Эронга қарши ўйин олдидан: терма жамоамизнинг оптимал таркиби қандай бўлиши керак?

Ҳадемай 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига саралаш доирасида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда терма жамоамиз Эронга қарши баҳс олиб боради. Бу ўйин биз учун жуда муҳим, агар Эронни мағлуб этсак, камида иккинчи ўринга кўтариламиз. Агар ютқазиб қўйсак, учинчи ўрин ҳам хавф остида қолиши тайин. Айни дамда бош мураббий Самвел Бабаяннинг олдидаги асосий муаммолардан бири таркиб масаласидир. Хўш, асосий таркиб қандай бўлиши керак?
ҲИМОЯ ЧИЗИҒИ — МУАММОЛАР ЕТАРЛИЧА
“Насаф”га қарши ўйинда кўрсатган хурмача қилиқлари туфайли Даврон Ҳошимов учун терма жамоа эшиклари ёпилса ҳам ажабланмаймиз. Боиси унинг бундай қўполликларини бизнинг ҳакамлар кечирган тақдирда ҳам, осиёлик ҳакамлар кечирмаслиги тайин, улар юзхотир қилиб ўтиришмайди. Оқибатда Даврон қизил карточка олиб, терма жамоамизни қийин аҳволга тушириб қўйиши тайин. Очиғи, ҳозирда терма жамоамиз ҳимояси учун битта аниқ, кўнгилни хотиржам қиладиган номзод бор — Виталий Денисов. Бироқ у қанот ҳимоячиси. Марказий ҳимояда эса айни дамда Анзур Исмоиловга ишонч билдиришга мажбурмиз, қолаверса, Ислом Тўхтахўжаев ҳам ёмон ўйнаётгани йўқ-ку, бироқ бу иккаласи айрим ҳолларда, айниқса, муҳим ўйинларда уялтириб қўйишлари мумкин. Яна бир қанотда эса Бабаян Шуҳрат Муҳаммадиевни туширса бўлади, айтгандай, бизда Акмал Шораҳмедов варианти ҳам бор, хуллас, айни дамда терма жамоамизнинг ҳимоясини кўнгилдагидек қилиш учун тажрибали ҳимоячилар етарли эмасдек, назаримизда. Эҳтимол, мураббийлар юқоридагилардан бошқа вариантларни ҳам топишар.
ЯРИМ ҲИМОЯ — НИСБАТАН ЯХШИРОҚ
Албатта, Одил Аҳмедов — Сардор Рашидов — Сервер Жепаров — Жалолиддин Машарипов — Марат Бикмаев — ва ҳоказо. Хуллас, Самвел Бабаянда ҳимоя чизиғидан кўра ярим ҳимоя чизиғида вариантлар кўпроқ. Қолаверса, терма жамоамиз сафида айнан шу чизиқда ишончли ҳаракат қиладиган чарм тўп усталари кўпроқ учрайди. Фақат Бабаян Эронга қарши матчда тезкоррое ярим ҳимоячилардан фойдаланиши керак. Масалан, Сардор Рашидов, Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов ва агар ўйини ўхшаса ва ўша куни яхши формада бўлса Марат Бикмаев. Агар Марат ҳужум чизиғида ўйнаса, бошқа бир футболчи топиш керак.
ҲУЖУМ ЧИЗИҒИ — ЯНГИЛАНИШЛАР КЕРАК
Ҳужум чизиғимиз анча пайтдан бери ислоҳотга муҳтож бўлиб турибди. Эронга қарши ўйин олдидан эса бу ислоҳотларни янада кучайтириш керак. Бизнингча, Эронга қарши Моуриню “Аякс”га қарши танлаган тактика — 4-5-1 дан ёки 4-4-2 дан фойдаланишимиз керак. Биринчи вариант бироз маъқулроққа ўхшаяпти, боиси Эрон ва терма жамоамизнинг ҳозирги ҳолати шуни тақозо қилмоқда. Ҳужумда эса Темурхўжа Абдухолиқовдан, агар вазият яна бир ҳужумчидан фойдаланишни тақозо этса жон куйдириб ўйнайдиган футболчидан фойдаланиш керак.
Биз яхлит таркиб келтирмадик, бу борадаги ҳукмни ўзингизга қолдирдик. Қани, кимнинг оптимал таркиби мураббийларимизнинг танлови билан мос келаркин?

26.05.2017, 16:43 5494 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш