“Ювентус” улар билан хайрлашишга тайёр. Туринликларни тарк этиши мумкин бўлган футболчилар

Коронавирус пандемияси сабаб келиб чиққан иқтисодий инқироз футболга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймади.
Жамоалар молиявий стабилликни сақлаш учун футболчиларни сотиш ёки алмаштиришга мажбур бўлмоқда. Шулар орасида “Ювентус” ҳам бор, туринликлар бир нечта футболчиларини сотишга тайёр. Бугун ана шу футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
Федерико Бернардески
“Фиорентина”нинг собиқ футболчиси Туринда учинчи йилини ўтказяпти. Бернардески “Ювентус”га 40 млн евро эвазига келган эди. Футболчига сарфланган катта пулдан сўнг, кўп нарсалар кутишганди. Афсуски, 2,5 мавсум давомида футболчи асосий таркибга кира олмади. Охирги пайтларда футболчи Маурицио Сарри билан ҳам келиша олмаяпти. Федерико бир бўлимдан ҳам камроқ майдонга тушяпти. Демак, мураббий унинг хизматларига эҳтиёж сезмаяпти.
Италия нашрлари эса бир неча ойдан бери футболчини бошқа жамоалар билан боғлаяпти. Агентининг айтиши бўйича эса Бернардески “Юве”ни тарк этиш нияти йўқ. Ҳозирги пайтда Федерико заҳира футболчиси ҳисобланади. Бернардески асосий таркибга кириш учун курашмоқчи. Лекин “Кўҳна синьора”нинг бошқа режаси бор. “Ювентус” учун идеал вариант – футболчини 40 млн еврога сотиш. Ҳаттоки, “Юве” ҳам пандемия сабаб заҳира футболчисига 40 млн евро ҳеч ким тўламайди деб ҳисоблаяпти. Шунинг учун футболчини алмаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқишга тайёр.
La Gazette dello Sport хабарига кўра “Кўҳна Синьора” Бернардескини “Челси”га қўйиб юбормоқчи, эвазига Лондондан Жоржиньо келиши керак. “Челси” эса аввалроқ Бернардескига қизиқиш билдираётгани айтилган бўлса ҳам, аниқ жавоб айтишгани йўқ. Англияда футболчига “Арсенал” ва “МЮ” ҳам қизиқиш билдирмоқда. Умумий олганда, “Ювентус”да вариантлар бор. Футболчининг эса “Юве” билан шартномаси 2 йилга мўлжалланган, аммо Бернардески шартнома муддатидан олдинроқ жамоадан кетиши мумкин.
Миралем Пьянич
“Рома”дан “Ювентус”га ўтгач, Пьяничда муаммолар юзага келмади. Босниялик футболчининг Туринни тарк этишга сабаб йўқ эди, токи футболчига “Барселона” томонидан қизиқиш бўлмагунча. Миралем дарҳол Каталонияга кетишга розилик билдирди. ОАВ футболчининг энг яқин дўсти Пянич Каталонияга кетишга тайёр эканлигини айтгани ҳақида ёзяпти.
Италиялик экспертлар “Ювентус” футболчини жамоада олиб қолиши кераклигини таъкидламоқда. Шартнома муддати ҳам 3 йилга мўлжалланган. Аммо раҳбарият футболчи билан хайрлашишга тайёр. Май ойининг охирида туринликлар Пьянични Артурга алмаштириши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Вазиятни кузатиб турган “ПСЖ” ва “МЮ” ҳам футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракатни бошлади. Лекин босниялик футболчи Парижни ҳам, Манчестерни ҳам рад этди. У фақатгина “Барселона”га ўтишга рози. Каталонияликларнинг эса футболчини харид қилиш нияти йўқ. Шунинг учун бу трансфер масаласи ҳали қоронғу бўлиб турибди.
Дуглас Коста
Бернардески сингари Коста трансфери ҳам ўзини оқламади. 2018 йилда “Бавария”дан 40 млн евро эвазига харид қилинган футболчи аввалига жамоага тез мослашиб кетди. Илк мавсумида Дуглас 4 та гол ва 14 та ассистентликни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Кейин эса вазият ёмонлашиб борди. Футболчи тез-тез жароҳат оладиган бўлди.
Охирги икки мавсумдан буён футболчи ҳар бир ўйинда ўртача 37 дақиқа майдонда бўлиб турибди. Топ даражадаги футболчи учун бу кулгули ҳолат. Сарри бразилиялик футболчини жамоада олиб қолмоқчи. Мураббий Коста майдонда кам ҳаракат қилаётганининг сабаби қилиб, тез жароҳат олишга мойиллиги эканлигини таъкидлади. Аммо раҳбарият футболчини сотиш учун вариантларни кўриб чиқяпти.
Баҳорда футболчи учун “Манчестер Сити” жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Ёзда эса “Ювентус” Дугласни Жоржиньога алмаштирмоқчи эканлиги ҳақида ёзишди. “Челси” учун Коста варианти қизиқ бўлиши мумкин. Чунки ўнг қанот ҳужумчиси Педро мавсум охирида жамоани тарк этади. Бразилиялик футболчи ўша позитсияда тўп суради. Агарда “Челси” билан келишув ўхшамаса, футболчига яна бир қатор Европа жамоалари қизиқиш билдиряпти. “Юве” бошқа вариантларни кўриб чиқади.
Гонсало Игуаин
Аргентиналик футболчи “Ювентус”даги охирги мавсумини ўтказаётгани аниқ. Футболчининг “Юве” билан шартномаси 2021 йил ёзига қадар мўлжалланган. Туринликлар Гонсалога янги шартнома таклиф қилишгани йўқ. Раҳбарият янги ҳужумчи излашни бошлади, демак аргентиналик футболчи тез орада жамоани тарк этади. Хабарларга кўра жамоа “Пипито”ни 18 млн еврога сотмоқчи. Футболчи учун таклифлар бор. Гонсалога Аргентина, Англия ва АҚШдан таклифлар келиб тушган.
Олдинроқ, футболчи фаолиятини “Ривер Плейт”да якунлаш истаги борлигини айтган эди. Аммо футболчи учун талаб қилинаётган 18 млн евро Аргентина жамоаси учун қимматлик қилади. Футболчининг ўзи ҳам ҳали фаолиятини якунлаш ниятида эмас. У 32 ёшда ва ҳали анча йиллар тўп сурмоқчи.
Игуаин учун МЛС варианти қизиқроқ бўлиши мумкин. “Ди Си Юнайтед”да футболчининг акаси Федерико тўп суряпти. Балки, Игуаин акаси билан бир жамоада ўйнашни истар. Агарда Гонсало Европада қолиш истагида бўлса, “Ньюкасл” у учун яхши вариантлардан бири. Жамоанинг янги хўжайинлари футболчини харид қилиш истагида. Умуман олганда футболчи учун вариантлар кўп. “Ювентус” футболчини текинга қўйиб юбормайди, шундай экан Гонсало яқин орада жамоасини алмаштиради.
Адриен Рабьо
“Ювентус” эркин агентлар билан шартнома имзолаш бўйича етакчи ҳисобланади. Рабьо худди шундай тарзда жамоага келиб қўшилди. Афсуски, футболчи жамоага мослашиб кета олмади. Ушбу мавсумда 25 та ўйинда майдонга тушган футболчи бирорта фойдали ҳаракатни амалга оширмади.
Ундан ташқари Рабьо пандемия сабаб маошлар қисқаришига норози эканлигини билдирди. Кейин эса “Ювентус”нинг клуб базасига қайтиш борасидаги талабини жавобсиз қолдирди. Француз футболчиси ўз Ватанида кўпроқ қолиш истагида эди. Раҳбарият футболчига онаси Вероника Рабьо таъсир ўтказяпти деб ҳисоблайди. Рабьонинг онаси ўғли АПЛда тўп суришини истайди. Шунинг учун “Кўҳна синьора” футболчини мажбурлаб олиб қолмоқчи эмас.
Италиялик инсайдер Николо Скиранинг хабар беришича, Вероника Рабьо “Эвертон” ва “Ньюкасл” билан музокараларни бошлаган. Футболчининг “Юве” билан шартномаси 2023 йилгача мўлжалланган. Рабьонинг Туриндаги саёҳати бошланмасдан якунига етяпти.
Маьруфжон Очилов таржимаси

"Ювентус", Дуглас Коста, Миралем Пьянич, “Ювентус” Федерико Бернардески

22.06.2020, 11:03 552 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш