Ишончни оқламаган англиялик вундеркиндлар топ-10 лиги

Нашрлар томонидан кўкка кўтарилиб мақталиш бошқа, Руни ва Жеррард даражасига чиқа олиш бошқа. Ҳозир биз сизга уларнинг юлдуз бўлиши кутилган, аммо ишонч оқлай олмаган англиялик футболчилар ҳақида маълумот берамиз.
10. Тео Уолкот
Теонинг фаолияти омадсиз ўтган дея олмаймиз, аммо у ҳозирги даражасидан ҳам юқорироқда бўлиши мумкин эди. 2006 йилда “Арсенал” футболчини “Саутгемптон”дан 10 млн евро эвазига харид қилганди. Орадан бир неча ой ўтиб Англия терма жамоасида ҳам дебютини ўтказган Уолкот Германияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига ҳам борди. Газеталарда янги юлдуз пайдо бўлгани ҳақида ёза бошлашди.
Унинг тезлиги барчани ҳайратга солди. Аммо унга ҳар томонлама кучли футболчи бўлиш насиб этмади.  2018 йилда “канонирлар” футболчини “Эвертон”га сотишга рози бўлди. 14 йил олдин Уолкот энг яхши футболчилар қаторида бўлади деб ҳисоблаганлар хатога йўл қўйганини тушуниб етишди.
9. Рэйвел Моррисон
“Манчестер Юнайтед” академияси тарбияланувчиси бўлган Рэйвел тенгдошларига нисбатан ажралиб турарди. Афсуски, ёш иқтидор эгасига асосий жамоада ўзини кўрсатишга имкон берилмади. Унга бошқа жамоа излаши кераклигини айтишди. Шундан сўнг Моррисоннинг турли жамоаларда тўп суришига тўғри келди.
Ҳозирда 27 ёшда бўлган футболчи 10 та жамоада тўп суришга улгурди. Италия, Швеция, Мексика каби мамлакат жамоаларида ҳам тўп сурган Моррисон ҳозирги кунда “Мидлсбро” таркибида тўп суради.
8. Жек Родуэлл
“Эвертон” тарбияланувчиси Жек Родуэлл “ирискалар” сафида Еврокубокларда майдонга тушган энг ёш футболчи ҳисобланади. “АЗ”га қарши ўйинда дебютини ўтказган футболчи ўшанда 16 ёш-у 284 кунлик эди. Шундан сўнг Жек асосий таркибда мунтазам ўйнайдиган бўлди. “Ман Сити” 15 млн евро эвазига футболчини сотиб олди ва “шаҳарликлар” таркибида Родуел фаолиятида пасайиш бошланди. Манчестерда 2 йилини ўткаган Жек 25 ўйинда майдонга тушди ва 2 та голга муаллифлик қилди.
2014 йилда эса “Сандерленд” футболчини 12,5 млн еврога харид қилди. У ерда ҳам Родуэлл ўзини кўрсата олмади. Ҳозирги кунда эса “Шеффилд Юнайтед” аъзоси ҳисобланадиган 29 ёшли футболчи тез-тез ёшлик йилларини ёдга олади.
7. Жош Макикран
“Челси”нинг содиқ мухлислари Жош Макрикран ҳақида билишади. Карло Анчелотти даврида лондонликлар сафида кўрина бошлаган футболчига келажаги порлоқ дея таъриф беришарди. Аммо вақт ҳаммасини ўз жойига қўйди.
Лука Модричга қиёсланган футболчи 2015 йилда ижара асосида “Брентфорд” таркибига бориб қўшилди. У ерда ўзини ҳар томонлама кўрсата олди. Ўтган йили эркин агентга айланган Макикран орадан бир неча ой ўтибгина янги жамоа топа олди. Трансфер ойнаси ёпилганидан сўнг Чемпионшип жамоаси “Бирмингем” футболчини ўз сафига қўшиб олди. Аммо у ерда ҳам Жош асосий таркибдан кўра заҳира ўриндиғида кўпроқ вақт ўтказяпти.
6. Черно Самба
13 ёшида Черно Самба фантастик ўйин намойиш этганди. Бир мавсумда 32 ўйинда 132 та голни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. “Миллуол” академиясида шундай футболчи борлигидан фахрланарди.
Самбанинг фаолияти бошланмасдан туриб омадсизликка юз тута бошлади. “Миллуол” футболчини “Ливерпул”га сотишдан бош тортди. Бундай қарордан сўнг футболчида депрессия бошланди ва футболга бўлган қизиқиш сўнди. Кейинроқ Англия, Испания, Финландия, Греция ва Норвегиянинг ўртамиёна жамоаларида тўп сурган Самба 2013 йилга келиб ҳеч кимга керак бўлмаган эркин агентга айланди. 2 йил мобайнида бирорта жамоа футболчини ўз таркибига қўшиб олмади. Бу эса футболчи фаолиятини якунлаши кераклиги белгиси эди. Самба 30 ёшида фаолиятини якунлашга қарор қилди.
5. Мика Ричардс
Мика “Манчестер Сити” ҳимоясидан мустаҳкам ўрин олиши кутилганди. Ричардс “шаҳарликлар” тарбияланувчиси эканлиги ҳам мухлисларнинг унга нисбатан симпатияси ҳосил бўлишига сабаб эди. Унда ҳимоячи учун керак бўладиган барча жиҳатлар: темп, позицияни ёпа олиш, универсаллик, техника ва тезлик бор эди. Аммо жароҳатлар унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатди.
Ўтган йили “Астон Вилла” сафида тўп сураётган Мика Ричардс бутсасини михга илганини эълон қилди. Ричардс атиги 31 ёшда эди.
4. Майкл Жонсон
Жонсонни афсонавий футболчи Дитмар Хаманн Михаэл Баллакка тенглаштирган эди. Аммо Майкл германиялик футболчи кўрсатган ўйиннинг ярмини ҳам намойиш эта олмади. 16 ёшида “Ман Сити” академиясига борган Майкл аста-секин ўз кўзга кўрина бошлади. Бир нечта омадли ўйинлари ва Англия ёшлар терма жамоасидаги муваффақияти туфайли нашрлар у ҳақида ёза бошлади. Унинг шаънига ёғилаётган мақтовлар шунчаки эмасди, Майкл майдонда ростдан ҳам ажойиб ўйин намойиш этарди.
Худди Ричардс сингари Жонсон ҳам жароҳатлар гирдобига тушиб қолди. 25 ёшида футболни тарк этишга мажбур бўлди. Футболдаги охирги йилларида жароҳатлар туфайли унда психологик муаммолар пайдо бўла бошлади, шундан сўнг алкоголга боғланиб қолди, ортиқча вазн тўплай бошлади.
3. Нил Рейнжер
Ёшлик йилларидаёқ Рейнжер ўғирлик туфайли қамоққа олинган эди. Шунинг учун “Кристал Пэлас” уни академия сафидан четлатади. “Ньюкасл” эса футболчига имкон беришга қарор қилади. 2009 йилдан 2013 йилгача футболчи “Ньюкасл” сафида 60 та ўйин ўтказади. 2013 йилнинг март ойида жамоа Рейнжерни ҳайдаб юборади.
2017 йилда эса фирибгарлик туфайли қамоққа олинган Нил футболчилик фаолиятини вақтинча тўхтатишига тўғри келди. Қамоқдан чиққач “Саутенд Юнайтед” Рейнжерни ўз сафига қўшиб олди. 2018 йил январ ойида эса эркин агентга айланган футболчи ҳалигача ўзига жамоа топа олгани йўқ.
2. Френсис Жефферс
“Эвертон” тарбияланувчиси Фрэнсис Жефферс асосий жамоада ўзини кўрсата бошлади. Англия У-21 сафида ёрқин ўйинлари туфайли “Арсенал”нинг қизиқиш доирасига тушиб қолди. “Канонирлар” футболчи учун 15 млн тўлади ва орадан 3 йил ўтиб Френсисни “Чарльтон”га 4 млн евро эвазига сотиб юборди.
У ҳам жароҳатлар туфайли формасини тиклай олмади. “Арсенал”дан кетганидан сўнг фаолияти пасая бошлади. 2013 йилда “Аккрингтон Стэнли” жамоасида ўз фаолиятини якунлади. Кейинчалик Френсис “Эвертон”га қайтади ва академия мураббийи бўлиб ишлай бошлайди. Ҳозирги кунда эса Жефферс “Эвертон” У-23 жамоасида мураббий ёрдамчиси лавозимида ишлайди.
Жек Уилшир
Уилшир “Канонирлар”нинг асосий таркибида майдонга туша бошлаган вақтларда уни “британиялик Андрес Иньеста” деб аташарди. Бу футболчининг ҳам фаолиятига жароҳатлар жуда жиддий таъсир қилди. Жароҳат туфайли 2015/2016 йилги мавсумни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Жароҳатдан қутулиб, майдонга қайтгач, яна жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқди.
2018 йилда эса “Арсенал” сафини тарк этиб, “Вест Хем”га ўтган футболчи заҳира ўриндиғидан жой эгаллаган. Ҳозирги кунда ҳам жароҳатини тузатиш билан банд бўлган футболчи бир пайтлар Англиянинг умидли ёшларидан бири эди.

07.05.2020, 14:54 681 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш