“Истанбул Башакшеҳир”ни етаклаб юрган машҳур “қария” футболчилар

1990-йилда ташкил топган “Башакшеҳир” 17 йил деганда Туркиянинг олий дивизионига чиқишга муяссар бўлди. Ўтган мавсумдан бошлаб эса турнир жадвалининг юқорисидан тушмай келяпти. Сабаби нимада? Бир неча иқтидорли “қария” футболчилар! France Football нашри уларнинг энг муҳимларига назар солди.
Эммануэль Адебайор (Того, 33 ёш)
Ўтган январ ойида олти ой “ишсиз” юрганидан кейин Истанбул клубига келиб қўшилган “Монако”нинг собиқ вакили ўзининг тўпурарлик қобилиятини дарров тиклаб олди. Ўтган мавсумнинг иккинчи даврасида 11 учрашувда 6 гол урган ҳужумчи жамоасига ўзининг кичик тарихига қарамай шарафли 2-ўринни эгаллашига катта ёрдам берди. Бу мавсумда эса тоголик ҳужумчи 14 учрашувда 8 гол уришга муваффақ бўлди. Тоголик тўпурар асосий рақиб “Галатасарой”га (5-1) хет-трик уришга ҳам эришди. 33 ёшида бўлишига қарамай Ломелик футболчи ишонч билан ўйнашда давом этмоқда.
Гаэль Клиши (Франция, 32 ёш)
“Манчестер Сити” билан шартномаси якунига етгач, франциялик қанот ҳимоячиси ушбу клуб билан уч йиллик шартнома имзолади ва ўзининг намойишида клубни “кичик “Манчестер Сити” бўлиши мумкин” деган эди. Унинг тажрибаси ва иқтидори клубнинг асосий фигурасидан бирига айланишига катта ёрдам берди. Ушбу мавсумда чемпионатнинг 15-туридан кейин собиқ “тўпчи” 14 ўйинни асосий таркибда ўтказган.
Унинг ҳужумларга қўшилиши ҳам самарали чиқмоқда. У 4 голга ассистентлик қилган ва жамоада босниялик Эдин Вискадан кейин иккинчи ўринда бормоқда.
Мевлют Эрдинг (Туркия, 30 ёш)
Эрдинг 1 Лига вакиллари “Генгам” ва “Метц”ларда ижарада юриб, клубга шу ёзда келиб қўшилди. У асосий таркиб футболчисидан кўра кўпроқ джокер ҳисобланади. У чемпионатнинг 10 ўйинининг атиги иккитасида асосий таркибда ҳаракат қилган. Сен-Клодда туғилган футболчи ўз тажрибасини турк клуби билан улашмоқда. Гарчи унинг ўйин амалиёти кам бўлсада, икки гол уришга эришган.
Эмре Белозоглу (Туркия, 37 ёш)
Ўтган сентябрда 37 ёшини нишонлаган футболчи ҳали бери бутсисини михга илмоқчи эмас. Клубга 2015-йилда келиб қўшилган “Интер”, “Ньюкасл” ва “Атлетико”ларнинг собиқ вакили клуб сардори ҳисобланади. Ҳақиқий хўжайин. Унинг Чемпионатдаги статистикаси? 2015-16-йилги мавсумда 26 ўйин (3 гол, 3 голли узатма), бу мавсумда 10 ўйин (3 гол, 3 голли узатма). 28-сентябрда Европа Лигаси доирасида “Брага”га жарима зарбасидан урган ажойиб голини ҳисоблаганимиз йўқ. Баҳо бериш сиздан.
Шунингдек, қуйидаги футболчилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда:
Александру Эпуреану (Руминия, 31 ёш, ҳимоячи 15 ўйин, 2 гол)
Марсио Моссоро (Бразилия, 34 ёш, ярим ҳимоячи, 11 ўйин, 1 гол)
Гокхан Инлер (Швейцария, 33 ёш, ярим ҳимоячи, 9 ўйин)
Эльеро Элиа (Голландия, 30 ёш, ҳужумчи, 12 ўйин, 1 гол)
Сардор Абдуғаниев тайёрлади

Адебайор, Башакшеҳир, Туркия

15.12.2017, 13:06 1307 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш