Жозе оқибат қилмади: Ибра энди қаерда ўйнагани маъқул?

Мавсум аввалида Жозе Моуринью туфайли “Манчестер Юнайтед”га ўтган Златан Ибрагимович энди айнан Жозе туфайли жамоасиз қолди. Гап шундаки, кетма-кет голлар уриб, жамоасини олдинга етаклаб турганида португалиялик мутахассиснинг севимли футболчисига айланиб улгурган Ибрагимович жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққач, “Манчестер Юнайтед” ундан осонгина воз кечиб қўя қолди. Ҳа, натижа кўрсатмайдими, ўйнай олмаяптими, у ким бўлишидан қатъий назар, жамоадан кетади — бу Моуриньюнинг азалий қоидаси.
Бир томондан жамоани айблаб бўлмайди, чунки Златан билан тузилган шартнома якунига етди. Агар шартнома муддати тугамай туриб алоқани узганида айбласа бўларди. Лекин ойнанинг иккинчи томони ҳам бор, айни дамда “Манчестер Юнайтед” Европа лигасида ғолиб бўлди, мавсумни учта соврин билан якунлади, кейинги йили Европа Чемпионлар лигасида ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритди. Златан эса мавсумда миллий чемпионатнинг ўзида 17 та гол киритди. Хўш, “қизил иблислар”нинг натижаларига ана шу 17 гол ижобий таъсир кўрсатганлигини ким инкор эта олмади? Демак, Ибранинг бунда ўз ҳиссаси бор. Қолаверса, унинг трансфери “МЮ”га катта фойда келтирди. Шундан келиб чиқиб, жамоа Ибра билан шартномани яна бир йилга узайтирса ҳам бўларди, сабаби, футболчининг ўзи “Манчестер Юнайтед”да яна ўйнашни, кейинги йили бу жамоа билан Европа Чемпионлар лигасида қатнашишни, қайсидир маънода ўз меҳнатининг самарасини кўришни ният қилганди. Бироқ Жозе ундан осонгина воз кечиб қўя қолди. Сабаб битта, Ибрагимович ҳозир резултат берадиган ҳолатда эмас, Жозега эса бугун муҳим, келажакнинг аҳамияти йўқ.
Энди иккинчи масалага ўтсак, Ибрагимович қайси жамоада ўйнаши мумкин? Айни пайтда унда имконият кўпроқ, чунки у эркин агентга айланди, яъни исталган жамоа уни текинга қўлга киритиши мумкин. Табиийки, Златанни текинга олишни кўплаб жамоалар хоҳлашади. Бундан келиб чиқадики, Ибрагимович кўчада қолмаслиги аниқ. Гап энди унинг ўзида.
Биринчи совчилар — Хитой. Тажрибали, ёши катта футболчилар учун отнинг калласидек маблағ таклиф қилаётган хитой клублари Ибрагимовични текинга жон-жон деб олишади. Ҳатто унинг учун сарфланиши мумкин бўлган маблағни маошига қўшиб, катта миқдорда маош таклиф қилишлари ҳам мумкин. Бироқ Златан бу таклифни қабул қилармикин? Бизнингча, йўқ. Чунки у футболдан пул эмас, завқ олишни истайди. Хитой футболи эса айни дамда Златанга завқ берадиган даражага етгани йўқ.
Иккинчи совчилар эса Америка клубларидан бўлиши мумкин ва Златан учун энг бу маъқулроқ вариант. Биринчидан, айни дамда Америкада савия жиҳатдан Златандан кам бўлмаган футболчилар тўп суришяпти. Иккинчидан, Америка футболи Хитойникидан жозибадорроқ, кучлироқ ва Ибрабопроқ. Демак, янги мавсумда агар фаолиятини тугатмаса, Златанни Америкада кўрсак ҳам ажаб эмас. Эҳтимол, Европада ҳам қолар. Бу энди унинг келажакдаги нияти қандай эканлигига боғлиқ.

10.06.2017, 12:07 3884 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш