Руанда – “Арсенал” ва “ПСЖ” ҳамкори: 90 йилларда у ерда геноцид юз берганди, ҳозир эса раҳбарият мамлакат имиджини яхшилаяпти

Икки ярим йил аввал “Арсенал” АПЛ тарихидаги энг ғалати реклама келишувини амалга оширганди.
Лондонликлар ўз тарихида биринчи марта спорт формасининг енгларига ҳомий логотипини қўйди. Бу ҳомий ким эканлигини ҳаммани қизиқтирарди. 30 млн фунт эвазига Африканинг Руанда мамлакати “Арсенал”нинг туризм бўйича расмий ҳамкорига айланди. Бу шартнома турли норозиликларга сабаб бўлди. Орадан анча вақт ўтди, лекин ҳали ҳам муҳокамалар давом этмоқда. Аммо шартнома иккала тарафнинг ҳам фойдасига ишлаяпти. Яқинда африкаликлар янги шартнома имзолашди – бу сафар “ПСЖ” билан.
                   
Руанда – ўзи қаерда?
Катта эҳтимол билан бу давлат ҳақида 1990 йилда ноҳуш воқеа сабаб эшитгансиз. Ночор аграр мамлакат Қора қитъанинг марказида жойлашган. Катта бўлмаган майдонга эга бу мамлакатда аҳоли жуда кўп – ҳар бир квадрат метрга 421 нафар одам тўғри келади. Руанда бошқа Африка мамлакатларидан фарқли равишда иссиқ эмас ва унумдор ерлари билан ажралиб туради. Мамлакат денгиз сатҳидан анча баландда (пойтахти Кигали – 1500 метр) жойлашган. Бу ҳудуд учун шимолдан келган тутси, кўчманчилар ва чўпонлар, жанубдан келган хутулар, деҳқонлар ўзаро жанг қилишган. Маҳаллий халқ – пигмейлар жунглининг ичига кириб боришди. Тутсилар хутуларни бўйсундиришди ва мамлакат бошқарувини қўлга олди. Улар колониал даврда ҳам, мамлакат Германияга, кейинчалик Белгияга бўйсунганида ҳам ҳокимият тепасида қолишди.
                
ХХ асрда хутулар ва тутсилар ўртасидаги қарама-қаршилик шу қадар кучайдики, натижада асрлар давомида ҳукмрон халқнинг минглаб қўшинлари қўшни Угандага қочиб кетишга мажбур бўлди. 1962 йилда мустақилликка эришган Руандани хутулар бошқарган. 1990 йилда сургундаги тутси авлодлари генерал Поль Кагаме (бу исмни эслаб қолинг) бошчилигида Руанда Ватанпарварлик Фронтини ташкил этиб мамлакат ҳудудига бостириб кирди. Фуқаролик уруши бошланди. Натижада Африка тарихидаги машҳур воқеалардан бири содир бўлди. Иккала халқ ўртасидаги коалитсия шартномасини имзолаган президент – хуту Жювеналя Хабиариман самолёти уриб туширилди. Шундан сўнг ўз халқининг ҳокимият учун ҳуқуқини талаб қилган хутулар тўрт ой давомида тутсилар қирғинини амалга оширади. Қирғин мамлакатнинг катта қисмини эгаллаган РВФнинг ҳокимият тепасига келиши билан якунланди. Президент бошчилигида коалитсион ҳукумат ташкил топди. РВФнинг собиқ командири Кагаме 2000 йилда бу постни эгаллади. Қирғин давомида бир миллионга яқин руандаликлар ҳалок бўлди. Бу воқеа мамлакат аҳолисига жуда катта таъсир кўрсатди ва Руанда аҳолиси генотсид мавзуси ҳақида эслашни ҳам хоҳламайди.
Замонавий Руанда ҳали-ҳамон қашшоқ мамлакатлигича қолмоқда. World Bankнинг статистикасига кўра мамлакат аҳолисининг 51%и ночорликда кун кечиради. Бунга мамлакатнинг секин ривожланиши, фуқаролик урушлари ва геноцид асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Бугунги кунда Руанда бюджетининг учдан бир қисми Ғарб давлатларининг иқтисодий ёрдами ҳисобига бойийди, асосий экспорт маҳсулотлари – чой ва қаҳва. Ҳукумат мамлакат ривожланиши учун, қашшоқликни олдини олиш учун қўлидан келган барча ишларни қиляпти. 2020 йилга келиб ҳокимият тепасида ҳали ҳам Поль Кагаме ўтирибди. 2015 йилда бўлиб ўтган конституцион референдумда мамлакат етакчиси 2034 йилгача ҳокимият тепасида қолиши тасдиқланди.
“Арсенал” билан ҳамкорлик дунё ҳамжамиятининг жиддий норозилигига сабаб бўлди, лекин икки йилдан сўнг у ўз самарасини бермоқда
Кагаме ҳукумати мамлакат ривожи учун тинмасдан ҳаракат қиляпти. Стратегиянинг муҳим қисми, Руандани жаҳон миқёсида ўз брендини яратиш ҳисобланади. Шу лойиҳа сабаб Руанда Ривожланиш Кенгаши (Rwanda Development Board - RDB) 2018 йилнинг май ойида ўз тарихида илк бор мамлакат ва футбол жамоаси ўртасида ҳамкорлик шартномасини имзолади. Руанда “Арсенал”нинг туризм бўйича расмий ҳамкорига айланди.
Бунга нафақат “канонирлар”нинг футболкаси енгида “Visit Rwanda” ёзуви бўлиши, ундан ташқари:
  • “Эмирейтс”да ўтадиган исталган ўйиннинг 6 дақиқаси давомида реклама экранида ҳам Руанда ҳақида роликлар намойиш этилиши;
  • “Арсенал” академияси мураббийлари Африка мамлакатига мунтазам равишда бориб, машғулот лагерлари ва ёш футболчиларни шуғуллантириш ишларини олиб бориши;
  • Асосий таркиб футболчилари дам олиш кунларида Кигалига келиб дам олишлари, у ерда вақт ўтказишлари керак;
  • Руанданинг расмий вакиллари Лондонга ўйин вақтида боришса, ВИП-ўриндиқлардан жой олиши кабилар ҳам киритилган.
                
Шартнома имзолангани эълон қилингач жуда катта танқидлар тўлқини бошланди. Жуда катта нашрлар буни “аҳмоқлик”, “бемаънилик” дея атади. “The Sun” нашри тўғридан-тўғри бу шартнома “ҳалокатга юз тутади” деб ёзди.
Руандага асосий норозиликлар:
  • Қашшоқликни енгиш учун Англия томонидан юборилаётган миллионлаб фунтларни Лондонга, Қиролликнинг энг бой жамоаларидан бирига қайта йўналтираётгани;
  • Ҳамкорлик учун президент Кагаме мухлислик қиладиган “Арсенал” жамоаси танлангани, Пол севимли жамоасига ҳомийлик қилиши ва ВИП-ложада ўтириши учун;
  • Буджет маблағларини таълим тизими, ўз халқига ёрдам сифатида, инфраструктуралар яратилиши, иқтисод ривожланиши учун эмас, мултимиллионер футболчилар енгида “Руандага ташриф буюринг” ёзуви туриши учун сарфланаётгани учун бўлган эди.
Ўз навбатида “Арсенал”ни:
  • Ўз даражаси учун номуносиб бўлган шартнома имзолагани;
  • Ўз мамлакати эркинлигини чеклайдиган диктатор Кагамени қўллаб-қувватлагани учун айблашди.
2018 йил май ойида клуб шартнома борасидаги норозиликларни катта қисмига эътиборсиз бўлган бўлса, Руанда ҳукумати айбловчиларга дарҳол жавоб беришни бошлади.
Масалан, Шарқий Африка ҳамкорлиги ва ташқи ишлар бўйича вазир Оливер Ндухунгире CNNни танқид остига олди. CNNнинг мақоласи сарлавҳаси шундай эди: “Руанда мамлакат иқтисоди халқаро ёрдамга муҳтож бўлса-да, миллионларни Бирлашган Қиролликнинг энг бой жамоаларидан бири “Арсенал” учун сарфлаяпти”.
“Айтингчи, CNN, кўплаб мамлакатлар, шу жумладан Африканинг ривожланаётган давлатлари туризмни реклама қилиш учун сизнинг каналингизга миллионлаб долларларни сарфлашади. Сиз бирор маротаба шикоят қилдингизми? Шундай экан, илтимос, жим бўлинг.”
Амалдорлар бу шартнома мамлакат имижи учун ҳам яхши эканлиги, туристлар эътиборини тортиш учун имконият эканлиги, туризм мамлакат иқтисоди ривожланиши учун муҳим жиҳатлигини тушунтиришга уринди. 2017 йилда бу саноат бюджетга 480 млн евро даромад олиб келди. 2024 йилга бориб бу кўрсаткич икки баравар ошиши кўзда тутилган.
Rwanda Development Board раҳбари Кларе Акаманзи ўз тwиттерида:
Рекламага сарфланган пулларни электр ёки сувга сарласа бўлмасмиди деган саволларга жавобим: инфраструктура импорт қилинади. Туризм – мамлакатимизда хорижий валютанинг биринчи рақамли манбаи. Руанда туризмдан қанча кўп пул топса, биз ўз одамларимизга шунча кўп сармоя кирита оламиз.
Акаманзи яна шуни таъкидлаб ўтдики, “Арсенал” билан имзоланган шартнома халқаро инвесторларнинг эътиборини тотиш учун ҳам ёрдам бериши мумкин. World Bank маълумотларига кўра, Руанда ҳозирда Африкадаги эътибор тортиши ва қулайлиги бўйича учинчи ўринда ва иқтисоди ўсиши бўйича Қора қитъадаги иккинчи ўриндаги мамлакат ҳисобланади.
Давид Луиз горилла билан суратга тушди, “Арсенал” машғулотларида эса аборигенлар рақс тушди
              
Энди эса кайфиятни кўтарадиган нарсалар ҳақида. Икки йил давомида асосий таркиб футболчиларини Кигали маданияти билан таништириш банди икки марта қўлланилди. Икки марта футболчилар Руандага ташриф буюришди. Биринчиси, шартнома имзолангандан сўнг. Иккинчиси эса Давид Луизнинг дам олиш куни Кигалига ташрифи. Ҳимоячи Африкада онаси ва турмуш ўртоғи билан икки кунни ўртказди. Бу вақт давомида футболчи пойтахтда қирғиндаги қурбонлар учун қурилган мемориални кўришга, маҳаллий мухлислар билан учрашишга, Поль Кагамега футболка совға қилишга ва Шимолий провинсиядаги гориллани томоша қилишга улгурди.
Бразилиялик футболчи саёҳатдан қайтганидан сўнг Руанда ҳақида илиқ фикрлар билдирди: “Биз оиламиз билан Руанда халқининг меҳмондўстлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Мухлисларнинг ҳаяжонини кўриш, Руанда маданияти билан танишиш, ўз кўзларинг билан ҳайратланарли гўзалликларни томоша қилиш ёқимли. Мен барча дўстларимга дам олиш кунларида Руандага ташриф буюришларини тавсия этардим.”
“ПСЖ” билан келишув
                 
Англия жамоаси билан шартнома муваффақиятли бўлганидан сўнг, 2019 йилнинг охирида Кигали яна бир шартнома имзолади. Бу сафар француз жамоаси – “ПСЖ” билан. Парижликлар лондонликлардан фарқли равишда футболкаларига мамлакат номини ёзишмади, лекин қолган шартлар худди аввалги шартномадагидек, реклама роликлари, машғулот лагерлари, Европага Руанда маданиятини тавсия этиш.
Яна нима ҳам дейиш мумкин, Visit Rwanda!
Маьруфжон Очилов таржимаси

10.06.2020, 20:18 386 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш