Кьеза “Ювентус”да, Ларссон “Спартак”да. Машҳур оталарнинг машҳур фарзандлари

Машҳур футболчиларнинг фарзандлари ўз оталаридек бўлишга ҳаракат қилишади. Бундай футболчилар жудаям кўп. Бугун сизларга шулар ичидан, отасининг изидан муносиб бораётган фарзандлар ҳақида гаплашамиз.
Федерико Кьеза (“Ювентус”, 22 ёш) – Энрико Кьезанинг фарзанди
Энрико Кьеза “Сампдория” ва “Парма” билан еврокубокни қўлга киритган, “Фиорентина”да ёрқин ўйин намойиш этган. Фарзанди ҳам “Фиорентина”да фаолиятини бошлади ва трансфер ойнасининг сўнгги кунида “Ювентус”га ўтди. 22 ёш бўлишига қарамасдан Федерико “Скуадру Адзурру”да 19 та ўйин ўтказди. Отасидан атиги 3 та ўйин кам. У оиласидаги энг кучли футболчи бўлиши учун ҳамма имкониятлари бор.
Жастин Клюйверт (“РБ Лейпсиг”, 21 ёш) – Патрик Клюйвертнинг фарзанди
Патрик Клюйверт фаолияти давомида “Аякс”, “Милан”, “Барселона” каби жамоаларда тўп сурган, 200 дан ортиқ голлар урган, терма жамоада 40 та ўйинда майдонга тушган. Унинг ҳисобида Эредивизие, Ла Лига ва Чемпионлар Лигасидаги совринлар бор. Патрикнинг учта ўғли ҳам унинг изидан боришмоқда ва улардан бири аллақачон порлашга улгурди: Жастин “Аякс”да фаолиятини бошлади ва икки йил олдин “Рома”га ўтди. Ушбу мавсумдан бошлаб, “РБ Лейпциг” шарафини ҳимоя қиляпти. Кичкина Клюйверт яқин келажакда энг кучли футболчилардан бирига айланиши мумкин.
Маркус Тюрам (“Боруссия Менхенгладбах”, 23 ёш) – Лилиан Тюрамнинг фарзанди
Лилиан Тюрам Энрико Кьеза билан биргаликда “Парма”да тўп сурган. Футбол майдонларида Патрик Клюйверт билан учрашган, энди эса уларнинг фарзандлар майдонда бир-бирига тўқнаш келиши мумкин. Тюрамнинг иккита фарзанди профессионал футбол билан шуғулланяпти: 19 ёшли Кефрен “Ницца”да ўзини кўрсатаётган бўлса, Маркус эса Германияда ажойиб мавсумни ўтказди. 11 та гол ва 9 та ассистентликни ўз номига ёздириб қўйган Маркус тез орада Чемпионлар Лигасида ҳам тўп суради.
Эрлинг Холанд (“Боруссия Дортмунд”, 20 ёш) – Альф-Инге Холанднинг фарзанди
Альф-Инге Англияда фаолият олиб борган. “Ноттингем”, “Лидс” ва “Манчестер Сити” жамоаларида ўйнаган футболчи Рой Кин билан тўқнашувдан сўнг, фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлди. Альф-Инге шунинг учун “МЮ”ни ёмон кўради ва фарзандининг “Олд Траффорд”га боришига қаршилик қилган эди. 20 ёшли эрлингда аллақачон 70+ голлар мавжуд. Агар шундай давом этса келажакда дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан бирига айланади.
Каспер Шмейхель (“Лестер”, 33 ёш) – Петер Шмейхелнинг фарзанди
Каспер фаолиятининг энг қизғин палласида. У “Лестер” билан бирга сенсатсион чемпионликни қўлга киритди. Аммо отасининг “МЮ” билан бирга эришган совринларини такрорлай олмайди. Шундай бўлса-да катта Шмейхель фарзандидан фахрланади.
Тьяго Алькантара (“Ливерпуль”, 29 ёш) – Мазиньонинг фарзанди
Мазиньо ва унинг фарзанди Тьягони солиштириш баҳс-мунозаларга сабаб бўлиши мумкин. Мазиньо Бразилия терма жамоасида 35 та ўйин ўтказиб, Жаҳон Чемпионлигини қўлга киритган. Фарзанди эса Испания терма жамоасида тўп суради. Клуб миқёсида эса Тьяго отасидан кўра яхшироқ натижаларга эришган. Мазиньо совринларни Бразилияда қўлга киритган, Европада эса “Лечче”, “Фиорентина”, “Валенсия”, “Сельта” ва “Ельче” каби жамоаларда тўп сурган. Алькантара эса “Барселона” ва “Бавария”да совринларни жамғариб борди. Энди эса “Ливерпуль” билан бирга юқори натижаларни кўзлаяпти.
Жованни Рейна (“Боруссия Дортмунд”, 17 ёш ) – Клауио Рейнанинг фарзанди
Жио 17 ёшда ва “Боруссия” сафида 23 та ўйин ўтказиб, 9 та голли вазиятда қатнашишга ҳам улгурди. Унинг фаолиятидаги энг яхши ўйин ҳозирча “Фрайбург”га қарши баҳс бўлиб турибди. Рейна ўша ўйинда хет-трик қайд этганди.
Жованни Симеоне (“Кальяри”, 25 ёш) – Диего Симеоненинг фарзанди
Эль Чолито энди ёш бола эмас, Диего Симеоненинг фарзанди Италиядаги бешинчи мавсумини ўтказяпти. Унинг ҳисобида 150 та ўйин ва 45 та гол мавжуд. Ҳозирча у топ-ҳужумчилар қаторига киргани йўқ. Лекин отасидек меҳнатсевар бўлса, яқин орада яхши натижаларни кўрсатиши мумкин.
Жордан Ларссон (“Спартак”, 23 ёш) – Хенрик Ларссоннинг фарзанди
Жордан ўзини отаси билан солиштиришларини хоҳламайди, лекин Хенрик Ларссоннинг ўғли бўлгач, солиштирмай илож йўқ. Хенрик фаолиятидаги энг яхши дамларини 23 ёшида бошлаган. Жордан ҳозир шу ёшда. Ҳозирги кунда Жордан “Спартак”нинг етакчиларидан бирига айланган. 40 та ўйинда 20 та голли вазиятларда қатнашган Жордан отасининг шонини такрорлаши мумкин.
Янис Хаджи (“Глазго Рейнжерс”, 21 ёш) – Георг Хаджининг фарзанди
“Генк” сафидан ижара асосида “Рейнжерс” таркибига ўтган Янис, кейинчалик тўлақонли шотландияликлар футболчисига айланди. Ҳозирда у Стивен Жеррарднинг севимли футболчиларидан бири. Яқин келажакда у Европанинг кўзга кўринган жамоаларидан бирида тўп суриши мумкин.

«Фиорентина» Джованни Симеоне, Холанд

12.10.2020, 13:00 745 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш