Овга чиқиш вақти келди. “Ливерпул”ни кучайтириши мумкин бўлган 5 ҳимоячи

“Ливерпуль” ҳалиям дунёдаги етакчи жамоалардан бири бўлиб турибди, лекин Ван Дейкнинг йўқлиги уларга панд бериб қўймоқда.
Энди Юрген Клопп нима қилади? Трансфер ойнасида бирорта футболчини харид қиладими? Келинг, “Ливер”га мос тушадиган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.
Озан Кабак
Биринчи вариант – 20 ёшли Озан Кабак. У ҳозирда “Шальке-04” ҳимоячиси. Иккинчи қаватда рақибларидан устунлиги эвазига Кабак “Турк девори” лақабини орттириб олган.
Озаннинг ўйин услуби бемалол Клоппга мос келади. Футболчи бош билан ҳам ўйнай олади, стандарт вазиятларда ҳам фойдали. Ван Дейкдан қолишмаган ҳолда тўп олиб қўйишларда ҳам ишончли ҳаракат қилади.
Кабак агрессив ҳаракат қилади ва тўп учун курашдан қўрқмайди. 21 ёшли футболчи келажакда жудаям кучли ҳимоячилардан бирига айланади.
Маълумотларга қараганда, футболчига “Манчестер Юнайтед” ва “Ювентус” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Клопп агар ҳаракат қилмаса, футболчидан қуруқ қолиши мумкин.
Дайо Упамекано
Дайо – ҳозирги “Лейпциг”нинг энг кучли ҳимоячиси. Балки, бутун Европанинг энг кучли ҳимоячиларидан биридир.
Упамекано ҳимоя билан биргаликда, ҳужумга ҳам ёрдам беради. Ҳаводаги курашда рақибларидан устунлик қилади. 21 ёшли футболчи Юрген Клоппнинг вариантлари ичига аллақачон киргандир.
Дайо Матипнинг ўрнини эгаллаши мумкин. Матип кучли футболчи бўлишига қарамасдан, 29 ёшга кирди ва ундан ташқари жароҳатга мойил бўлиб қолди. Демак, унга ўринбосар излаш вақти келди.
Бен Уайт
Уайтни ўз сафига қўшиб олиш учун “Ливерпуль” анчадан буён қизиқиш билдирмоқда. Аммо ёзги трансфер ойнасида бу харид амалга ошмади.
Бу унинг нархи билан боғлиқ. 35 млнга баҳоланаётган футболчини сотиб олиш учун “Ливерпул”да пул йўқ.
Уайтнинг устун тарафи – тўпни эгаллаб туришда. Бьелсанинг жамоасида у агрессив прессингда иштирок этарди ва рақиб ҳужумчисидан тўпни олиб қўярди.  Грэм Поттернинг “Брайтон”ида эса бу услуб озгина ўзгарган. Футболчи “Ливерпул”га бемалол мослашиб кета олади.
Конор Коуди
Мухлислар истайдиган вариантлардан бири. Конор Коуди болалигидан “Ливерпул”га мухлислик қилади ва жамоада битта ўйинда майдонга ҳам тушган эди. Бир пайтлар ярим ҳимоячи позициясида ўйнаган футболчи энди ҳимоячи позициясига кўчган.
Коуди – “Вулверхэмптон” ҳимоясининг қироли. У ҳаттоки, Англия термасига ҳам чақирилган.
“Ливерпул” футболчини қайтариб олишга қийналмаслиги мумкин. Чунки бир пайтлар Коуди жамоада фаолият олиб борган. Лекин “Вулвес”да порлаётган футболчи “қизиллар” сафида йўқолиб қолиш хавфи ҳам бор. Буни эса вақт кўрсатади.
Оптимал вариант – Глейсон Бремер
“Торино” футболчиси Глейсон Бремер “Ливерпуль” учун оптимал вариант ҳисобланади. У ҳамма пунктлар бўйича жамоага мос тушади. 26 ёшли футболчи тўпни назорат қила олади, ҳужумга ҳам ёрдам бера олади.
Тўғри, у ҳозир “Ливерпуль” даражасидаги футболчи эмасдир, аммо кейинчалик жамоага мослашиб кета олади. У қиммат ҳам эмас. Клопп эса шундай футболчиларни яхши кўради.

«Ливерпуль» Юрген Клопп, Дайо Упомекано

08.11.2020, 21:35 302 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш