“Реал” & “Барселона” эҳтиёт бўл, шонли “Валенсия” қайтмоқда!

“Лос Че” бир пайтлар фақат “Реал Мадрид” ва “Барселона”дан кейин келарди ва бу мавсумда ниҳоят улар яна Ла Лига учун курашда иштирок этадигандек кўринмоқда. Ла Лигада енгилмас жамоалардан бири бўлиб турган “Валенсия” ҳақида Goal нашри таҳлилчиси Бен Хейвард ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Улар ўзларини “el tercer grande” деб аташарди. “Атлетико Мадрид” 2013-14-йилда чемпионликни нишонлаганидан олдин, Испаниянинг икки гранд жамоасидан ташқари, Примерани охирги марта ютган жамоа айнан “Валенсия” эди. У 2002 ва 2004-йилда шоҳсупанинг юқорисига чиққан эди. Олдинлари улар мамлакатнинг учинчи энг йирик жамоаси эди.
Бу совринлардан ташқари, “Месталья”дагилар 2000 ва 2001-йилда кетма-кет Чемпионлар Лигаси финалига гувоҳ бўлганди. Бироқ, улар “Реал Мадрид” ва “Бавария”га имкониятни бой беришганди. 2004-йилда эса УЕФА Кубогини ютиб олишди. Ажойиб дамлар эди!
2007-08-йилда Рональд Куман қўли остида кучсиз мавсумни ўтказганига қарамай, “Валенсия” Копа дел Рейни ютиб олган эди. Унай Эмери бошчилигида “кўршапалаклар” 2010-12-йилларда чемпионатни уч мавсум қаторасига 3-ўринда якунлади.
Мухлислар албатта бундан қониқишмади, кучли етакчилар эса бирин кетин жамоани тарк этди. Хуан Мата, Давид Силва ва Давид Вильялар барчаси кетиб қолди. Клуб бўйнидаги катта қарз эса “Валенсия”ни янги стадионини ҳам ташлаб кетишига мажбур қилди.
2015-йилда яна Чемпионлар Лигасига қайтган “кўршапалаклар” ўз ўйинларини кўрсата олмади ва бош мураббий Нуно жамоадан кетишига тўғри келди. Унинг ўрнига ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган Гари Невилль келди ва буни исботлади ҳам. У “Барселона”га қақшатгич 7-0 ҳисобида ютқазиб қўйди, камига Чемпионлар Лигасига чиқишни ҳам уддалай олмади.
Қайта тикланиш эса вақт олди. 2015-16-йилги мавсумда клуб 12-поғонани эгаллади ва бу кейинги мавсумда ҳам такрорланди. Жамоа эса энди Испанияда ортиқ топ клуб дея саналмайдиган бўлди.
Эмери “Севилья”дан “ПСЖ”га ўтганида, Валенсиядаги спорт нашри SuperDeporte газетанинг бош сарлавҳасида “5 йил ўтиб, Эмери бошқа гранд жамоага ўтди” дея ёзган эди. “Месталья” эса аутсайдерга айланган бир пайтда “Севилья” Европа Лигасини қаторасига уч марталаб ютаётган эди.
Аммо ҳозир “Валенсия” қайтди! Ла Лиганинг 9-туридан кейин “лос че” 2-ўринда 21 очко жамғарган ҳолда, енгилмас жамоа бўлиб турибди. Бундай жамоалар сафига яна “Барселона” ва “Атлетико” киради. “Кўршапалаклар”нинг ҳозирги шаштидан улар турнирнинг юқорисида қоладигандек таассурот уйғотмоқда.
Бош мураббий Марселино Гарсия Тораль ғалаба формуласини топган кўринади. Астуриялик мутахассис қаерда ишламасин фақат омади юришмоқда. “Рекреативо Уэльва”ни Ла Лигага олиб чиқди, улар билан кучли ўнликка кира олди. Инқироздаги “Сарагоса”ни ўз ҳолига қайтарди, “Расинг Сантандер” билан Примеранинг 7-ўрнини банд қилди, “Вильярреал” билан Чемпионлар Лигасида қаҳрамонликлар кўрсатди.
Боз устига мураббий машғулотларда қаттиқ режим ўрнатди. Марселинонинг парҳез билан боғлиқ режимини “Валенсия” футболчилари ҳам эътироф қилишди. Ҳусусан, Дани Парехо “Мен у бу ерга келганидан бери 5,5 кило йўқотдим” дея тасдиқлади. Қўшимча тарзда, “Бошида қийин эди, қийин дамлар орқали ўтасан, оч қоласан, аммо тананг мослашади. Ҳозир ўзимни чаққон ва тезкор ҳис қилаяпман” дея фикрларини якунлади.
Парехо марказий ярим ҳимояда мавсум кашфиёти бўлди, аммо 28 ёшли футболчи ўтган мавсум охирида “Валенсия”ни тарк этишга қарор қилганди. У Марселино клубга қўшилганидан кейин жамоада қолди. “Марселино билан яхши иш қила олишимизни билардим. Чунки, шу йўл орқали ўрганяпмиз, машғулот қиляпмиз, ўйинга тайёрланаяпмиз” дея мураббийини алқади.
Марселинонинг келиши билан фақатгина Парехо ўзгариб қолмади. Ўтган мавсумни етарлича омадли ўтказа олмаган Хосе Луис Гайя, Эзекиель Гарай, Мартин Монтойя, Родриго ва Симоне Зазалар ҳам ажойиб спорт формасида. “Вестхем”да омади юришмаган италиялик ҳужумчи 2016-17-йилги мавсумни “Валенсия”да ҳаминқадар ўтказганди. Бу мавсумда эса, сентябрь ойининг энг яхши футболчиси номинациясини қўлга киритди.  Ла Лигада 8 та гол уриб, фақатгина Мессидан ортда қолмоқда.
Бундан ташқари, ёзги трансферлар ҳам ажойиб бўлди.  Ярим ҳимоячи Жеффри Кондогбиа “Интер”даги омадсизликдан кейин яна порлай бошлади, Нету ҳам дарвозани мустаҳкам қўриқламоқда. Ҳимояда эса Габриель Паулиста барчани ҳайратлантирмоқда. ““Вильярреал” ва “Арсенал”нинг собиқ ҳимоячиси Марселино “Валенсия”да барчасини ўзгартиришини айтганди ва у тўғри бўлиб чиқди” дея ўз мулоҳазаларини билдирди.
Колумбиялик Жейсон Мурильо “Интер”дан ижара асосида “кўршапалаклар” сафига келиб қўшилганди ва унинг ҳам ҳозирда ишлари беш. Бироқ энг зўри “ПСЖ”дан бир йиллик ижара асосида келган Гонсало Гедеш бўлиб турибди. 20 яшар йигитча ўтган ҳафтада “Севилья”ни 4-0 ҳисобида енгган баҳсда, икки гол урди. Шулардан биттаси эса турнинг безагига айланди десак ҳам бўлаверади.
Натижалар шуни кўрсатяптики, “Сантьяго Бернабеу”да 2-2 га эришган жамоа, баъзи мухлисларни ҳозирги вақтда соврин учун ҳам кураша олишлари мумкинлигига ишонтирмоқда.
Узоқ вақт ўтган бўлиши мумкин, бироқ маълум вақтдаги тушкунликдан кейин “Валенсия” яна ўз ўрнига қайтди. Қайсики улар Испаниянинг учинчи буюк клуби бўлиш учун яна курашади!
Сардор Абдуғаниев тайёрлади

"Реал Мадрид”, «Барселона», Валенcия

30.10.2017, 10:30 2881 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш