Жон Терри “Астон Вилла”да: бундан кимга фойда: жамоагами ёки футболчига?

Яқинда “Челси”нинг собиқ ҳимоячиси Жон Террининг “Астон Вилла”га ўтаётгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳа, Терри стадиондан воз кечолмаган кўринади. Хўш, у ҳали ҳам нимагадир ярайдими?
ТАЖРИБА ПАНД БЕРМАЙДИ
Тажриба ҳеч қачон панд бермайди. Бу кўп бора исботини топган. Жон Терри ҳам айнан тажриба жиҳатдан “Астон Вилла”да ўз ўрнини топиши мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, бирменгемликлар сафида Терри даражасидаги футболчи йўқ, демак, у ҳимоячиларга кўп нарсани ўргатиши тайин.
АЙЁРЛИК ҲАМ ҚЎЛ КЕЛАДИ
Ҳар бир ҳимоячининг ўз айёрлиги бўлади. Кимдир рақибни ҳаракати билан қўрқитади, кимдир бошқа усул билан довдирашга мажбур этади. Террида ҳам ана шундай айёрликлар бор. Хусусан, “Челси” сафида унинг рақиб ҳужумчиларини тўпсиз қолдирганини кўп кўрганмиз. Террининг шу жиҳати ҳам “Астон Вилла”да қўл келиши тайин.
Бирменгемликлар  айни дамда юқори дивизионга чиқа олишмади. Шу боисдан улар тажрибали футболчи излашди. Терри эса улар учун мос вариант эди, номдор, тажрибали ва энг муҳими текинга тушадиган футболчи. Фақат маошини тўлашса бас (Терри кўп маош ҳам сўрамаса керак), эвазига дунёнинг энг кучли ҳимоячиларидан бирини ўз сафларига қўшиб олишади. Ахир бу ўртамиёна клуб учун энг қулай вариант.
ДАРОМАД ҲАМ ОШАДИ
Террининг қўшилиши “Астон Вилла” учун қўшимча даромад манбаи бўлиб ҳам хизмат қилади. Яъни Террининг Бирменгемга кўчиб ўтиши ўз-ўзидан мухлислар қизиқишининг ортишига сабаб бўлади, унинг исм-фамилияси ёзилган футболкалар эса анчагина сотилиши тайин. Қолаверса, бу “Астон Вилла”нинг реклама дунёсида обрўси ошишига ҳам хизмат қилади. Хуллас, Терри “Астон Вилла”нинг обрўси ошишига ҳам хизмат қилади.
Террининг ўзи эса бу орқали яна бир муддат футбол ўйнайди. Ҳа, бундай ўйинчилар футболдан шунчаки воз кечиб кета олишмайди, у узоқ вақт стадионда яшашган, нафас олишган, ўйнашган, стадион уларнинг иккинчи уйи. Шу боис ҳам Террининг “Астон Вилла”нинг таклифини қабул қилганига ажабланмаса ҳам бўлади.

01.07.2017, 16:24 1253 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш