АПЛда энг кўп ўйин ўтказган французлар

АПЛда доимо легионерлар кўп бўлган. Дунёнинг исталган бурчагидаги футболчилар энг кучли лигада тўп суришни орзу қилишади. Премьер-лигада французлар кўпчиликни ташкил этган. Арсен Венгер “Арсенал”га француз футболчиларини жалб қилишни яхши кўрарди. Бугун сизлар билан АПЛда энг кўп ўйин ўтказган франсузлар ҳақида суҳбатлашамиз
Тьерри Анри (258 ўйин)
“Монреаль Импэкт”нинг ҳозирги мураббийи Анри “Арсенал” сафида 8 йил тўп сурган. Шу вақт Анрига афсонага айланиши учун етарли бўлди. 1999 йилда футболчи “Ювентус”дан 16 млн евро эвазига Лондон жамоасига ўтган эди. Шундан сўнг 2 марта Англия чемпионлиги, Англия Кубоги ва Суперкубокларини қўлга киритди. 2007 йилда эса футболчи 24 млн евро эвазига “Барселона”га ўтиб кетди. Анри “Арсенал” сафида 376 ўйин ўтказиб, 228 та гол ва 103 та голли узатмани амалга оширган.
Бакари Санья (267 ўйин)
2020 йил январь ойида айнан Анри бошқараётган “Монреаьл” жамоасини Бакари Санья тарк этди. Француз футболчиси ҳали фаолиятини якунламоқчи эмас. У энг яхши йилларини “Арсенал” сафида ўтказган. 2007 йилда ҳимоячи 9 млн евро эвазига “Осер”дан “Арсенал”га келиб қўшилган. Шундан кейин у лондонликлар сафида 7 йил давомида тўп суриб, 2014 йилда жамоани тарк этди. 284 ўйинда қатнашган футболчи кейинчалик “Ман Сити” сафига ўтиб кетди.
Уго Льорис (269 ўйин)
Уго “Тоттенхэм”нинг “қария” футболчиларидан бири. Дарвозабон 2012 йилдан буён “Шпорлар” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўшанда англияликлар футболчини 12,5 млн евро эвазига сотиб олишган эди. Уго 8 йил давомида “Шпорлар” билан бирорта соврин юта олмади. Балки, Жозе Моуриньо бу анъанага барҳам беришга ёрдамлашар. Француз футболчиси барча мусобақаларда 337 та ўйин ўтказган.
Патрис Эвра (278 ўйин)
Эвра Англияга келишидан аввал Италия ва Франциянинг бир қанча жамоаларида ўйнашга улгурди. 2006 йилда футболчи 8 млн евро эвазига “Монако”дан “МЮ”га ўтган эди. Француз футболчисининг фаолиятида “МЮ” алоҳида аҳамият касб этади. Патрис “Олд Траффорд”да 8 йил давомида тўп сурди, шу вақт давомида 5 марта Англия чемпионлиги, 4 марта Англия суперкубоги, 3 марта Англия Кубоги, ва бир марта Чемпионлар Лигасини қўлга киритди. “Манчестер”дан кетгач, футболчи “Ювентус” ва “Марсель”да тўп суришга улгурди. Кейин яна Англияга қайтди. Бу сафар “Вест Хэм” сафига. 2019 йил июл ойида эса Патрис Эвра фаолиятини якунлади.
Патрик Виейра (307 ўйин)
Виейра 1996 йилда “Арсенал” шарафини ҳимоя қиларди. “Канонирлар” футболчини “Милан”дан 5,5 млн евро эвазига харид қилганди. Патрик Лондонда 9 йил “ушланиб қолди”. “Арсенал” билан бирга 3 марта Англия чемпионлигини, 4 марта Кубокни, 3 марта Суперкубокни қўлга киритди. Патрик лондонликлар иштирок этган барча мусобақаларда 393 та ўйин ўтказди. Кейин Италияга кетган футболчи 2010 йилда яна туманли албионга қайтиб келди. Бу сафар “Ман Сити” сафига. 2011 йилда эса фаолиятини якунлади. Ҳозирда Виейра “Ницца”нинг бош мураббийи.
Вильям Галлас (321 ўйин)
Рейтингда етакчи Галлас ҳисобланади. Галлас АПЛда фақат Лондон жамоаларида тўп сурган. 2001 йилда “Челси” футболчи учун “Марсель”га 9,3 млн евро тўлаган. 2006 йилда эса Вильям “Челси”дан “Арсенал”га эркин агент сифатида ўтган. 2010 йилда “Тоттенхэм”га ҳам худди шундай ўтиб кетган. 2014 йилда француз футболчиси фаолиятини якунлаган. Ҳозирча Галлас АПЛда энг кўп ўйин ўтказган француз бўлиб турибди.

Патрис Эвра, Уго Льорис, “Монако” Тьерри Анри

30.11.2020, 16:47 587 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш