ЎзПФЛ раҳбари Самвел Бабаян ҳақида фикр билдирди

Биздаги энг катта камчиликлардан бири бу шахсга қарши курашишдир.
 
Биз ўзимизга ё даҳо ясаб оламиз ёки душман, гўёки шуларсиз яшаб бўлмайдигандек. Аслида эса муаммоларга қарши тизимли кураш олиб боришимиз тўғри бўлади. Яъни, шахсларни четлаштириш ёки уларга имкон бериш билан иш битмайди, биз шундай механизм ишлаб чиқишимиз керакки, бунда биргина шахс кўнгли тусаган ишини қила олмасин, агар бу иш қолганлар манфаатларига зид келаётган бўлса.
Айтайлик, Бабаян Пахтакор учун жуда катта иш қилган. Яъни, бир клубни кўтариш учун қўлидан келганича меҳнат қилган. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Ва албатта шу клуб манфаатлари учун бошқа клубларга ҳалал берган бўлиши ёки миллий терма жамоа тепасида барчага бирдек тупуриб, кўнгли тусаган ишни қилган бўлиши мумкин. Бироқ буларнинг ҳаммасига фақатгина у сабабчи эмас, унга шундай имконият яратиб берганлар ҳам бунда тенг жавобгардир. Айтмоқчиманки, бир дона Бабаян бирор клуб манфаати йўлида қолганларни истаганча ўйнатиши мумкин. Аммо 10 та клубда 10 та Бабаян бўлса, бу ривожланишга олиб келиши катта эҳтимол. Яъни, уларнинг ҳаммасида бир-бирини тийиб туриш функцияси автоматик равишда ишга тушади. Регламент ҳам, қонун ҳам ҳаммага бирдек бўлади.
1992 йилдан буён ўтган чемпионатга бир разм солиб кўринг. Ўз вақтида Саркисян қандай ишлагани, Бабаян нималар қилгани, бугунги Абрамов фаолияти, Бунёдкорнинг гуллаган даврлари ва ҳоказо. Яъни, уларнинг ҳар бирида ўз порлаш даври бўлган ва баъзида улар ваколатларидан кўпроқ нарса исташган. Мана шундай вақтда ҳақиқий ўрта позицияни белгилаб берадиган, у ёки бунинг эмас, умумий футбол манфаатларига хизмат қиладиган механизм керак бўлади.
Биласизки, ички чемпионатга тамал тошини қўйган кишиларимиз чемпионликни бирданига икки клубга берган даврлар бўлган. Кимдир Саркисяннинг, кимдир Пахтакорнинг юзидан ўта олмаган ва ҳоказо. Шундай даврлар бўлганки, Баҳрайнга ёзилган хат бўйича ҳамма жим бўлган ва фақат орадан 15 йил ўтиб қора ботир чиқиб, хатни ким ёзганини эълон қилган. Яъни, ўша вақтда писиб юрган ўша ботир, бугун ҳаммадан адолатни талаб қиляпти. Бунёдкор куч вақтида унга қарши чиқиш қийин бўлди, кейинроқ Локомотив даври келди, бугун Пахтакор кучли ва ҳоказо. Аслида эса биз қўрқмасдан айтишимиз керак — Нефтчи олиб қолиниб, Машъал қувилгани ҳам, Сурхон Суперлигага олиб чиқилгани ҳам, Арални шунчаки Суперлигага қайтариш-у, Олимпия жамоасига асос солиш каби ишлар ҳам тўғри эмас деб. Қандай даврда бўлишидан қатъий назар. Қандай ҳолатда бўлмасин, фақатгина тўғри сўзни айта оладиган кишилар қолганларга қараганда самимийроқ бўлаверади.
Хулосада айтишни истардимки, Бабаян чиндан ҳам Навбаҳорда ишламоқчи бўлса, бундан фақат негатив излаш у қадар тўғри эмас, тарози ас қотади. Мисол учун, унинг имкониятларини ҳаммадан кўп Одил Аҳмедовнинг ўзи яхши билади. Вилоят ҳокими ҳам маҳаллий ёшларга эътибор қилмоқчи эканини айтди. Айтайлик, биз кўп нарса кутганимиз жамоа на чемпионатда қойил қилди ва кубокда мухлислар кутган манзилгача борди. Четдан келганлардан на Болов, на Соловьев 3 тадан кўп гол урди, тўғрими? 8 талаб гол ураётган Турғунбоев, масъулиятни олаётган Аҳмедовлар эса аксини кўрсатадики, ўша легионер мураббий-у футболчиларга сарф этилган пуллар тўғри ишлатилса, Наманган клуби ўз йигитлари билан ҳам камида ҳозирги натижани такрорлай олади. Агар шундай бўлса, инвестицияни ўзимизнинг йигитларга тикиш тўғрироқ эмасми? Яъни, футбол мактаби ва асосий жамоа муносабатларини йўлга қўя оладиган мутахассис зарур эмасми?
Марҳамат, Абрамов ишласин, Мўминжонов қайтсин, бу ерда Қосимов, Бердиев, Арвеладзе, Бабаян, Ашурматов, Бақоев ва ҳоказо. Яъни, уларнинг рақобатидан чемпионат ютади, улар бир-бирига бўй бермайди, бир-бирини тийиб туради. Уларнинг рақобатлашиши ЎзПФЛни ҳам сергак торттиради, ЎФА ҳаракатга келади ва ҳоказо. Регламент, қонун-қоидалар, нормалар ҳамма учун тенг ишласа, ҳаммаси яхши бўлади. Биз даҳоларсиз яшай олмайдиган одамлар қаторидан чиқиб, қонунлар тўлиқ ишлайдиган жамиятни орзу қиладиган одамларга айланиб улгуришимиз керак.

14.12.2020, 18:17 1060 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш