2021, 17:47 253 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш