Ўзбек футболи ана шундай ислоҳотларга жудаям муҳтож

Яқинда Тошкентнинг “Пахтакор” клуби янги мураббийга эга бўлди. Бу мураббий ҳам чакана эмас экан, биз буни унга боғлиқ рақамлар орқали билдик, яъни у фаолияти учун яхшигина ҳақ оларкан. Табиийки, Европа клубларида ишлаган, керак бўлса Луи ван Галга ёрдамчилик қилган Шота Арвеладзе “Пахтакор”га ҳам Европа футболи руҳини сингдиришга уринади. Бу эса албатта катта трансферларсиз бўлмайди. “Пахтакор” эса буни олдиндан билган ва шунга тайёр. Демак, жамоанинг бақувватгина ҳомийси бор.
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ўзбек клубларини хусусийлаштириш керак, ана шунда тадбиркорлар, умуман клублар хўжайинлари ўз жамоаларини кучайтириш учун интилишади, чунки улар шу орқали даромад топишади. Масалан, “ПСЖ” қанча кўп ғалаба қозонса, Носир ал-Хелайфийга шунча фойда. Шунинг учун ҳам у керагидан ортиқ маблағ сарфлаб, жамоани кучайтирмоқда. Хўш, Хелайфи келишидан олдин “ПСЖ” шундай кучга эгамиди? Йўқ. Ёки “Манчестер Сити”ни олайлик. Бу клуб Европада қисқа муддат ичида ривожланиб кетган жамоалардан биридир. Бунга эса уни харид қилган тадбиркорнинг маблағлари сабабдир.
Демак, бизга ҳам шундай ислоҳотлар керак. Масалан, “Пахтакор” энди бемалол халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этишга уриниши мумкин. Чунки Арвеладзенинг қаричи маҳаллий мураббийларимизникидан икки карра узунроқ, ҳар ҳолда шунга умид қиламиз.
Ёки “Нефтчи”ни олайлик. Айни дамда Вадим Абрамовни мураббийликка жалб қилган водий жамоаси бирорта бақувват ҳомийга, таъсир кучи юқори ва унча-бунчаларнинг таъсири ўтмайдиган ҳомийга эга бўлса, иши юришиб кетади. Ана шунда “Нефтчи” бемалол чемпионликни, халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишни режалаштирса бўлади.
Яна бир жиҳат. Тошкент шаҳрининг учта жамоаси: “Локомотив”, “Пахтакор” ва “Бунёдкор”. Ҳар ҳолда олий лигада катта кучга эга бўлиб турган пойтахт жамоалари шулардир. Агар шу жамоаларнинг ҳар бири хусусийга айланса ва ҳар бирига катта маблағ ажратилса, уларнинг тақдири бир-бириникига боғлиқ бўлмаса, кейин кўринг рақобатни. Худди Лондоннинг учта клуби каби.
Хусусийлаштиришнинг шу жиҳати афзалки, жамоаларнинг ҳар битта ғалабаси унинг эгасига фойда келтиради. Табиийки, хўжайинлар жамоасининг ғалабаси, етакчиликка интилиши учун жон куйдиради. Ана шунда бир жамоанинг чемпион бўлиши учун иккинчи клуб ютқазиб бермайди, ана шунда ўйинлар натижаси “шароитга қараб” ҳал этилмайди. Ана шунда ҳар битта жамоа юқори ўринлар учун интилади. Профессионализм ошади.
Энди масаланинг иккинчи жиҳатига тўхталсак. Натижа биринчи ўринга чиққанидан кейин клубга футболчилар пули ёки таниш-билишига қараб эмас, иқтидорига қараб танланади. Ҳар битта клубга тузукроқ скаутлар тайинланади ва улар чекка-чекка жойлардан иқтидорларни излаб топишади. Клуб раҳбарлари бу жиҳатга катта эътибор қаратишади. Иқтидорлар топилади, жалб қилинади ва қадрланади. Оқибатда майдонда қўполлик қилишу сўкинишлардан бошқа нарсага ярамайдиган отасининг эркатойларига очиқ эшиклар кўрсатиб қўйилади. Уларнинг ўрнини эса иқтидорли, аммо “маълум сабабларга кўра” профессионал футболга кириб келолмаётган футболчилар эгаллайди. Бу эса терма жамоамиз учун янги иқтидорларни ҳам кашф этиб беради.
Биламан, булар икки-уч йилда содир бўладиган жараёнлар эмас. Ўзбек футболининг ҳозирги ҳолатида юқоридаги жараёнларни амалга ошириш учун узоқ йиллар ёки бу воқеликни тезда амалга оширишни истайдиган раҳбар керак. Гарчи айни дамда утопияга ўхшаб туйилса-да, футболимиз юқоридаги каби ислоҳотларга жудаям муҳтож.
 

08.06.2017, 21:39 2830 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш