Европада порлаётган АҚШ футболчилари

АҚШ футболи ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Ҳар мавсумда Европа футболида ўз ўрнига эга бўлган юлдузлар МЛС чемпионатига боришмоқда. Аксинча варианти ҳам бор. МЛСда порлаган юлдузлар Европа футболига кириб келмоқда. Бугун ана шундай футболчилар ҳақида гаплашамиз.
Сержиньо Дест
Ёши: 20
Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси
Жамоаси: “Барселона”
“Барселона”нинг янги аъзоси АҚШнинг бирорта жамоасида тўп сурмаган. Чунки Дест Голландияда таваллуд топган ва ўша ерда футбол сир-асрорларини ўрганган. Сержиньонинг отаси эса америкалик. Халқаро мусобақаларда у отасининг давомчиси сифатида АҚШ терма жамоаси шарафини ҳимоя қилади. Ёш футболчи терма жамоада аллақачон 5 та ўйин ўтказишга улгурди.
Дест фаолиятини “Аякс”да бошлади. Голландия жамоаси системасида 8 йил фаолият олиб борди. “Аякс”нинг биринчи жамоасида Дест 38 ўйин ўтказиб, 2 та гол ва 6 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.  2020 йил октябрь ойида эса Дест 21 млн евро эвазига “Барселона”га ўтди. Америкалик футболчи каталонияликлар сафида 10 та ўйин ўтказишга улгурди. Испанияда футболчининг иқтидори юқори баҳоланяпти. У янада ривожланиб, жамоада “Иккинчи Алвеш” бўла олиши керак.
Кристиан Пулишич
Ёши: 22
Позицияси: чап қанот вингери
Жамоаси: “Челси”
Пулишич Европага келишидан аввал Америкада фаолият олиб борган. Ёшлар даражасида Кристиан Brackley Town, Michigan Rush va Pennsylvania Classics жамоаларида тўп сурган. 2015 йилда эса эркин агент сифатида “Боруссия Дортмунд” сафига бориб қўшилган. У ерда U-17 ёшлар жамоасида бир йил фаолият олиб борди ва “асаларилар”нинг асосий жамоасига ўтиб кетди. Немис жамоасида Пулишич 127 та ўйин ўтказди ва 19 та гол, 26 та голли узатма муаллифига айланди.
2019 йил январ ойида эса Кристиан “Челси” сафига 64 млн евро эвазига ўтди. Лондонликлар мураббийи Фрэнк Лэмпард футболчини қадрлайди. Америкалик футболчи жароҳатлар сабаб ўз иқтидорини тўла намоён эта олмаяпти. Аммо у бемалол жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айлана олади. Ярим ҳимоячи терма жамоада  аллақачон 34 та ўйин ўтказишга эришди. АҚШ сафида 14 та гол урган футболчи терма жамоанинг келажаги сифатида кўрилмоқда.
Жованни Рейна
Ёши: 18
Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи
Жамоаси: “Боруссия Дортмунд”
Рейна – Европада тўп сураётган Америка футболининг умиди. Футболчи 18 ёшда ва аллақачон “Дортмунд”нинг асосий футболчисига айланган. Бундеслига чемпионлиги учун курашадиган жамоа ЧЛда ҳам мунтазам иштирок этади. Жованни фаолиятини “Нью-Йорк Сити” жамоасида бошлаган. Жамоасининг бирорта расмий ўйинида иштирок этмасдан туриб “Боруссия” сафига бориб қўшилди. У ерда эса асосий футболчилардан бирига айланди.
Дортмундликлар Рейнани иқтидорига тан беришади. Яқинда футболчи жамоа билан шартномасини яна 5 йилга узайтирди. Дортмундликлар футболчига катта имкониятлар яратиб бермоқда. Бу эса АҚШ терма жамоаси эшикларини очади. Рейна терма жамоада 12 ноябр куни дебютини ўтказди ва ҳозир унинг ҳисобида 1 та гол ҳам бор. Бундеслига ҳам футболчи мунтазам голли вазиятларда қатнашиб келмоқда. Америкалик футболчини ўз сафига қўшиб олишни хоҳлайдиган грандлар ҳам кўп. Улар ичида “Реал” фаворит ҳисобланади. Аммо Рейна ҳали ҳеч қайерга кетмоқчи эмас. Дортмундда фаолият олиб бориб, ҳали анча ўсиши кераклигини ҳис қилиб турибди.
Уэстон Маккенни
Ёши: 22
Позицияси: марказий ярим ҳимоячи
Жамоаси: “Ювентус”
Маккенни “Даллас” жамоаси тарбияланувчиси. Уэстон академияда 7 йил фаолият олиб борди. Шунча йил ичида футболчи асосий жамоада бирор маротаба майдонга тушмади. Европа скаутлари эса футболчини кузатиб боришарди. 2016 йил июль ойида Маккенни “Шальке”га эркин агент сифатида ўтди. Бир мавсум иккинчи жамоада тўп сурган футболчи асосий жамоага ўтказилди. Америкалик футболчи немис жамоасида 91 та ўйин ўтказиб, 5 та гол ва 7 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
2020/21 йилги мавсум олдидан футболчини “Ювентус” ижарага олди. Футболчига омад кулиб боқди. У “Шальке”да инқироз бошланишидан аввалроқ кетди. Катта эҳтимол билан Германияда ривожланиши қийин кечарди. Италияда эса у мунтазам ўйин амалиётига эга бўлади. Пирло ҳам футболчининг иқтидорини қадрлайди. АҚШ терма жамоасида ҳам 19 та ўйин ўтказган Маккенни 6 та гол ҳам уришга эришган.
Юнус Муса
Ёши: 17
Позицияси: ўнг қанот вингери
Жамоаси: “Валенсия”
Муса рўйхатимиздаги энг ёш футболчи. Футболчи ҳали 18 га ҳам кирмаган, шундай бўлишига қарамасдан у “Валенсия”да тўп суради. Юнуснинг биографияси жуда бой. У Нью-Йоркда таваллуд топган, аммо кейинчалик Италияга йўл олган ва ўша ерда футбол оламига кириб келган. 2012 йилда “Арсенал” академиясига бориб қўшилади. Асосий жамоада бирорта ўйин ўтказмасдан туриб 2020 йил 1 август санасида “Валенсия” сафига бориб қўшилади.
2020 йил Юнуснинг фаолиятидаги энг яхши йил бўлиб турибди. Биринчидан, у катталар жамоасида тўп суришни бошлади. Иккинчидан, у профессионал чемпионатда ўзининг илк голини киритди. Учинчидан, АҚШ терма жамоасида ўз дебютини нишонлади. 17 ёш бўлишига қарамасдан Муса “Барселона”, “Атлетико”, “Реал” жамоаларига қарши тўп суряпти. Агарда у ривожланишда давом этса, яқин йилларда футболчини бирорта гранд жамоада кўришимиз ҳам мумкин.

AQSH, Serjino

25.11.2020, 11:35 540 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш