Трансфер нархи 5 ойда 200 мингдан 2 млн еврога кўтарилган 19 ёшли Остон Ўрунов «Спартак»да ўйнаб кета оладими?

«Уфа» бош директори Шамил Газизов «Спартак» клуби раҳбари этиб тайинлангач, янги директор ишни ўзи яхши билган жамоанинг етакчиларини Москвага чақиришдан бошлашга яқин турибди.
 
Турли гап-сўзларга қарамай, қайд этиш жоиз - «Спартак» уфаликларнинг эҳтимол энг қизиқарли ўйинчиларига кўз тикмоқда», - дея бошланади championat.com сайтидаги мақола.
Остон Ўрунов ҳали 19 ёшда. У февраль ойида Тошкентнинг «Локомотив» клубидан 200 минг евро трансфер пули эвазига «Уфа» сафига келиб қўшилди. Келганидан Остон уфаликларнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланишга улгурди – 10 ўйиндан 9тасида асосий таркибда тушган. Ўрунов қисқа давр ичида ўйинлари орқали «Уфа» ҳисобида турган олмосга айланди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистонлик яримҳимоячининг янги чўққиларни забт этишга бўлган хоҳиш ва истаги жуда кучли эканлиги кўриниб турган бўлса-да, Остон «Зенит» билан курашишга даъвогарлик қилаётган ва еврокубокларни кўзлаётган жамоага ўтиш даражасига чиқа олдими?
У қандай футболчи?
Ўрунов фаолияти давомида бир қатор амплуаларда тўп сурган бўлса-да, унга кўпроқ марказий яримҳимоя чизиғида ўйнаш мос келади. Андрей Канчельскис «Навбаҳор»да Остонни қанот яримҳимоясида синаб кўрган бўлса, Самвел Бабаян «Локомотив»да уни катта ҳамждаги ишни бажарадиган марказий яримҳимоячига айлантирди. Футболчининг ўзи эса интервьюларида «Менга таянч нуқтасида ўйнаш ёқади, тўпни олиб қўйиш ва кўп югуришни яхши кўраман. Бироқ дриблингларим сабабли аксарият мураббийлар мени қанотга қўйишади, бу нуқтада эса тўпсиз зерикишимга тўғри келади», - дейди Ўрунов.
«Уфа» бош мураббийи Вадим Евсеев Остондан универсал ўйинчи сифатида фойдаланмоқда. Янги клубида ўтган 10та баҳсда Остон яримҳимоянинг икки қанотида ҳам, марказда ҳам ўйнашга улгурди. Зарурият туғилганида ҳужумчига айланишига ҳам тўғри келди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз Остонни марказий яримҳимоячи сифатида биламиз, зеро у айнан шу нуқтада ўзини жуда қулай ҳис қилади.
Устунлиги нимада?
РПЛ учун икки энг кучли жиҳат: ишончли дриблинг ва курашларга киришувчанлик. «Уфа» яримҳимоячиси айнан ушбу икки жиҳати билан алоҳида ажралиб туради.
1) Остон қанотда эмас, айнан майдон марказида жуда керакли бўлган ноодатий дриблингга эга. У тўпни гавдаси билан яхши тўса олади, тўп билан мукаммал ҳаракатланади. Яъни, Ўрунов аксарият яримҳимоячилар сингари ҳужумни кўпроқ бир йўналишда тортадиган футболчи эмас.
Муҳими, унда дриблинг - шунчаки дриблингни кўрсатиш учун эмас (бундайлар Россияда етарлича), қийин вазият ва босимдан яхшироқ позицияга чиқиб олиш учун амалга оширилади. Қобилияти эвазига Ўрунов ҳисобни сақлаб туришда қимматли футболчига айланади. У рақиб жамоа дарвозаси олдида тўпни қабул қилиб, прессинг қилаётган рақибни гавдаси билан бемалол тўсиб, тезкорлик билан ҳужумга ўта олади. 
«Спартак»да Ўруновнинг ўйин услубига яқин ўйинчилардан майдон марказида фақатгина Зобнин қолган. Умаров босим остида тўп билан ҳаракатлана олмайди, Крал бунга уринса-да, яхши бажара олмайди, Тиль эса ўртамиёна ўйинчи. «Спартак» Ўрунов мисолида 90 дақиқа ичида майдон марказида ўртача 55 фоизи муваффақиятли бажариладиган 8та ўтишларни амалга ошира оладиган футболчини қўлга киритади. Бу футболчининг иқтидоридан дарак, худди шундай ўйинчи «Спартак»га етишмаяпти.
2) Ўрунов Россия Премьер-лигасидаги яккакурашларга мослаша олган, у ҳар қандай вазиятдан босимни енгиб ўтиб, чиқиб кета олади. Иккинчи қаватдаги курашлардан чўчимайди, гавда тузилиши жиҳатдан ҳам бақувватлиги боис жиддий кураш кечаётган вазиятларга қўрқмай қўшилади. Ҳар ўйинда 30-35та курашларда иштирок этиш унинг учун оддий ҳол.
Бундай ўйин жиҳатларига эга футболчининг майдон марказида таянч яримҳимоячиси ёки «саккизлик» нуқтасида тўп суриши энг тўғри қарор бўлади.
Камчилиги ва кучсиз жиҳатлари қайси?
Ўруновда диспетчерлик маҳорати ҳали у қадар сайқалланган эмас. У хавфли вазиятларда қарор қабул қилишда оқсамоқда. Ижрочилик қобилияти устида ҳали кўп ишлаши керак. Унинг зарбаси кучли бўлса-да, барқарор эмас ва доим ҳам ўйланган зарбалар эмас. Эҳтимол, ўзингиз ҳам Премьер-лига ўйинларида унинг хавфли вазиятлар яратганлигини, бироқ ҳар сафар голгача нимадир етмай қолганига кўп гувоҳ бўлгансиз.
Албатта, ҳаммасини омадсизликка йўйиш мумкиндир, аслида эса муаммо чуқурроқда – ижро маҳорати етишмасликдадир. Қуйида Ўруновнинг фаолияти давомидаги зарбалар бўйича статистикаси келтирилган. Ўзбекистон чемпионатидаги барча ўйинлари ҳисобланмагандир, бироқ барибир умумий ҳолат яққол кўриниб турибди.
Бугунги кунгача Остоннинг жами 63 зарбасидан бор йўғи 2таси гол билан якунланган, 20таси эса дарвоза томон аниқ тепилган. Самарали зарбалар бўйича алоҳида иқтидорга эга бўлмай туриб, ўйин давомида узоқ масофалардан зарбалар йўлланиши тўппончадан ўқни осмонга қарата беҳуда сарфлаш билан баробар. Аниқки бу ҳолат футболчининг ўйин даражасини баҳолашда унга обрў келтирмайди. Бу борада у ўз устида ишлаши керак.
Шу боис Ўруновни ҳужумкор нуқталарда ўйнатиш хато бўлади. Унга ҳужумни якунловчи ёки стандарт вазиятлари ижрочиси сифатида ҳам қарамаган маъқул. Бу ёмон футболчи дегани эмас, аксинча ишончли, барқарор, бироқ жамоавий ўйин механизмида иккинчи даражали фигура.
Ва айнан шу сабаб туфайли Ўрунов «Спартак»нинг ёзги трансфер ойнасидаги асосий хариди бўла олмайди. Эҳтимол, келажак учун тикилган сармояга айлана олар.
«Спартак» Ўруновни ўз сафига қўшиб олса, бу яримҳимоячилардан бири жамоани тарк этишини англатадими?
Катта эҳтимол билан «Спартак» 3-5-2 тактик схемасида Остонни марказий яримҳимоячи чизиғида кўрмоқда. «Қизил-оқлар» бу чизиқда уч футболчига эга - Крал, Умаров, Зобнин.
Футболчиларнинг кўрсаткичлари таққосланган ушбу жадвалдан кўриниб турибдики, дриблинг ва тўп билан ҳаракатланишда Ўрунов «Спартак»даги учликдан катта устунликка эга. Қолаверса, яккакурашларда ҳам ўзбекистонлик футболчининг натижаси юқори эканлигини кўриш мумкин.
Бироқ узатмалар сони бўйича Ўрунов яхши таассурот қолдира олмайди. Ҳаракатлар давомидаги узатмалар улуши ҳам ҳаминқадар - 9%. Бу ҳаммасиникидан ҳам пастроқ дегани. Ҳал қилувчи узатмалари сони ҳам кам (бори ҳам аниқ эмас). Жарима майдони ичидаги шерикларни тўп билан таъминлаш кўрсаткичи ҳам камтарона. Умуман олганда, хаёлий таассуротлар ҳам статистик маълумотлар билан тўла мос келади: Остоннинг барча устун жиҳатлари инобатга олинган тақдирда ҳам, унинг бугунги даражаси «Спартак»нинг муаммоларига ечим бўла олмайди ва натижалар яхши томонга ўзгариб қолишига сабаб бўлиши жуда қийин.
Шу боис, ҳар қандай ҳолатда ҳам «Спартак»га марказий яримҳимоя чизиғида эркин ижодкор ва ижрочилик қобилиятига эга футболчи шарт. Ҳеч бўлмаганда Влашичга ўхшаган. «Саккизлик» нуқтасида эса Крал ва Зобнин бор. Агарда «Спартак» Остоннинг ўйин услубига ўхшаш бўлган Зобнинни сотишни режалаштираётган бўлса, Ўруновнинг таклиф этилиши мантиқан тўғри бўлади.
Ҳар ҳолда воқеаларнинг бундай ривожини ҳам рад этиб бўлмайди: Роман анчадан буён Европа томон юрмоқчи, у янги чақирув кутаяпти. Ўрунов эса ҳали савия жиҳатдан нисбатан пастроқда бўлса-да, потенциали юқори футболчи.
Ўрунов 2 миллион евродан қимматроқ турадими?
ОАВда турли рақамлар айланмоқда: кимдир 3,5 миллион евро нарх ҳақида гапирса, кимдир «Спартак»нинг 500 минг евро ёки «2+2» кўринишидаги трансфер таклифи ҳақида гапирмоқда.
Аниқки, «Уфа» Ўзбекистондан топган «жавоҳири»ни 500 минг еврога сотмайди. Зеро, 19 ёшли яримҳимоячи Россия Премьер-лигасининг «баҳор-ёз» қисмида ҳар томонлама катта ўсишга эриша олди.
Бироқ айни дамда Остонни 3,5 миллион еврога арзийди, дейиш ҳам жуда қийин. Сўнгги воқеалар ҳам юқори нархга қарши ишлайди: 1) пандемиядан кейин трансфер бозори ҳам кучсизланди; 2) ҳозирги кунда футболчи – легионер саналади ва қачон бу статусни бекор қилиниши номаълум. Ўзбекистон ЕОИИга аъзо эмас, бу иттифоққа кириши узоқ вақтни олиши мумкин. 3) Ўрунов майдонда катта фарқни кўрсата олмайди. У ишончли ва барқарор, бироқ ижрочи эмас, ҳал қилувчи вазиятларда ҳам якунловчи эмас.
Шундай экан, «Спартак» албатта, Ўруновни сотиб олиши мумкин, вақт ўтиши билан у ўйин жиҳатдан ҳам, нархида ҳам ўса олади. Фақат бу трансферга ёндашувда мувозанат бузилмаслиги шарт. Энг асосийси эса, «Спартак» раҳбарияти тушуниб олиши керак: ҳали ёш, ўсиши керак бўлган футболчини сотиб олиш аслида келаётган трансфер ойнасидаги бош мақсад ҳам, муаммоларнинг ечими ҳам эмас.
Усмон Ибодов таржимаси.

24.07.2020, 09:24 390 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш