Фойдали қазилма. Қай тарзда Иско “Реал” учун кўринмас қаҳрамонга айланди?

Кейлор Навас кейинги хатосини амалга ошираётган, Гарет Бейл жароҳати билан курашаётган ва Криштиано Роналду фақат Чемпионлар лигасида гол ураётган бир пайтда Примерода “Реал”нинг ҳақиқий етакчиси Иско бўлди. Мавсум давомида уни бир неча маротаба бир нечта клубга сотишди. Аммо у ҳар чиққан ўйинида ўз профессионаллигини исботлади.
2016 йилнинг ёзи “Реал”нинг бирданига икки футболчиси — Иско ва Хамес Родригес учун ноқулай ўтди. Икки футболчининг “қиролли клуби”ни тарк этиши трансфернинг охирги сонияларигача тинмади ва ҳатто ундан сўнг ҳам давом этди. Қарийб ҳар бир ўйиндан кейин бу икки футболчи учун ОАВ янги клуб топиб берарди. Ўз навбатида Зидан бир гапни айтишдан ҳеч чарчамасди: “Бу футболчи бизга жуда керак ва улар, албатта, ўз имкониятларига эга бўлишади”. Мураббий ўз сўзида турди ва уларга етарли даражада имкон берди. Бироқ бу имкониятдан фақат бир киши фойдалана олди, бу — Иско.
Гарчи ноябрь ойида “Golden boy — 2012” соҳиби ўз келажаги ҳақида ҳеч нарса айта олмаслигини таъкидларди, унинг атрофида эса “ПСЖ”, “Манчестер Сити”, “Тоттенхем”, “Ювентус”, “Бавария”, “Милан” ва бошқа гранд клублар гирдикапалак бўлишганди. Мавсумнинг биринчи палласи якунланганидан сўнг Иско ҳисобида 2 та гол ва 3 та голли узатма бор эди.
Янги кириб келган йилда Иско 7 маротаба дарвозабонларни хафа қилган бўлса, 2 маротаба жамоадошларига ёрдам берган. Бу билан Ла-лигада бир мавсумда гол уриш бўйича ўз рекордини такрорлади. Унинг тўп узатиш бўйича аниқлиги 90 фоизга тенг, яккакурашларнинг ярмида қўли баланд келган, ўйинда тўпни дадил тарзда ўзида ушлаб қолади ва майда пасларда жуда чаққон ҳаракат қилади. Мухлислар Флорентино Пересдан зудлик билан янги шартнома тузишни сўрашмоқда.
“Иско жамоада қоладими? Ҳаммага маълумки, унинг ўйин услуби менга жуда ёқади. У бизнинг клубда қолиши керак, унинг жойи шу ерда”, — дея бир неча маротаба Зидан бу саволга жавоб беришга мажбур бўлган. Янги шартнома Искога мартнинг охирига келиб таклиф қилинди. Унга кўра, жамоа футболчи билан 6 йилга шартнома тузади ва унинг маоши 2 баробарга (яъни 3 млн евродан 6 млн еврога) ошади. Футболчи кейинроқ мухлисларни хавотирга тушириб қўйди. Гап шундаки, “Инстаграм”га Исконинг “Барселона” реклама қиладиган чипс билан тушган сурати жойланганди. Мухлислар Искодан дарров бу ҳолатни тушунтиришини талаб қилишди. “Мен “Барселона” жамоасига ўтиш ниятим йўқ! Сурат эса шуни англатадики, биз шунчаки чипс егимиз келди. Айтганча, мен ҳатто уларни татиб кўрганим ҳам йўқ. Шунчаки, дўстларим менга муаммо туғдиришни хоҳлаганлар, холос”, – дея изоҳлаб ўтган Иско.
 “Мен бу гапни бир неча маротаба айтиб ўтганман, мен “Реал”да қолиш ниятидаман. Мен дунёнинг энг яхши клубидаман ва мен жуда омадли инсонман”, – дея таъкидлаб ўтган Иско. Кўпгина мухлислар Иско ўйинда йўқлиги сабаб жамоа Эл-классикода мағлубиятга учраган, дейишмоқда. Бироқ асосий рақибга ютқазган бўлса-да, “Реал” якунда Примерони қўлга киритди.
 

05.06.2017, 12:30 5045 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш