“Реал Сосьедад” Ла Лигада етакчи

Ла Лигада кутилмаган етакчи пайдо бўлди. 10 та тур ортда қолди ҳамки, на Мадрид на Каталония жамоаси етакчиликни қўлга олди. “Қаймоқранглилар” камтарона 4 ўринни банд этган бўлса, “Барса” эса унданам пастда жойлашган. Биринчи ўринни “Атлетико” эгаллаб олиши мумкин. “Матрасчилар”да чемпионлик учун яхши имконият пайдо бўлган. Ҳозирча эса мусобақа етакчиси бўлиб турган жамоа ҳақида суҳбатлашамиз.
“Сосьедад” чемпионликни мақсад қилганми?
Сан-Себастьянда бундан 40 йил олдинги воқеалар такрорланади деб кутишяпти. 1981 ва 1982 йилларда “Реал Сосьедад” иккита чемпионликни нишонлаган эди. Бу жамоа тарихида бир марта бўлган ҳодиса.
“Сосьедад” тасодифан етакчига айланиб қолмади. “Оқ-кўклар” 7 та ғалабага эришди. Барчадан кўпроқ гол урди (21) ва жуда кам гол ўтқазиб юборди (4). Ундан олдинда фақат “Атлетико” турибди – Облак ўз дарвозасидан атиги 2 та гол олиб чиқди.
Жамоа афсоналари ҳам вазиятга реал қараш тарафдори: “Ла Лигада ”Реал”нинг чемпион бўлиши қийин масалага айланди, лекин бизда умид бор” – деди Роберто Лопес Уфарте. У футболчилик пайтида “Сосьедад” билан иккала чемпионликни қўлга киритган.
Испания олтин медалларигача ҳали анча бор. Унгача эса жамоадан стабиллик талаб этилади.
Давид Сильванинг Ла Лигага қайтиши омадли бўлди
Ажойиб натижалар, камида тўртинчи ўрин кафолатлайдиган очколар қаердан келяпти? Жамоанинг асосий юлдузи эдегор Мадридга қайтиб кетди. У Кросс ва Модрич компаниясига қўшилди. “Сосьедад” эса дарҳол унга ўринбосар излаши керак эди.
Жамоа хўжайинлари кўп ўйлаб ўтирмади: Давид Сильвани жамоага олиб келишга ҳаракатни бошлади. Испаниялик футболчи ҳам Ватанига қайтишга рози бўлди.
Сильва чемоданини йиғиштириб, унга яхши молиявий таклиф берган Римга йўл олмоқчи эди. “Лацио” футболчи учун идеал вариант эди. Аммо уни оиласи Сан-Себастьянга қайтишга кўндирди. “Сити” афсоналаридан бири энди “Реал Сосьедад”да. Футболчи адашмаган кўринади.
Сильва фаолияти давомида 761 та ўйин ўтказган. У жамоага келиши билан ўзининг кўп йиллик тажрибасини бошқаларга улаша бошлади. 34 ёшли футболчи лигадаги энг ёш жамоага келиб қўшилди. Жамоа футболчиларининг ўртача ёши – 24,81. Сильва эса ёши 30 дан ошган тўрт футболчидан бири.
23 ёшли сардор: феномен Микель Ойарсабал
Жамоанинг яна бир юлдузи – ярим ҳимоячи Микель Ойарсабал. Германияга қарши ўйиндан сўнг, энди уни фақатгина Сан-Себастьянда эмас, бошқа жойларда ҳам танишади. Испанияликлар Лёв жамоасини (6:0) тор-мор этишди. Микель 73 дақиқада майдонга тушиб, гол ҳам уришга эришди. Илларамендининг ўрнига у сардорлик боғичига эга чиққан. Ҳозирда у Ла Лигада 6 та гол урган.
Ойарсабал ва Ко исталган схемада ўйин кўрсата оляпти. Жамоа 4-1-4-1 схемада ўйнайди ва баъзан 4-3-3,  4-2-3-1 схемаларига ҳам ўтиб туради. Уларнинг ҳар бири “Сосьедад”га яхши натижалар кўрсатишига ёрдам беряпти. Жамоа мураббийи 49 ёшли Иманоль Альгуасиль ҳам бегона эмас. У ёшлар жамоасини бир неча йил бошқарган ва таркибдаги кўп футболчилар билан таниш. Балки мана шу нарса жамоа яхши натижалар кўрсатаётганининг асосий сабаби бўлгандир.
Хаби Алонсо бир йилдан бери ёшлар мураббийи бўлиб ишламоқда
Иккинчи жамоани собиқ футболчи Хаби Алонсо 2019 йилдан буён бошқариб келмоқда. Хаби ёш жамоа билан тажриба тўплаётган бир вақтда, асосий жамоа Ла Лигада порламоқда. Алонсо футболчилик фаолиятида 2003 йилда “Сосьедад” билан бирга Испания вице-чемпионига айланган эди. Олтин медалга эришиш учун 2 очко етмаган эди.
Интилишлар доим ҳам муваффақиятга олиб бормайди. Балки “Сосьедад” кучли тўртликда мавсумни якунлар. Чемпионликка эришиш осон кечмайди, Ла Лигада 3 та гранд жамоа исталган пайт олдинга ўтиб кетиши мумкин. Ҳар йили Ла Лигада мавсумни ажойиб бошлайдиган жамоалар топилади. Ўтган мавсум “Гранада” стартни ажойиб бошлаган эди. Аммо “Сосьедад” стабилликни сақлаб тура олса, чемпионлик ҳақида ўйлаб кўрса ҳам бўлади.

Давид Сильва, Испания, Реал Соседад

30.11.2020, 15:48 357 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш