Питер Хюистра: «Ўз минтақамизда энг кучли тўрт жамоа орасига кирдик»

"Пахтакор" - "Истиқлол" ўйинидан кейин матбуот анжуманида тошкентликлар ёрдамчи мураббийи Питер Хюистра саволларга жавоб қайтарди.


"Бугунги ғалабадан жуда ҳам хурсандмиз. Биз буни хоҳлагандик ва бунга эришдик. Биринчи бўлиб гол қўйиб юбордик, бу бизни бироз қийнаб қўйди. Кейинчалик тўп киритиб вазиятни ўнглашни уддаладик ва камбэкка эришдик. Энди кейинги учрашувга тайёрланишимиз керак. Ўз минтақамизнинг энг кучли 4 жамоаси сафига кирдик ва чорак финалга чиқдик. Буни "Пахтакор" учун ҳам, ўзбек футболи учун ҳам катта муваффақият деб ўйлайман.

Бугун "Истиқлол" айнан бизга қарши бошқа ўйинлардан кўра тажовузкорроқ ўйнади. Бу майдонда кўринди, шу билан бирга улар жуда яхши ўйнашганини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Учрашувга киришиб кетишимизга 10-15 дақиқа керак бўлди, чунки "Истиқлол" тажовузкор ўйини билан бизга қаршилик қилишга, қийинчилик туғдиришга уринди. Уларнинг охиригача курашишганини эътироф этиб ўтмоқчиман. Бизда ҳам хатолар бўлди, айрим вазиятларда ҳисобни катталаштириш учун имкониятларимиз бўлди, аммо бизга чиройли якун етишмади. Олдиндаги 4 кундан фойдаланиб кейинги беллашувга яхшироқ тайёрланишга ҳаракат қиламиз. Ўйлашимча, биз бугунгидан ҳам яхшироқ ўйнай оламиз. Бунга мажбурмиз, чунки охирги 4 жамоа орасида қолдик ва қолган учрашувлар янада қийинроқ бўлади. Айнан шу сабаб ҳам ўйинимизни янада яхшилашимиз зарур. Ўз олдимизга қўйган мақсад сари аста-секин боряпмиз, Қатарда кўпроқ ўйин ўтказишни хоҳлаймиз.

Ўйин давомида Суюновдан кўра мураббийлар кўпроқ асабийроқ бўлишди деб ўйлайман. Тўғри, жарима зарбасида Элдор ўзини яхши кўрсата олмагандир. Лекин, ундан олдин 7-рақамдаги ўйинчи (Диабате) у билан бирга-бир чиққанида катта сейвни амалга оширди ва жамоамизни қутқариб қолди. Бундан ташқари, бир неча бор тўп жарима майдончамизга ҳаводан ошириб берилганида ишончли ўйнади ва рақиб ҳужумларини йўққа чиқарди. Энг муҳими бизнинг кейинги босқичга ўтганимиз.

Футболчилар жисмоний тарафлама жуда яхши ҳолатда. Олдимиздаги 4 кундан фойдаланиб тезроқ тикланиш ва кейинги ўйинга янада яхшироқ ҳолатда бўлишлари учун тайёргарлик кўрамиз. Бу тарафдан албатта ишлашда давом этишимиз шарт, лекин ўйинчиларнинг ҳолатидан қўрқмаймиз, улар жисмонан яхши ҳолатда", — деди мураббий.
Манба: pakhtakor.uz

27.09.2020, 07:11 214 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш