Зиданнинг “Реал”и Моуриньонинг “Реал”и йўлидан бормоқда

Португалиялик мураббий “Реал”ни 2012-йилда Ла Лигада чемпион қилганидан кейин, клубни узоқ вақт бошқариши тахмин қилинган эди. Бироқ у чемпионликдан 12 ой ўтар-ўтмас жамоадан кетишга мажбур бўлганди. Ҳозирги кунда Зиданнинг “Реал”ида ҳам худди шу сценарий такрорланмоқда. Goal таҳлилчиси Бэн Хейвард шу икки мураббий қўл остидаги “Реал”ни параллел равишда таққослаб кўрди.
“Реал Мадрид” ҳозиргидек олдин ҳам бўлган. “Лос Бланкос” 2012-13-йилги мавсумни ҳам омадсиз бошлаган эди, Жозе Моуриньо шогирдлари Ла Лигадаги курашдан эрта чиқиб кетганди, оқибатда португалиялик мутахассис жамоани тарк этганди. Бу сафар энди Зинедин Зидан босим остида қолган.
Моуриньо Ла Лигани ютиб, клуб билан узоқ йиллик шартномага имзо қўйган эди. Бу бир ўзгача нарсанинг бошланиши, дея қаралган эди. Сабаби “Реал Мадрид” ахийри “Барселона”нинг ҳукмронлигига нуқта қўйиб, ўзиникини қургандек эди. Аксинча, тартибсизлик бошланиб кетди.
“Реал” 2012-13-йилги масумни Испания Суперкубогида “Барселона”ни енгиш билан бошлаганди. Бу ҳукмронликнинг дебочаси эди гўё. Аммо Ла Лиганинг 10-туридан кейиноқ “кўк-анорранглилар” пешқадам бўлиб олишди. Мадридликлар чемпионлик пойгасида уларга етиб олишолмади ва бошланган кураш Қирол Кубоги финалида “Атлетико”дан учралган мағлубият билан якун топди. Камига, Чемпионлар Лигаси ярим финалида “Боруссия Дортмунд”дан енгилди.
“Мен кетгач Мадрид йўқ бўлиб кетишга тайёр эди”, деди “ўзгача” шу ҳафтада. Қўшимча қилиб, “ўшандан бошлаб улар ютишни бошлади, айниқса “Барселона”ни” деб айтди.
У қисман ҳақ эди. Португалиялик мураббий “Сантьяго Бернабеу”далигида планкани юқори кўтарди, жамоа олдинги мавсумдагиларга қараганда анча рақобатбардош бўла бошлади. У клуб билан Чемпионлар Лигасини умуман ютмаган бўлсада, унинг бошлаган иши “Реал”ни олға юришига ва у кетгач уни ютиб олишига катта ёрдам берди.
Шунга қарамай, у кийиниш хонасини бўлиб ташлаган ҳолда кетди ва у, Мадрид портлашга тайёр эди, деган гапида жон бор. Улар истаганидек ишлар силжимади ва бунга натижалар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Пепе, Роналду ва бошқалар ўртасидаги муносабатлар бузилди ва мураббий клубдан кетиш вақти келганини тушуниб етди.
Вазият ҳозир умуман фарқли. Зидан клуб афсонаси сифатида керагидан кўпроқ қолиши кафолатланган ва у шунга арзийди ҳам. Чунки, Моуриньо уч мавсум ичида бор-йўғи уч соврин ютди. Франциялик мутахассис эса икки йил тўлмасидан еттита совринга эга чиқди. Қаторасига икки марта Чемпионлар Лигаси шоҳсупасига кўтарилди.
Зидан 2012-13-йилда Моуриньо уддалагани каби, бу мавсумни Испания Суперкубогида “Барселона”ни мағлуб этиш билан бошлади. Боз устига, Моуриньонинг шахсан ўзини ҳам. (УЕФА Суперкубоги) Аммо Ла Лига ва қисман Чемпионлар Лигаси стартини омадсиз ўтказмоқда.
Мос равишда, статистикалар ҳам ўхшаш. Примеранинг 10-туридан кейин, Моуриньонинг “Реал”и 6 ғалаба, 2 дуранг ва 2 мағлубиятга учраган эди. 2017-18-йилда Зиданда ҳам худди шундай. Чемпионлар Лигасида, Моуриньо жамоасида 4-турдан кейин 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият бор эди. Ҳозир ҳам Зиданнинг “Реал”ида шундай статистика.
Факт шуки, “Уэмбли”даги 3-1 ҳисобидаги мағлубият, “Реал” учун Европанинг энг нуфузли мусобақасининг гуруҳ босқичида 2012-13-йилда “Боруссия Дортмунд”дан 2-1 ҳисобида учралган мағлубиятдан бери дастлабкиси бўлади.
Аввал “Жирона”дан 2-1 ҳисобидаги мағлубият ва кетидан Лондонда таслим бўлган Зидан “ташвишланмаяпман” деди. “Бу мавсум нима юз беришидан қатъий назар, умуман ташвишланмайман. Кечқурун, барчасини таҳлил қиламиз, аммо охири биздан кучлироқ жамоага дуч келдик. Биз буни қабул қилишимиз керак” деди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида.
“Нима дейишим мумкин? 2 мағлубиятдан албатта ҳурсанд эмасмиз. Ҳозирда барча ўзини ёмон ҳис қилмоқда, қийин пайт. Аммо бирор нарса қилишга муҳтожмиз, бошимизни кўтариб олға ҳаракат қилишимиз лозим. Ҳали олдинда кўп ўйинлар бор ва биз бунга эътибор қаратишимиз зарур.”
УЕФА Суперкубоги ва Испания Суперкубогида “Барселона” устидан 5-1 ҳисобидаги ғалабалар билан бошланган мавсум стартидан кейин Зидан шогирдлари учун бу кутилмаган сценарий бўлди. Ўшандан бери, “қаймоқранглилар” иккала фронтда қийинчиликка дуч келмоқда ва Зидан шогирдлари 10 гол билан 2012-13-йилдаги Моуриньо шогирдларидан ҳам ёмонроқ натижага эга.
Франциялик мутахассис португалик ҳамкасбига қараганда, кўпроқ бонусларга эга, боиси, айнан у 20 ой ичида ютган совринлари туфайли. Кийиниш хонаси ҳам “Манчестер Юнайтед” устози давридагига қараганда анча жипс. Шунга қарамай, иккаласи орасида паралеллик бор ва натижалар ҳам деярли ўхшаш.
Бироқ хулоса чиқариш учун ҳали эрта, мадридликлар Ла Лигада 8 очколик фарқни йўққа чиқара олишлари мумкин ва “Барса”нинг мавсум стартидаги ўйини давомий бўлмаслиги мумкин. Чемпионлар Лигасида эса инглиз клубларининг қайта уйғониши туфайли уни ютиб олиш сўнгги йиллардагига қараганда анча қийин кечиши мумкин.
Агарда “Реал” эҳтиёткорроқ бўлмаса, Зиданнинг “Реал”и 2012-13-йилдаги Моуриньонинг “Реал”и йўлидан бориши хатари бор.
Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Реал Мадрид”, Жозе Моуриньо, Зинедин Зидан, инқироз

05.11.2017, 11:20 6663 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш