Сўнаётган юлдузлар: Пёнтек, Гризманн, Азар...


"Penalti.uz" нигоҳи ўтган йил(лар)да аъло ўйин кўрсатган, 2019-20 йилги мавсумда ўзига ўхшамай қолган ҳужумкор ўйинчиларга қаратилди.

Кшиштоф Пёнтек (Польша)
* 2018/19 ("Женоа"/"Милан"): 42 ўйин = 30 гол + 5 "ассист";
* 2019/20 ("Милан"/"Герта"): 33 ўйин = 9 гол + 1 "ассист".
Италия А Сериясининг олдинги мавсумида янги поляк тўпурари пайдо бўлди. Камтарона "Женоа" клубида бўлишига қарамай, бетакрор ўйини ва рақиблар дарвозасини шафқатсиз сурьатда ишғол қилиши туфайли ҳамюрти Левандовскига менгзала бошланган ҳужумчи қишда "Милан" сафини кучайтирди. "Россонерилар" раҳбарияти Пёнтек тимсолида янги Шевченкони кўрган бўлса, не ажаб. Ўтган мавсумни яхши кайфиятда якунлаб олган футболчининг кузга келиб ишлари юришмади. Пёнтек футбол жамоатчилиги назарига қандай шиддат билан тушган бўлса, худди шу тарзда пастга қулай бошлади. Хафсаласи пир бўлган "Милан" мутасаддилари Кшиштоф билан хайрлашиб, қария Златандан нажот кута бошладилар. Полякнинг кейинги манзили эса Бундеслига бўлди — Берлин, "Герта". Афсуски, форвард Германияда ҳам ўз ўйинини топа билмади, аксинча, заҳира ўйинчисига айланиб қолди. Эътибор қаратинг, у бугунга қадар "Герта" учун 3 гол урди: иккитаси пенальтидан, яна бири эса ғалаба нақд қилинган ўйиннинг сўнгги сонияларида.

Антуан Гризманн (Франция)
* 2018/19 ("Атлетико"): 48 ўйин — 21 гол + 10 "ассист"
* 2019/20 ("Барселона"): 37 ўйин — 13 гол + 4 "ассист"
Гризманн икки йил олдин "Барселона"га ўтиши мумкин эди, аммо трансфер амалга ошмади. Жерар Пикенинг компанияси эса Антуаннинг рад жавоби ҳақида филм суратга олди. Ниҳоят, 2019 йилнинг ёзида франциялик футболчи Месси жамоаси таркибига қўшилди. Форварднинг статистикасидаги пасайиш унчалик катта эмас, чунки "Барселона" ҳужумкор ўйин кўрсатяпти. Унинг ўзига хос ўйин услубининг йўқолиб бораётгани эса ачинарлидир. Гризманн камроқ табассум қиляпти, камроқ гол уряпти, у энди "Барса"да ва бу жамоада етакчи етакчи ҳисобланмайди. Ҳозирча, ҳужумчи бошқа жамоадошларидан қизларникига ўхшаган соч турмаги билан ажралибб турибди, холос.

Жоау Фелиш (Португалия)
* 2018/19 ("Бенфика"): 43 ўйин — 19 гол + 11 "ассист"
* 2019/20 ("Атлетико"): 28 ўйин — 6 гол + 3 "ассист"
Португалиялик ўспирин бутун Европанинг диққатини ўзига тортди ва "Атлетико"ни ўзи учун 126 миллион евро тўлашга мажбур қилди. Жоаунинг устига чизиқ тортишга, уни рўйхатдан ўчиришга шошмилмаслик керак. Чунки у ҳали жуда ёш ва ўз трансферига сарфланган маблағни оқлаш учун яна бир неча имкониятга эга бўлади. "Атлетико"нинг жамоавий услуби ва Симеоненинг талабларини инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, жуда қийин бўлади. Якун нима бўлишидан қатъий назар, Фелиш айни пайтда 126 миллионлик футболчига ўхшамайди, унинг узлуксиз равишда жароҳатларга чалиниши ҳам хавотирни оширяпти.
Эден Азар (Бельгия)
* 2018/19 ("Челси"): 52 ўйин — 21 гол + 17 "ассист"
* 2019/20 ("Реал"): 15 ўйин — 1 гол + 5 "ассист"
Азар ҳам 100 миллион евролик футболчига ўхшамаяпти. У "Челси"да чап қанот вингери сифатида ўйнарди, "Реал"га ўтганидан кейин унинг энг севимли жойи ўзгарди — шифохона. Бельгиялик футболчи ўтган мавсум "Челси"да жуда самарали ўйин кўрсатди, Европа Лигасида ғалаба қозонди. "Реал"да эса йил бўйи мухлислар хафсаласини пир қилиш билан машғул бўлмоқда. Олдинги Азардаг асар ҳам қолмаган. Агар Эден мавсум рестартидан кейин ҳам ўз ўйинини топа олмаса, уни жамоага таклиф қилган Зинедин Зиданни чинакамига пушаймон қилиши аниқ.
Лука Йович (Сербия)
* 2018/19 ("Айнтрахт"): 48 ўйин — 27 гол + 7 "ассист"
* 2019/20 ("Реал"): 24 ўйин — 2 гол + 2 "ассист"
Серб форварди, эҳтимол, мавсумни энг омадсиз тарзда ўтказаётганлардан биридир. Ҳаммамиз Йовичнинг "Реал"да Карим Бенземанинг ўринбосари бўлиши ва аксар ўйинларни заҳирада бошлашини билардик. Зидан мунтазам равишда ротация қиладиган ва заҳирадагиларга ҳам етарлича имконият тақдим этадиган мураббий. Лука қўллаб-қувватланиш борасида камчиликка дуч келмади, бироқ у футбол майдонида ўзига билдирилган ишончни оқлай билмаяпти.
Юқорида номлари тилга олинган футболчилар тез фурсатда отларига қамчи уришмаса, яқин келажакда уларни ҳам сўник юлдузлар қаторида тилга олишимизга шубҳа йўқ.
Фахриддин Рўзиев

Grizmann, Pentek

14.06.2020, 19:47 534 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш