Нима учун Италия клублари 21 йил давомида УЕФА кубоги/Европа Лигаси финалига яқин қолганда мағлубиятга учраяпти?

A Серия қарғишга учраганми?
А Серия – улкан тарихга эга бўлган лига, лекин жамоалари Европанинг омадсиз клублари сафига кириб қолган. 21 йил давомида италияликлар Европанинг мавқейи бўйича иккинчи даражали кубоги финалига чиқа олишмаётган эди. Фақатгина шу ой “Интер” бу қарғишни “енга олди” ва финалга чиқди.
Ёддан чиққан бўлиши мумкин, аммо узоқ 1990 йилда А Серия жамоалари Европа Чемпионлар Кубоги, Кубок эгалари Кубоги ва УЕФА Кубогини ютиб, хет-трик қайд этишган эди. Бу гегемонликнинг бошланиши эди.
1989 йилдан 1999 йилгача А Сериянинг 8 та жамоаси УЕФА Кубогида ғалаба қозонган. Фақат битта финал итальянларсиз ўтган ва тўртта финал Италия Кубоги сингари таассурот қолдирган. Охирги марта “Парма” “Марсель”ни мағлубиятга учратган эди. Ўша пайтлар жамоада Жанлуижи Буффон, Фабио Каннаваро, Лилиан Тюрам, Себастьян Верон, Эрнан Креспо ва Энрико Кьезалар бор эди. Ўша пайт А Серия жамоасининг кейинги финалга чиқиши 2020 йилга тўғри келади деса ҳеч ким ишонмаган бўлар эди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, “Лацио” “Мальорка”ни енгиб охирги Кубок эгалари Кубогини ютган эди. Кўриб турганингиздек, УЕФА еврокубокларининг реформаси Италия жамоаларига салбий таъсир кўрсатди. Авваллари ЧЛ да қатнашиш учун иккита ўрин ажратилган бўлса, энди Лигадаги тўртинчи жамоа ҳам нуфузли турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Европа Лигасига эса янада қуйи ўриндаги жамоалар қатнашадиган бўлди. 1999 йилда мусобақани ютиш учун тўққизта ўйин кифоя қилган бўлса, келаси мавсум 13 та ўйинга узайди. 2004 йилдан эса 15 та ўйин бўлди. Мухлислар кўз олдида мусобақанинг мавқейи тушиб кетаётган эди. Олти йил олдин УЕФА Европа Лигаси ғолиби келаси мавсум автоматик равишда Чемпионлар Лигасида иштирок этишини айтишди. Бу қайсидир маънода жамоаларга мотиватсия бўлди.
Италия клублари УЕФА Кубоги давридагидек ўйин намойиш этмай қўйишди. “Милан” ва “Интер” 2002 йил ярим финалгача боришди, 2003 йил эса “Лацио”. Кейинчалик 2005 да “Парма” ва 2008 йилда “Фиорентина” ярим финалдан қайтишди.
Тўқсонинчи йилларда барча йўллар Римга олиб борарди. Италия жамоалари пулга “чўмилишди” ва ҳеч ким келажак ҳақида бош қотирмай қўйди. Сармояни стадион ва инфратузилмаларга сарфлашни ўрнига рекорд трансферларга сарлашди. 2007 йилда ҳали дунёда молиявий инқироз бошланмасдан туриб, А Серияда инқироз бошланиб бўлган эди. Италиянинг етакчи жамоалари пасайишни бошлади. Parmalat банкротга учрагандан сўнг, у билан бирга “Парма” ҳам “қулади”. “Фиорентина” ҳам боши берк кўчага кириб қолганди. “Лацио” эса бир оёғи билан қабрда эди.
Иқтисодчи Марко Беллинацонинг ҳисоб-китобига кўра, янги ўн йилликда Италия жамоалари йилдан-йилга кўп пулларни йўқота бошлади. 2001 йилда улар 133 млн йўқотган бўлса, 2002 йилда 279 млн, 2003 йилда 535 млн ва 2004 йилда 452 млн евро йўқотилди. Бу вақтда эса Англия премер-лигаси 750 млн даромад кўрган эди. Коррупция билан боғлиқ машмашалар туфайли “Ювентус” қуйи дивизионга тушиб кетди. Жамоани ҳомийлар тарк этди, юлдузлар тарк этди.
Силвио Берлускони ва Массимо Моратти  бой эди. Ҳаттоки, уларнинг пуллари ҳам янги футбол оламидаги ўзгаришлар олдида камдек бўлиб қолди. Энди футболда ҳаммасини тадбиркорлар эмас, ҳатто сиёсат ҳам эмас, шаҳзодалар ва шайхлар ҳал қилаётган эди. “Манчестер Сити” Какани сотиб олмоқчи бўлган вақтда “Милан” футболда ким бошқарувни қўлга олаётганини тушуниши керак эди.
Макс Аллегри билан “Ювентус” Чемпионлар Лигасида Италия футболи нуфузини ошириш учун ҳаракат қилди. У 4 йил ичида 2 марта Чемпионлар Лигаси финалига чиқди. Лекин Европа Лигасида ишлар ҳали ҳам ёмон эди. Конте илк бор 2014 йилда “Ювентус”ни ярим финалга олиб чиққанди, лекин “Бенфика” туринликлардан устун келган эди. Ўша пайтлар жамоа А Серияда рекорд очко ҳақида ўйлаб чарчаб қолган эди.
Италия жамоаларини энди ҳамма жамоалар енга олаётган эди. “Милан” гуруҳида “Бетис”, “Олимпиакос” ва  “Ф91 Дюделанж” каби жамоалар бўла туриб, плей-оффга чиқа олмаганди. “Интер” эса иккала ўйинда ҳам “Хапоель”га ютқазганди.
Энди А Серия Чемпионлар Лигасига йўлланма берадиган тўртта ўринни ўзига қайтарди, демак пуллар ҳам лигага секин-аста қайтаяпти. Аввал плей-оффга чиқиш улкан вазифа бўлган бўлса, энди узоқроққа бориш вазифаси қўйиляпти. Иқтисодий имтиёзлар эвазига энди дунёнинг энг яхши футболчиларини сотиб олиш имконияти бор. А Серия яна жиддий лига мақомини қайтаряпти. “Интер”нинг Европа Лигаси финалига чиқиши ҳам бу борада улкан қадамлардан биридир. Миллионлаб қалбларни забт этган Италия чемпионати қайтаётганидан хурсандмиз.
Маьруфжон Очилов таржимаси

"Интер”, "Милан", А Серия, Италия

29.08.2020, 10:42 288 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш