Моуриньо билан муносабатлари яхши бўлмаган 10 футболчи

Жозе Моуриньо – футбол оламидаги ўзига хос мураббийлардан бири.
Ўзгача характери туфайли “Special One” бир қанча футболчилар билан келиша олмаган. Бугун Моуриньо билан муносабатлари совуқлашган футболчилар ҳақида гаплашамиз.
Эден Азар
Тўғрисини айтганда, Эден Азарнинг ҳозирги даражага чиқишида Жозенинг ўрни беқиёсдир. Португалиялик мураббий “Челси”га қайтганидан сўнг, Азар самарали ўйин кўрсатишни бошлади. Лекин 2014/15 йилги мавсум чемпионлигидан сўнг, Азар ва Моуриньо ўртасида келишмовчиликлар бошланди. Ҳаммаси майдонда жароҳат олган футболчининг мураббий хоҳишига кўра майдонни тарк этганидан сўнг бошланди. 2015 йилда Моуриньо истеъфога чиқарилди. Миш-мишларга кўра, бу ишга Сеск Фабрегас ва Эден Азарнинг ҳам алоқаси бор.
Вильям Галлас
              
Француз ҳимоячиси Моуриньога икки марта Англия чемпиони бўлишига ёрдамлашган. Лекин орада мураббий ва футболчи ўртасида тушунмовчилик юзага келди. Жозе Галласни чап қанот ҳимоясида ўйнатмоқчи бўлади, аммо футболчи учун марказий ҳимоячи позицияси қулайроқ эди. Шунинг учун футболчи раҳбариятдан уни трансферга қўйишларини сўрайди. Ҳаттоки, Галлас агарда мураббий уни марказий ҳимояга қўймаса, ўз дарвозасига гол урмоқчи эканлиги ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган. Натижада футболчи трансферга қўйилди ва “Арсенал” уни сотиб олди. Кейинчалик франсиялик футболчи интервюларида Моуриньо у билан ишлаган мураббийлар ичида энг яхшиси эканлигини таъкидлаб ўтган.
Рикарду Куарежма
Куарежма 2008 йил “Барселона”дан “Интер“га ўтди. Унинг Итаияга келишини шахсан Жозе Моуриньонинг ўзи истаган эди. Лекин футболчининг Италиядаги фаолияти омадли бўлмади. Рикардунинг ўзи ҳам А серияга ўтиш қарори фаолиятидаги энг катта хатоси эканлигини тан олди. Ундан ташқари унинг “Интер”га ўтишини хоҳлаган Моуриньо нега унга асосий таркибдан жой бермаганини тушунмаганини ҳам айтиб ўтган.
Люк Шоу
                
Истеъдодли, аммо жароҳатга мойил Люк Шоу Жозе “Манчестер Юнайтед”га келишидан аввалроқ жамоага келиб қўшилган эди. Моуриньо Шоуни бутун матбуот олдида танқид қила бошлади. Унинг ўйин даражаси “Қизил иблислар”га мос келмаслигини таъкидлаган эди. Лекин Люк эмас Жозе “Олд Траффорд”ни тарк этишига тўғри келди, Шоу эса асосий таркибдан ўрин эгаллаяпти.
Кевин Де Брюйне
2013 йилда белгиялик футболчи “Вердер”дан “Челси”га қайтади. Айнан ўша вақтда Моуриньо ҳам “Челси”га қайтган эди. Жозе футболчига асосий таркибдан жой ажратиши айтади ва Кевин Лондонда қолади. Аммо у алданган эди. Лондонда ўтказган ярим йили мобайнида бор-йўғи 3 марта майдонга тушган Де Брюйне жамоадан кетиш ҳақида ўйлай бошлади. “Нега Кевинга асосий таркибдан жой бермаяпсиз” деган саволларга Жозе Де Брюйне АПЛ ўйинлари учун ҳали тайёр эмаслигини айтган. Лекин Моуриньо адашган эди. Кевин “Сити”да қандай даражада ўйин кўрсатаётганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Давид Луиз
              
Жозе Моуриньо келгунга қадар Давид Луиз “Челси”нинг муҳим футболчиларидан бири эди. Жозе эса уни позитсиясига нисбатан жудаям ҳужумкор футболчи деди ва унга ҳимояда мунтазам ишончли ҳаракат қиладиган футболчи кераклигини айтди. Давид асосий таркибдаги ўрнини йўқотди ва “ПСЖ”га қўйиб юборилди. Давид Луиз Лондон жамоасига қайтиб келганда эса Моуриньо истеъфога чиқарилган эди.
Икер Касильас
“Реал Мадрид” тарбияланувчиси ҳисобланган Икер Касиллас мухлислар учун жамоанинг содиқ футболчиси эди. Аммо Моуриньо ва Икер ўртасидан “қора мушук” ўтди ва Касильас Мадридни тарк этишга мажбур бўлди. Ундан ташқари дарвозабоннинг “Барселона” футболчилари Хави ва Пуйол билан илиқ муносабатда эканлиги Жозега ёқмади. Натижада, Икер “Порту”га ўтди ва ўша ерда фаолиятини давом эттира бошлади.
Пепе
               
Аввалига Жозе Моуриньо Пепенинг ўйинида қониқаётган эди ва мунтазам равишда асосий таркибдан жой берарди. Моуриньо ва Икер Касильас ўртасидаги келишмовчиликдан сўнг, Пепе Икернинг тарафини олди ва матбуотда бу келишмовчиликда Моуриньо айбдорлигини айтиб ўтди. Жозе эса шундан сўнг Пепедан кўра Рафаэль Варанга майдонда кўпроқ имконият берадиган бўлди. Моуриньо жамоадан кетганидан кейин Пепе яна асосий таркибга қайтди.
Серхио Рамос
Албатта, Рамос ва Моуриньо ўртасидаги келишмовчиликни ҳам эслаб ўтмасак бўлмайди. 2013 йилда “қаймоқранглилар” сардори клуб президенти Форентино Пересга ултиматум қўйди: “Ё мен, ё у” дея. Ундан ташқари Серхио агар у жамоадан кетса, у билан бирга яна бир нечта асосий таркиб футболчилари ҳам кетишига ишора қилди. Моуриньонинг Мадридда қолиш имконияти пасайиб кетди. Шундан бери Рамос Моуриньо ҳақида эслашни ҳам истамайди. Ўтган мавсумда Зидан ўрнига Жозе Моуриньо келиши эҳтимоли борлигини эшитган сардор француз мураббийни қўллаб-қувватлаб чиқди. Рамоснинг португалиялик мутахассис билан ишлаш нияти йўқ.
Педро Леон
Ўн йил аввал “Хетафе”дан “Реал”га 10 млн евро эвазига ўтган Педрони жудаям истеъдодли футболчи дея ҳисоблашган эди. Ўша вақтда мадридликлар мураббийлик постига Жозе Моуриньо келган эди. Мураббий ёш футболчига умуман ўйин амалиёти бермади. Машғлотлар пайтида Жозе футболчига асосий таркиб учун ҳали мос эмаслигини тушунтирган. Педро Леон Испания радиоларидан бирига берган интервюсида Моуриньо унга агарда футболчиларнинг ҳаммаси самолётга ҳалокатга учраб, сени ўзинг қолсанг ҳам таркибга қўшмайман деганини айтиб ўтган.
Маьруфжон Очилов таржимаси

Жозе Моуриньо, Кевин Де Брюйне, Пепе, Серхио Рамос

13.06.2020, 07:28 560 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш