“Ювентус”нинг “хиёнаткор”и: Бонуччининг бошига ҳам Игуаиннинг куни тушадими?

Бонуччининг “Ювентус”дан кетгани бир бўлдию, “Милан”га ўтгани бир бўлди. Чунки унинг Турин клубининг ашаддий рақиби сафига ўтгани туринлик ишқибозларни норози қилгани бор гап. Боиси, бу ишқибозлар Бонуччининг “Ювентус”дан кетганидан эмас, айнан “Милан”га ўтганидан норози бўлдилар. Сабаби, Бонуччига бошқа жамоалар ҳам қизиқаётганди, хусусан, “Реал” ҳам даъвогарлик қилганди. Бонуччи эса клуб билан келиша олмай қолгани учун қасд қилдими ёки жарақ-жарақ пуллар сабаб бўлдими, ҳарқалай “Милан”ни танлади. Бу эса Туринда “қаҳрамон Бонуччи” образининг “хиёнаткор Бонуччи” образига айланишига сабаб бўлди.
Бу шунчаки қолиб кетмаслиги аниқ эди. Бонуччи дастлаб “Ювентус”дагиларнинг норозилигига учраган ва бундан ранжиганини таъкидлаганди. Бироқ ҳали бу ҳолваси экан. Айни дамда туринлик мухлислар шунчалик жазавага тушишганки, Бонуччидан нафратланишаётганини очиқ-ойдин таъкидлашяпти. Бироқ Турин клуби бундан ранжимаса ҳам бўлади, чунки бир пайтлар “Наполи”дан Игуаинни харид қилишаётганида айнан шу садоқат тушунчаси “Ювентус” учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаган, яъни “Ювентус” ҳам бир пайтлар ҳозирги “Милан” вазифасини бажарган.
Айни дамда ахлат челаклари, турли қадрсиз буюмлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар Бонуччи номи билан аталяпти ёки Бонуччи исм-шарифи туширилган футболкалар билан тўлмоқда. Афтидан, футболда бундай воқеалар тинимсиз давом этаверадиганга ўхшайди, айниқса, бугунги куннинг пул ҳамма нарсадан устун бўлиб турган футболида. Кўрамиз, Бонуччининг бошига ҳам Игуаиннинг куни тушармикин ёки мухлисларнинг қалбидаги нафрат чегараси шу ерда якун топармикин?

27.07.2017, 17:47 3137 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш