Топ-5: АПЛдан воз кечган британияликлар

"Penalti.uz" нигоҳи хорижда тўп тепаётган британларга қаратилди.
Англия Примьер-лигасини жозиба жиҳатдан футбол оламидаги исталган турнир, ҳатто, ЕЧЛ ёки мундиалдан ҳам устун қўядиганлар ҳар доим топилган, топилади ҳам. Бу лига дунёнинг ҳар бир нуқтасидаги футболчиларни ўзига оҳанграбодек чорлайверади. Аксинча, "Туманли Альбион"да туғилган ўйинчилар эса бошқа мамлакатларда ўйнашни хушламайдилар. Мустасно ҳолатлар ҳам йўқ эмас: Бекхэм, Линекер, Макманаман, Оуэн...
Келинг, айни пайтда хорижда тўп тепаётган британиялик футболчилар тўғрисида суҳбатлашамиз.
5. Аарон Рэмзи ("Ювентус")
2019 йилнинг ёзида уэльслик Аарон Рэмзи Туриннинг "Ювентус" клуби сафига қўшилди (эркин агент сифатида). 13 йил давомида Британияла тўп тепган ("Кардифф Сити", "Арсенал", "Ноттингем Форест") ярим ҳимоячи 29 ёшида А Серияга кўчиб ўтиш учун жазм қила олди. "Рэмбо" "Эмирейст"да жуда ардоқланар, "тўпчилар" мухлислари учун ўзгача қадрли эди. Аммо у Туринда ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмаяпти – жароҳатлар туфайли.
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган режалаштирилмаган пауза Рэмзи учун имконият бўлиши мумкин. Агар у тез орада ўз ўйинини топа олмаса, эҳтимол, келаси йил яна АПЛда жавлон ура бошлар.
4. Киран Триппьер ("Атлетико")
Ўтган мавсум Киран Триппьернинг ўйинидан ҳафсаласи пир бўлган "Тоттенхэм" раҳбарияти  ҳимоячи билан хайрлашишга қарор қилди. Натижада Триппьер Диего Симеоне бошчилигидаги "Атлетико"нинг ўнг қанотини кучайтирди. Унинг трансфери учун "матрасчилар" 20 млн фунт сарфлади. Шу тариқа Киран сўнгги 95 йилда "Атлетико" лагерида пайдо бўлган илк англияликка айланди.
Триппьернинг Мадриддаги дебюти омадли чиқди ва давом этаётганди. Аммо тиззасидан олган жароҳати кўпроқ ўйнаш ва муваффақият қозонишга ҳалақит бермоқда. Ҳозирча 29 ёшли футболчининг ҳисобида 19 ўйин бор.
3. Крис Смоллинг ("Рома")
Смоллинг ҳам бир вақтлар МЮ мудофаасидаги ишончли вакиллардан бири эди, аммо охирги йилларда омадсизликка учрай бошлади. 2010 йилда "қизил иблислар" сафига "Фулхем"дан келиб қўшилган ҳимоячи ўтган йилнинг ёзида "Рома"га ижарага бериб юборилди. 30 ёшли Смоллинг Римда ажойиб мавсум ўтказди. Унинг ҳисобида ҳозирча 28та ўйин бор ва барча учрашувларда юқори даража кўрсатди. Эҳтимол, Англия терма жамоаси аъзоси келаси йил яна ўз ватанига қайтиб қолар. Воқеалар ривожини эса кузатамиз.
2. Жейдон Санчо ("Боруссия" Д)
20 ёшли Санчо "Боруссия" таркибига 2017 йилда "Манчестер Сити"дан келиб қўшилганди. Бу иқтидорли футболчи учун энг тўғри қарор эди. Зеро, у айнан Дортмунд клуби орқали бутун Европага танилди ва барча грандлар эътиборини ўзига тортиб турибди. Санчо айни пайтда топ лигалардаги энг фойдали ўйинчилардан бири бўлиб турибди. Катта эҳтимол билан Жейдоннинг хориждаги сафари узоққа чўзилмайди. Уни Англияга қайтариш масаласига Манчестер клублари жиддий киришди. 
1. Гарет Бэйл ("Реал")
Бэйл 2013 йилда "Тоттенхэм"ни "Реал"га алмаштирди. Ўша пайтда дунёнинг энг қиммат футболчисига айланган Гарет ортда қолган вақт давомида "қаймоқранглилар" либосида 249 ўйин ўтказди. Уэльслик футболчи "Реал" таркибида 172 голда қатнашди ва кўплаб совринларга эга чиқди.
Бэйл финалларда гол уриш бўйича юксак тажрибага эга. Аммо сурункали жароҳатлар ва мотивация етишмаслиги туфайли ўзидан кутилган дарадага чиқолмади. Зинедин Зидан ҳам ортиқ унга ишонмайди. 30 ёшли вингер ўтган йилнинг ёзида Хитойга йўл олиши мумкин эди, аммо келишув амалга ошмади. Гаретнинг жорий мавсум якунида АПЛга қайтиши кутилмоқда. 
Фахриддин Рўзиев

Бэйл, Санчо

15.06.2020, 19:52 510 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш