Месси билан нима бўляпти?

Бу сафар ҳаммаси жиддий. Маълум бўлишича, Месси «Барселона»га сўров жўнатган. Клуб 700 миллионлик товон пули ҳақида айтса-да, ҳаммаси чигалроқ. Гап шундаки, Мессида ҳар йили 10 июнда шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқи бўлган. Футболчининг юристлари пандемия туфайли, мавсум чўзилганини рўкач қилиб, ўша пункт бўйича, Мессининг текинга кетишини таъминлашга ҳаракат қиладилар.
Мессининг бу сафарги жиддийлиги, Бартомеу бошқарувига қарши норозиликдан бошлаб, 2:8 да авж олди. Роналд Куман билан суҳбат эса, янада қатъийлаштирди.
Баъзи манбаларнинг айтишича, Куман Мессига «ўз манфаатларингдан клубни устун қўйиш пайти келди» деган. Бир қараганда тўғри гап, аммо бу мураббий бироз нотўғри жумлалар ишлатгани ёки ножуя пайтда айтилаётгани футболчининг жахлини чиқарган бўлиши мумкин. Шунингдек, бу учрашув хабари оммага чиқиб кетгани ҳам Мессига ёқмаган.
Ҳозир «Барселона»да навбатдан ташқари йиғилиш ва бир қатор ходимлар истеъфога чиқишни бошладилар. Мессининг олиб қолиши мумкин бўлган энг яқин йўл - Бартомеунинг истеъфо бериши бўлиб турибди. Чунки, Мессининг кетиши, шундоғам Бартомеунинг истеъфоси билан тугашини ҳамма тушуниб турибди. Яъни норозиликлар кўпайиб, петиция 17 мингдан ошадиган бўлса, сайлов келаси йилга қолмайди. Мессининг кетиши бу оқибатга олиб келиши аниқ.
Бу вазиятда барча ҳаракат футболчини сақлаб қолишга қаратилишини тахмин қилса бўлади. Бартомеу кетиши ва Мессининг қолиши - бу энг яқин эҳтимол.
Акс ҳолда, Манчестер Сити, ПСЖ ва Интер вариантлари тилга олинмоқда. Пеп билан яна ишлаш, Роналду билан рақобат, Неймар билан топишиш - ҳар бир вариантнинг ўз жозибаси бор, албатта.
Энг қизиғи, барибир, Йохан Кройфнинг бир пайтлар «Ҳеч қайси футболчи клубдан муҳимроқ бўлмаслиги керак» деган иқтибоси. Вақтинча, бу шиорни илинган жойидан олиб турамиз.

Манба: Қаҳрамон Асланов телеграм канали

Месси, Қаҳрамон Асланов

26.08.2020, 01:35 437 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш