Про лига трансляцияси еврофутболга қанчалик таъсир қилади?

Ҳеч қанча! Шундай саволлар бўлаётгани учун жавоб бериб кетишни лозим деб топдим.
 
Хавотирга ўрин йўқ, Про лига сиз севиб томоша қилаётган футболлар ўрнига эфирга чиқмайди, у УзРепортда ўз ўрнига эга бўлади.

Ахир ким ҳам еврофутболни Про лига билан алмаштириши мумкин?! Бу ақлга сиғмайди. Еврофутбол ўз аудиторияси эга, унинг трансляцияси аллақачонлар аниқ йўналишини топиб улгурган. Уларнинг орасига ҳатто бошқа чемпионатни жойлаштиришнинг имкони йўқ. Сабаби баъзида А сериянинг ўзи ортиқчадек туюлади. Асосан шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтадиган уч чемпионат учрашувларини программага киритишнинг ўзи мушкул. Ҳар сафар қайсидир яхши ўйиндан воз кечишга тўғри келади, чунки ундан яхшироқлари албатта чиқади. Шунинг учун бу рақобатнинг ичига тўртинчи чемпионатни қўшишнинг иложи йўқ.

Нима қиламиз? Про лига тақвимини УзРепорт программасидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқамиз. Яъни, бизнинг Про лига еврофутболга халал қиладиган кунларда ёки камида соатларда бўлмайди. Биз 2021 йилдан бошлаб ҳаттоки Суперлига учрашувларини еврофутбол билан кесишмайдиган вақтларга жойлаштиришни режалаштирганмиз. Бу ҳақда Спорт-ТВ раҳбари билан фикр алмашиб улгурганмиз. Чунки аниқ биламизки, еврофутбол билан рақобат қила олмаймиз. Ўша еврофутбол аудиторияси меҳрини секин-аста қозониш учун ҳам программада йўлларимиз кесишмаслиги шарт. Еврофутбол мухлисларининг диққатлари бўшроқ саналарни нишонга оламиз. Ҳа, улар танқид қилишлари, ҳазм қила олмасликлари катта эҳтимол, аммо бирламчи вазифамиз уларнинг диққатини тортиш. Диққат тортилиши учун эса ўша мухлисларнинг кўзлари еврофутболда бўлмаслиги керак.

Еврофутболни ўзимиз ҳам кўришни истаймиз. Еврофутболни нафақат биз, мураббийларимиз-у футболчиларимиз ҳам кўришларидан манфаатдормиз. Чунки ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.

Диёр Имомхўжаев.
Манба: @diyorimamkhodjaev

18.07.2020, 17:19 272 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш