Ўзилнинг агенти қандай қилиб футбол саноатини ўзгартирмоқчи?

1-қисм
Инглиз нашрига ўзининг биринчи тўлиқ интервьюсини берган Месут Ўзилнинг агенти доктор Эркут Согут қандай қилиб футбол агентлиги саноатини ўзгартирмоқчи бўлаётгани, буни таълим орқали амалга оширишга катта эътибор берилиши, умуман спорт оламига қандай кириб қолиши тарихи ва болалиги ҳақида ҳам гапириб берди.
Доктор Эркут Согут “Арсенал” ва Германия термаси вакили Месут Ўзилнинг воситачиси ва хуқуқчиси ҳисобланади. Ганноверда турк оиласида таваллуд топган Согут камтаргина оиладан чиққан. Унинг ўсмирлик пайтида қилган иши бу заводни тозалаш ва H&M кийимлар дўконида ишлаш бўлган. У Германия терма жамоаси устози Ёахим Лёвнинг агенти Харун Арслан туфайли спорт оламига кириб келган.
“Харун Арслан билан ишлашдан олдин бизнес хуқуқи ва спорт хуқуқи билан шуғулланганман. Бу менинг бизнесдаги илк қадамим бўлган. У (Арслан) ҳам Ганновердан ва ўша вақтларда кўпчилик футболчиларга вакиллик қиларди.”
“Мен жиноят оламидаги хуқуқчи ёки оилавий хуқуқчи бўлишни истамаганман. Мен спортни яхши кўрганман ва ўша вақтларда футбол ҳам ўйнаганман. Мен футболда анча иқтидорли эдим, аммо оилам ҳеч қачон спортга изн бермаган, фақат таълимга етаклаган. Отам мени бирорта ўйинимни ҳам кўрмаган. Ҳатто одамлар футболдаги истеъдодимни айтишганида, отам уларга “ўғлим ўқийди ва шифокор ёки хуқуқчи бўлади” дер эди.”
“Мен қаердан келганимни биламан. Мен доим қандай болаликни кечирганимни эсдан чиқармайман. Мен ўз мижозларимга хайр-эхсон қилиб туришлари кераклигини айтаман. Сен миллионларни топаётганингда ҳаммадан кўра кўпроқ, ўз амалингни яхши кўрасан. Бермасдан туриб, кўп нарсага эришиб бўлмайди. Агарда бошқалар билан бўлишмасанг, ривожланмайсан.”
Немисча, туркча, инглизча ва испанча гапира оладиган Согутни илк бор Арслан қабул қилмайди. Кейинги олти ойни кутубхонада ўрганиш ва ҳамюртига мўлжалланган ахборот бюллетени ёзиш билан вақтини ўтказган Согутга спорт саноатидаги дастлабки эшиклар очилди.
“Олти ойдан кейин котиба менга қўнғироқ қилди ва Харун мени кўришни истаётганини айтди” дея эслайди Согут. “Мен Ганноверга қайтдим. У футбол федерацияларидан бири билан музокаралар олиб бораётган эди. Хатлар аралаш-қуралаш эди. Мен унга қўлимдан келганича ёрдам беришимни айтдим. Менда бундай тажриба умуман йўқ эди, аммо мен унга бунинг учун боримни беришимни айтдим. Бу иш юзасидан кечасию кундузи ишладим, ишлар у истагандек кетди ва бу ишни ютиб чиқди.”
“Бу менга бизнес оламига кириш бўлди. У менинг мураббийим. Йўлларимиз айрилган бўлсада, биз бир неча йиллардан кейин яна учрашдик. Мен спорт бизнеси нима эканлигини ҳис қила бошладим.”
Германияда туғилган турклар немис жамиятидаги энг катта этник озчиликни ташкил этади. Согут улғайган вақтда Германияда уларга зарар бериш ва уларни ёқтирмаслик кайфияти ҳукмрон эди.
“Мен Германияда туғилдим ва ўсдим. Мен у ерни ўз уйим деб ҳис қиламан, аммо ҳеч қачон миллат ёки характер бўйича ўзимни немис деб ҳис қилмаганман. Чунки мен ўзимни уларнинг бир қисми деб ҳис қилмадим. Барчаси 18 ёшдан бошланади. Тунги клубларга киритилмайсан, чунки сен турксан! Мен мактабдаги дўстларим – Стефан ва Томас билан борардим. Мени киргизишмасди. Мен ҳеч қачон тунги клуб ёки барларга кира олмасдим, сабаби мен туркман ва шунинг учун “муаммо туғдиришим мумкин” бўлганлигида.”
“Мен хуқуқни ўқиб юрган вақтларимда, судяларни танлаб оладиган комиссия аъзоси менга очиқчасига “Сен бу мамлакатда судялик қилмоқчи бўлсанг, исм-шарифингни ўзгартир” деган эди. У менга бир немисдан икки баравар кучли бўлмасам, бундай мақомга эриша олмаслигимни ҳам айтган эди.”
“Ўқишимга туртки берадиган мақсад оиламга қайтиш ва уларни боқишдир. Бу мен учун жуда ўзгача бир нарса. Мен бу ерда 4 йилдан бери яшаяпман. Ўзимни немисдан кўра кўпроқ британиялик ҳис қилаяпман, аммо аслида бунақа бўлмаслиги керак эди.”
Менинг руҳиятим кўпроқ немисча, аммо илдизим турк, демак мен икки маданиятнинг ўртасидаман. Мен доим иккала маданиятнинг энг яхши хусусиятларини олишга ҳаракат қиламан ва турли маданиятларни ўрганиш ижобий ҳолат. Бу жуда ажойиб. Сен улардан бири бўлиш учун борингни берасан ва аралашиб кетасан. Бироқ, биз (турклар) интеграциялашамиз, аммо аралашиб кетмаймиз. Германияда буни польшаликлар ёки бошқалар қилишмоқда, аммо турклар бундай қилишмайди, чунки маданиятимиз ва динимиз фарқ қилади.
“Агарда сен таълим кўрмаган одамни бирор ерга олиб борсанг, унга жамиятга интеграциялашиш жуда қийин бўлади. Боиси унинг илдиз маданияти кучли бўлади. Ўтмишда, улар (турклар) немисчани билишлари шарт эмасди, сабаби улар фаррошлик қилишган ва уйларига қайтишган. Аммо ҳозирда бу вазият ўзгарган ва биз тўртинчи ёки бешинчи наслмиз.”
Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Арсенал”, Месут Ўзил, Эркут Согут

11.11.2017, 14:21 694 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш