“Манчестер Юнайтед” — “Аякс”: кимнинг аҳволи қандай?

Бугун Европада катта футбол байрами. Бугун Европа лигаси финалида “Аякс” ва “Манчестер Юнайтед” жамоалари ўзаро тўқнаш келишади.
“АЯКС” — ШИДДАТ, ТЕЗКОРЛИК ВА ШИЖОАТ
Эҳтимол, бир қарашда “Аякс” мазкур тўқнашувда аутсайдердек туйилар, бироқ мазкур жамоанинг тезкорлиги ва шиддати “Манчестер Юнайтед”никидан юқорироқ. Боиси, мазкур жамоада нисбатан ёш футболчилар тўп суришади, улар ҳали футболга чанқоқ, уларда тезкорлик юқори, улар Погба ва шунга ўхшаш оғиркарвон футболчиларни бир ҳамлада ортда қолдириб кетишлари мумкин тезликда, албатта. Қолаверса, “Аякс”нинг ютқазадиган нарсаси йўқ, агар жамоа мағлубиятга учраганида ҳам Голландияда футболчиларни катта хурсандчилик билан кутиб олишади, боиси “Лион”ни енгиб, Европа лигасига финалига чиққанларининг ўзиёқ ёш футболчилардан тузилган жамоа учун катта натижа. Қолаверса, рақиб “Манчестер Юнайтед”, ўртамиёна жамоа эмас.
Бироқ “Аякс” ғалаба учун ўйнаши тайин. Ахир ким ҳам тарихга киришни истамайди, дейсиз. Агар “МЮ”ни мағлуб этиб, Европа лигаси бош совринини қўлга киритишса, болакайлар ўзига хос рекорд ўрнатган бўлишади (эҳтимол, энг ёш чемпионларга айланишар). Бунинг учун эса қўлларидан келган барча нарсани амалга оширишади, бу улар учун сўнгги имконият. Хуллас, “Аякс”да ҳаммаси жойида — йўқотишлар йўқ, ортиқча босим йўқ, қўрқув йўқ. Ғолибликка иштиёқ катта, интилиш катта.
“МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД” — ТАЖРИБА, МАҲОРАТ ВА БОСИМ
Жозе Моуриньо шогирдларида эса вазият бироз бошқачароқ. Агар “қизил иблислар” мағлубиятга учрагудек бўлишса, Манчестерда уларни жуда ёмон қарши олишлари аниқ. Қолаверса, шу биргина мағлубият жамоани барча нарсадан маҳрум қилади. Шу боис Моуриньо шогирдлари катта босим остида ҳаракат қилишлари табиий.
“Манчестер Юнайтед”га тажриба қўл келиши мумкин агар бу тажрибадан ўринли фойдалана олишса. Тан олиш керак, бугунги ўйинда рақиб жуда тезкор ўйнаши кутилмоқда. Демак, шундай ўйинга тайёр туриш, тезкорликни тажриба ёрдамида тўхтатиб қолиш лозим ёки бор имкониятни ишга солиб, тезкорликка тезкорлик билан жавоб бериш керак. Жамоа сафида тажрибали футболчилар кўплиги ўзингизга маълум. Айнан шу жиҳатдан Моуринью шогирдлари устунликка эришиши мумкин.
Бугун шиддатли ўйин гувоҳига айланамиз. Чунки юқорида “Аякс”нинг тезкор футбол намойиш этишини таъкидлаб ўтдик. Ўз навбатида “Манчестер Юнайтед” ҳам ҳимоявий тактика танламаса керак. Ҳар ҳолда “Аякс”га қарши финал ўйинида иккинчи рақамда ҳаракат қилиш Жозе Моуриньо шогирдларига ярашмаса кераг-ов.
Хуллас, бугун Европа лигасининг ғолиби аниқланади: ўйинни, албатта, кўринг, бу ЕЧЛ финалидан асло қолишмайдиган ўйин бўлади. Биз эса “Аякс” ва “Манчестер Юнайтед”га омад тилаб қоламиз.
Низомжон ИСЛОМОВ

24.05.2017, 11:20 1947 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш