Жозе Моуриньо кашф этган футболчилар! Улар кимлар?

ОАВ фақат Филиппе Коутиньо, Жейдон Санчо ва Эдинсон Каванининг келажаги борасида жуда кўп ёзяпти. Лекин яна бир муҳим футболчи эьтибордан четда қолди – бу Давид Сильва.
Дунён​инг энг яхши ҳужумкор ярим ҳимоячиларидан бири фаолиятини якунлаш арафасида. Давид Сильва 34 ёшга кирди. Кейинги имзолайдиган шартномаси футболчи учун энг охиргиси бўлиши аниқ.
Сильва “Манчестер Сити”да 10 мавсумини ўтказяпти. Бу вақт оралиғида футболчи Англияда қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритди. Испан футболчиси қўлга кирита олмаган ягона соврин – бу Чемпионлар Лигаси ғолиблиги. Бу мавсумдаги Чемпионлар Лигаси “Сити” таркибида бу совринни қўлга киритиш учун охирги имконият. Шундан сўнг у кетади. Футболчининг ўзи жамоа унга янги шартнома таклиф қилмаганини айтиб ўтган.
Ёшига қарамасдан футболчи учун бир қанча жамоалар қизиқиш билдиряпти. Келинг ўша жамоалар ҳақида суҳбатлашамиз.
АҚШ
МLS Европадаги фаолиятини якунлаётган футболчиларни доим ўзига чорлаган. Сильва ҳам улар қаторига қўшилиши мумкин. АҚШдаги жамоалардан “Интер Майами” футболчига жиддий қизиқиш билдиряпти. Жамоа раҳбари Дэвид Бекхэм Сильвани асосий трансфер мақсадларидан бири эканлигини таькидлаб ўтди.
МLSда “Интер Майами”дан бошқа жамоалар ҳам испан футболчисини ўз сафига қўшиб олишга қарши эмас. Масалан, “Нью-Йорк Сити”. “Нью-Йорк Сити” “шаҳарликлар” билан жуда яхши алоқада эканлигини ҳисобга олсак, уларда ҳам Сильвани ўз сафига қўшиб олиш учун яхши имконият мавжуд.
Сильва эса Нью-Йоркка боришга шошилмаяпти. Айниқса, Бекхэм билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг. Давид “Интер Майами“даги энг кўп маош олувчи футболчига айланиши мумкин.
Япония
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Сильвага Япониянинг “Виссел Кобе” жамоаси қизиқиш билдираётгани ҳақида кўплаб ёзишди. Ўша пайтда бу жамоада Лукас Подольски, Давид Вилья, Андрес Иньеста ва Серхи Самперлар тўп суришган. Сампер ва Иньеста жамоада қолди, Подольски ва Вилья жамоани тарк этди. Ёзда эсаТомас Вермален жамоага бориб қўшилади. Япония жамоаси мунтазам равишда фаолиятини якунлашга яқин бўлган футболчиларни таркибга жалб қилишга уриниб кўради.
“Виссел Кобе” Сильва билан келишувга эришишга ҳаракат қилиб кўрди. Томонлар ўртасидаги музокаралар қандай якун топгани бизга қоронғу. Аммо японлар футболчи уларнинг сафига бориб қўшилишига умид қиляпти. El Chino фаолиятини Японияда давом эттириши мумкин.
Италия
Сильва бошқа қитьага ўтиб кетишга мажбур эмас. Европада ҳам унга таклифлар бор. Улардан бири – “Милан”. Бир неча ҳафта олдин “Россонерилар” футболчи билан алоқага чиқишди. Миланликлар футболчи учун рақобатга киришишга тайёр. “Милан” жамоаси футболчининг агенти билан музокара ҳам ўтказди.
“Милан“ бош директори Иван Газидис жамоада ёш футболчиларни кўпайтирмоқчи. Лекин майдонда ўша ёш футболчиларни етаклайдиган тажрибали футболчи ҳам керак. Газидис Сильва шу вазифасини уддалайди, деган мақсадда испан футболчисини сотиб олмоқчи. Златан Ибрагимовичнинг “Милан”даги келажаги эса номаьлум.
Швед футболчиси раҳбариятнинг ишларидан норози ва тез орада жамоани тарк этиши мумкин. Бу эса Сильвага жамоа етакчиси бўлиш имкониятини беради. Аммо Давиднинг ўзи “Милан” таркибига ўтиш нияти бор-йўқлиги ҳақидаги саволни ҳозирча очиқ қолдирган.
Испания
Балки Давид Сильва фаолиятини ўз ватанида якунлашни истар? Нега энди йўқ? Испания жамоалари ҳам Давидга қизиқиш билдирмоқда. Улар орасида “Бетис“ бор. Англия нашрлари хабарига кўра, “яшил-оқлар” футболчига 2 йиллик шартнома таклиф қилган. “Бетис” Сильва билан биргаликда Педрони ҳам ўз сафига қўшиб олиш ниятида.
Сильва ўзи туғилиб-ўсган Гран-Канарияга қайиш нияти борлигини маьлум қилган. У ерда футболчи “Лас-Пальмас” таркибига бориб қўшилиши мумкин. Аммо “Лас-Пальмас“ сегундада, уни устига ҳали-бери ЛаЛигага чиқа олмайди. Футболчи иккинчи лигада тўп суришга рози бўлармикан?
Силва “Манчестер Сити”ни тарк этиши ҳақида эьлон қилганидан сўнг, фаолиятини қаерда давом эттириши борасида ҳеч нарса демади. Шуниси аниқки, футболчи ҳали бутсасини михга илиш нияти йўқ. Демак, биз ҳали Давид Сильванинг ўйинидан баҳраманд бўлиш имконига эгамиз.
Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади
Манба: sports.uz

04.05.2020, 08:14 691 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш