Обамеянг “Реал”га ўтмаслиги керак, чунки...

Габонлик ҳужумчи Пьер Эмерик-Обамеянгнинг “Боруссия”дан кетиши аниққа ўхшайди. Бунинг биринчи сабаби, футболчининг ўзи бошқа жамоага ўтишни истаяпти ва айнан шу масалада жамоа раҳбариятига илтимоснома билан чиққан. Иккинчи сабаби, Обамеянг катта ютуқларни қўлга киритишни хоҳлайди, Дортмунднинг “Боруссия”си эса айни дамда бундай натижани қўлга киритадиган даражада эмас. Бунга ЕЧЛ чорак финали доирасида “Монако”га қарши кечган ўйинда гувоҳ бўлдик. Учинчи сабаби, Обамеянгга қизиқиш билдираётган клублар талайгина. Улар орасида халқаро мусобақаларда ғолиб бўлишга қодир жамоалар ҳам бор. Бироқ...
“РЕАЛ” ВАРИАНТИ ЯХШИ, ЛЕКИН...
Бир пайтлар бобосининг илтимосини бажариш ва юқори натижаларга эришиш учун габонлик ҳужумчи “Реал”га ўтишни истаганди. Бироқ айни дамда бу футболчи учун унчалик тўғри танлов эмас. Бунинг сабаби шундаки, афтидан, “Реал”, аниқроғи, Зидан Бенземадан воз кечадиганга ўхшамайди, қолаверса, франциялик мутахассис Алваро Моратани ҳам “Реал”да олиб қолмоқчи ва унга кўпроқ ўйин амалиёти ваъда қилмоқда. Бу дегани янаги мавсумда Мората ҳам ҳужумда кўпроқ ўйнайди, дегани. Демак, “Реал”да Бензема ва Мората каби марказий ҳужумчилар бор ва улар асосийда ўйнашга даъвогар, иккаласини ҳам захирага михлашга Зиданнинг кўзи қиймайди, демак, Обамеянг учун айни дамда “Реал” варианти унчалик маъқул эмас.
“МИЛАН”ДА ЖОЙ ТАЙЁР, БИРОҚ...
Италиянинг “Милан” клуби айни дамда Обамеянгдек кучли ҳужумчининг хизматларига муҳтож. Айни дамда жамоада клубнинг савиясига мос бўлмаган футболчилар кўпайиб қолган ва раҳбарият бундай ўйинчилардан воз кечиб, кучли футболчиларни харид қилмоқчи. “Милан” раҳбарияти аввал Моратани сотиб олмоқчи бўлди, бироқ “қироллик клуби” Алварони сотмаслигини айтгач, эътибор Обамеянгга қаратилди. Обамеянг учун “Милан”нинг биринчи афзал томони шундаки, у итальян клубининг асосий таркибидан муаммосиз жой эгаллайди, ёмон жиҳати эса “Милан” янги мавсумда Европа Чемпионлар лигасида ўйнамайди. Демак, Обамеянгнинг “Милан”ни танлаши сал мантиқсизроқдек, назаримизда. Чунки “Боруссия” ЕЧЛда ўйнайди. Аммо Обамеянг агар бир йил ўйнаб, “Милан”нинг кейинги мавсумда ЕЧЛга чиқишига муносиб ҳисса қўшса, жуда яхши бўларди клуб мухлислари ва раҳбарияти учун.
“ПСЖ” — ҲАР ТОМОНЛАМА ҚУЛАЙ
Асосий таркибдан жой керакми, марҳамат. Катта миқдорда маош керакми, марҳамат. Катта совринлар керакми, марҳамат — “ПСЖ”да Обамеянг учун ҳамма нарса тайёр. Ибрагимович кетганидан кейин “ПСЖ”га яққол номинал ҳужумчи жуда керак бўлди, тўғри, Ибра кетганидан кейин Кавани жиловни қўлига олди, бироқ унинг бир ўзи кўп нарсани уддалай олмасди. Демак, айни дамда Обамеянг учун “ПСЖ”да асосий таркибда жой бор. Демак, айни вазиятдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Обамеянг учун энг қулай вариант — бу “ПСЖ”!
Низомжон ИСЛОМОВ

26.05.2017, 11:22 9501 1

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак

  • #comment Ok-7

    2017-05-27 20:57:21

    Ha Abameyanga Realda joy yoq!

    Javob berish

    Ok-7'га жавоб бериш

×Ёпиш