Порлай олмаган юлдуз ёхуд “Бавария” нега бу футболчини қурбон қилди?

Яқин йиллар ичида Португалия футболи яна бир янги юлдузни — Ренату Саншешни кашф этганди. Ренату ўзининг тезкорлиги ва кучли зарбалари билан кўплаб гранд жамоаларнинг эътиборига тушганди. Кўпчилик унинг келажаги порлоқ эканлигини таъкидларди. Ренатунинг олдида ҳам кўплаб вариантлар бор эди, кўп жиҳатдан унинг кейинги тақдири қайси жамоани танлашина узвий боғлиқ эди ва шундай бўлди ҳам. Афсуски, Саншешнинг қарори ўзи учун зарарига ишлади.
“БАВАРИЯ”ДА КЎККА СОВУРИЛГАН ЛАҲЗАЛАР
Ренату Саншеш “Бавария”га кўчиб ўтганида орзулари бисёр эди. Дастлаб асосий таркибда майдонга тушди, аммо бу кўпга бормади, бора-бора у захирада қолдирилаверди. Кейинчалик эса бутунлай захирага михланди. Хўш, бунинг сабаби нимада?
Биринчидан, “Бавария”да рақобат кучли ва ёш футболчининг бу рақобатда ютиб чиқиши қийин. Арьен Роббен, Артуро Видал, Томас Мюллер каби юлдузлар тўп сурадиган клубда ўрнини топиш Саншешдан анча кўп меҳнат ва вақт талаб қиларди. Буни қарангки, бу вақт анча кўпайиб кетди ва Саншешнинг ўйин амалиёти кескин камайди. Оқибатда сўнгги пайтларда Ренату исмли футболчи борлигини унутиб ҳам қўяёзгандек. Агар воқеалар ривожи шу тарзда кетаверса, Саншеш ўртамиёна футболчига айланиб қолади.
“МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД” — ЭНГ МАЪҚУЛ ВАРИАНТ
“Бавария”дан фарқли ўлароқ, “Манчестер Юнайтед”да Ренату асосий таркибдан жой олса бўларди. Ҳар ҳолда, жамоа ёш иқтидорли футболчиларга жуда-жуда муҳтожлик сезаётганди. Шунинг учун “қизил иблислар”нинг ўша пайтдаги мураббийлар штаби Ренату Саншешга оғиз солиб ҳам кўрди, бироқ футболчи бу таклифни рад этди. Ваҳоланки, агар Манчестерга кўчиб ўтганида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўларди.
ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС
Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Ренату эндигина 19 ёшга тўлди ва ўзи учун керакли қарорни қабул қилиб, келажагини қуриш имконига эга. Бунинг учун таклифларни ҳар томонлама жиддий кўриб чиқиш керак. У, аввало, номдорлик ва шон-шуҳратни эмас, ўйин амалиётини танлаши лозим. Ана шунда ютқазмайди. “Бавария” Ренатуни сотишга қарши эмас, чунки бу футболчининг трансферидан немис клуби яхшигина пул ишлаб олмоқчи. Биз ишонамизки, Ренату ўз келажагини ўзи қуради ва келажакда ёрқин юлдузга айланади.

05.06.2017, 13:14 2781 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш