Сирожиддин Раҳматуллаев: «Бангладеш чемпионати ҳақида ёмон фикр билдиролмайман»

Олдин хабар берилганидек, «Машъал» ярим ҳимоячиси Сирожиддин Раҳматуллаев яқинда Бангладеш чемпионати иштирокчиси «Саиф Спортинг» клуби сафига қўшилди.
 
Мухбиримиз Сирожиддиннинг ўзи билан боғланиб, янги жамоа сафига қандай ўтгани, «Машъал»­даги ҳолат хусусидаги бир қатор саволларга жавоб олди.
- Сирожиддин, «Саиф Спортинг» варианти қандай юзага келди? Яъни қачон ва кимдан таклиф олдингиз?
- Жамоа вакиллари октябрь ойи ўрталарида алоқага чиқишди. Кейин «Машъал» директори Илҳом Қурбонов билан гаплашиб, барчасини келишиб олдик. Ўз ўрнида, клубга ҳаммаси учун раҳмат. Бангладеш жамоаси сафига 10 ойлик ижара келишуви асосида қўшилдим. 7 ноябрдан «Саиф Спортинг» ихтиёридаман.
- Хўш, «Машъал»нинг сизни қўйиб юборишида муаммо юзага келмадими?
- Йўқ, айтганимдек, Илҳом ака мени тўғри тушундилар. Чунки шартнома тузаётганимда, агар четдан таклиф олсам, йўлим очиқ бўлишини айтганди.
- «Машъал»даги айни вазият хусусида нима дея оласиз? Жамоага охирги ўйинларда нима етишмади? Балки молиявий муаммолар панд бераётгандир...
- Аслида «Машъал» жуда яхши шаклланган. Дейлик, ҳеч бир ўйинда рақибдан яққол кучсиз кўринмадик. Бироқ айрим учрашувларда омад очиқчасига юз ўгирди. Тўғри, молиявий томондан баъзи қийинчиликлар юзага келгани ҳам рост.
- Жамоа мавсумни жуда яхши бошлади, аммо иккинчи даврада омадсизликлар гирдобига тушиб қолди. Айнан нима футболчиларни қайта руҳлантириши мумкин?
- Ҳа, иккинчи даврада омад юз ўгирди. Илҳом ака ва Дилявер Ваниев жамоани руҳлантириб, йигитларга ишонишда давом этишди. Фикримча, Дилявер Ваниев жамоани қийин ҳолатдан олиб чиқиб кета олади. Ўзи ҳам вақтида футболчи бўлган, жамоани қандай тайёрлаш бўйича тажрибаси катта. Очиқ кўнгил инсон. Албатта, унга мураббийлик фаолиятида омад тилайман.
- Янги жамоангиз сизга қай даражада шароит ва қулайликлар яратиб берди?
- Клуб томонидан уй ажратилди, шароитлар яхши. Бу ерда аъло даражада кутиб олишди. Жамоа бош мураббийи - бельгиялик Поль Пот. У турли терма жамоаларда фаолият олиб борган, савияси баланд мутахассис экан.
- Бангладеш футболи даража ва савия жиҳатидан анча пастда. Лекин айтишларича, мамлакат клублари молиявий томондан барқарор ва рақобат ҳам чакки эмас...
- Бангладеш футболи ва даражаси ҳақида салбий фикр билдиролмайман. Бу ерда ҳам футбол ривожланмоқда. Вақтида Малайзия чемпионати савиясини назарга илишмасди. Лекин ўйлаб кўринг, Малайзия чемпионатида нега футболчиларимиз кам, бу мамлакатда турли юрт вакиллари тўп суришмоқда.
- Қизиқ, «Саиф Спортинг» сизни нимаси билан ўзига жалб қилди ва қайси жиҳати катта қизиқиш уйғотди?
- Асосийси, клуб ўз олдига катта мақсад қўйган - ОФК кубогида ўйнашни. Шуни инобатга олиб, таклифни қабул қилдим.
- Сир бўлмаса, яна қайси чемпионатлардан таклифлар тушганди?
- Таиланд чемпионатидан ҳам чорлов олдим. Бироқ бу паллада ҳозирги жамоа билан келишишга улгургандим.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz

02.12.2020, 15:54 304 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш