Усмон Тошев: Мураббийлар етарли бўлса-да, нима учун яхши футболчилар етишмайди?

Тажрибали мураббийнинг фикр ва мулоҳазалари.
Бугунги пайтда Тожикистонда ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев фаолият олиб бораётганини барча яхши билса керак. Тожикистон миллий терма жамоасида бош мураббий сифатида ишлаб келаётган Усмон Қудратович у ерда нафақат миллий жамоани, балки бутун тожик футболини ривожлантириш йўлида ўзининг тажрибаси ва меҳнати билан ёрдам бериб келмоқда. Ҳамюртимизнинг у ердаги фаолияти қизиқарли кўринишда давом этяпти десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.
Бутун дунёга коронавирус хавф солаётгани туфайли ҳозирги пайтда футбол кейинги даражага тушиб қолди. Лекин айни пайтда коронавирус кирмаган кам сонли мамлакатлардан бири бўлиб турган Тожикистонда футбол ҳозирда қай даражада? Бу ҳақида мамлакат терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев шундай деди:
- Албатта, ҳозирги вазият яхши эмас. Чунки коронавирус бутун дунёни қамраб оляпти. Бундан ҳаммамиз эҳтиёт бўлишимиз керак. Қолаверса, ҳамма жойда чемпионатлар ҳам тўхтатилган. Мана, кўряпсиз, завод ва фабрикалар ҳам ёпиляпти. Буларнинг барчаси аввало соғлиқни сақлаш учун қилинаётган ишлардир. Тожикистонда эса карантин йўқ, ҳамма ишлаб юрибди. 4 апрелда мамлакат Суперкубоги учрашуви бўлиб ўтади. Эртасига эса миллий чемпионат баҳслари бошланиши кўзда тутилган. Биз мана шу график бўйича ўйинлар бошланишини кутяпмиз. Ўйлайманки, бу ерда карантин жорий этилмайди. Умид қиламанки, тез орада ҳамма жойда вазият яхшиланади.
Гарчи Тожикистонда ички чемпионат бошланиши арафасида турган бўлса-да, аммо терма жамоа даражасидаги ўйинлар аллақачон бекор қилинган. Чунки дунёдаги деярли барча терма жамоалар вақтинчалик фаолиятларини тўхтатиб турибдилар. Табиийки, бундай жараёнда Тошевнинг режалари ўзгариб кетгани аниқ. Хўш, мураббий бундан буёғига қандай режалар тузади?
- Терма жамоа бўйича ҳам ҳамма жойда ўйинлар тўхтатилганини яхши биласиз, - дея фикрини давом эттирди, Усмон Қудратович. - Ҳаттоки, ўртоқлик учрашувлари ҳам бекор қилинган. Бошқа мамлакатлар билан авиарейслар ҳам ёпилгани боис ҳеч қаерга чиқа олмаймиз. Шу боис барча режаларимиз бузилди. Балки бузилди деганда бироз қўпол айтган бўлишим ҳам мумкин. Шунчаки, иш режамизни бошқатдан кўриб чиқамиз. Чемпионат яқинда бошланади ва шунга қараб яна режалар тузиб ишимизни давом эттирамиз. Бундай пайтда тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда иш кўрамиз. Ҳозирги дунёдаги вазиятни ҳамма жуда яхши тушуниб турибди. Шундай экан, биринчи навбатда инсонларнинг соғлиги асосий вазифага айланади. Шу боис вазиятга қараб ишлайверамиз.
тошев_1
Терма жамоалар танаффусга чиққан пайтда Усмон Тошев Душанбеда қандай ишлар билан банд? Ёки режалар тузиш билан оворами? Ҳамюртимиз мазкур масала бўйича ҳам тўхталиб ўтди.
- Тўғриси, терма жамоа бўйича ишларимизни қандай режалаштиришни ҳам билмайман. Айнан қачон ва нима учун тайёргарлик кўришни ҳам тўлиқ билмаймиз. Бунинг учун бизга аниқ саналар керак. Шунингдек, ҳозирги пайтда футбол федерациясида ёшлар футболи бўйича ҳам ишлаяпмиз. Бу борадаги ишларни ривожлантириш учун ушбу бўлимга яқиндан ёрдамлашяпман. Шунингдек, Тожикистондаги мураббийларнинг ўқишига ҳам эътибор қаратяпмиз. Яна бир катта масъулиятли иш олдимизда турибди. Яъни, терма жамоалар учун катта ер ажратилган. Майдонлар, базалар ва бошқа ишлар қандай йўлга қўйилиши борасида ҳам бош қотиряпмиз. Иш аслида етарли, инсон ўзи хоҳласа албатта иш топади. Бу ерда мени қизиқтирадиган ишлар кўп ва фойдам тегса бундан хурсанд бўламан. Баҳористон деган жойда олий лигада ишлаётган мураббийлар билан ўзаро фикр алмашдик, терма жамоа бўйича муносабатларини эшитдим. Менинг мақсадларимдан бири ҳамма мураббий биргаликда, ҳамжиҳатликда ишлашимиз керак. Қилаётган ишларимизнинг барчаси футболни ривожлантиришга қаратилган. Агар ҳамма ўзи билганича иш қилаверса, терма жамоалар билан ўртада узилиш бўлса, унда бу ҳолат яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун мен бу ҳақида уларга кўп гапирдим. Шунингдек, ҳамма жамоаларда тиббиёт яхши ишлашлиги учун бу соҳани ҳам жой-жойига келтиряпмиз. Маркетингга ҳам жиддий эътибор қаратяпмиз.
Бир қатор терма жамоалар хорижлик легионерларнинг ҳисобига таркиби кучайтирилганига гувоҳ бўламиз. Бизни қизиқтиргани шуки, Усмон Тошев Тожикистон миллий терма жамоасида ҳам хорижлик футболчиларни кўришни истайдими? Шу савол билан унинг ўзига мурожаат қилганимизда шундай жавоб қайтарди:
- Ушбу вазиятга мен бошқачароқ қарайман. Бу масалада менинг бироз субъектив фикрим бор. Нима учун шундай футболчилар йўқ? Бизга четдан ўйинчи олиб келиш қанчалик тўғри келади ёки тўғри келмайди? Нима учун мана шундай футболчиларни ўзимизда тайёрлай олмаяпмиз. Бу кимнинг хатоси? Албатта, олдин бу ҳақида ўйлагандик ҳам. Бу масалада маслаҳатлашганимизда ўзимизда иқтидорлар борлиги, бу борада тажрибамиз етарли ва уларни ўстира олиш мумкинлигига амин бўлгандик. Тожикистонлик футболчилар билан ишлаб улар орқали камчилик бўлиб қолган жойларни тўлдира оламиз. Буниси энди мураббийларга боғлиқ. Улар ойлик маошларини олишяпти, билим даражаси бўйича сертификатлари ҳам бор. Демак, энди улар янада яхшироқ ишлашлари керак. Ҳозирда Тожикистон термасига легионер ўйинчилар керак эмас. Албатта, айрим позицияларимиз бизни ўйлантиряпти ва уларни тўлиқ равишда ёпа олмаймиз. Аммо ўша позицияларга тожикистонлик айрим янги футболчиларни топганман ва уларни кўз остимга ҳам олиб қўйганман. Вақти келганда улар билан албатта ишлаймиз ва муаммоли ҳолатларни ёпмоқчимиз. Буниси энди ўзимизга боғлиқ бўлиб қолади. Яъни, ўз ишимизни қанчалик бажара оламиз ёки аксинча, буни вақт кўрсатади. Пул бериб четдан ўйинчи олиб келиш осон. Биз танлаётган йўл эса бироз қийинроқ, аммо тўғри йўл. Биз фақат ўзимиздан футболчиларни тайёрламоқчимиз. Чунки савол туғилади, бу ерда мураббийларга иш ҳақлари тўланяпти ва бу кичкина сумма эмас. Газеталарда ва телевидениеларда кўрсангиз ҳамма мураббийлар катта-катта гапиришади. Барча лицензиялари, ҳаттоки “про”си бор мутахассислар ҳам етарлича. Лекин шундай экан, нима учун яхши футболчилар етишмайди? Мураббийлар етарли бўлса-да, четдан пул сарфлаб легионерларни олиб келишнинг маъносини тушунмаяпман.
тошев4_1
Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳозирги кунда коронавирус туфайли деярли барча мамлакатда футбол тўхтаб қолган. Бундан эса дунё футболи нима йўқотяпти? Бу албатта ўйлантирадиган масала. Усмон Қудратович эса бу борада ўз фикрларини билдирди.
- Менимча, бу вазиятда дунё футболи ҳеч нима йўқотмайди. Тўғри, қайсидир клуб фалон миқдорда пул йўқотди деб гапиришади. Ҳаммаси пулга келиб тақаляпти. Ҳозирда ҳаммада бир хил вазият. Агар айрим мамлакат чемпионатларига қандайдир таъқиқ қўйилганида ўша клублар ва терма жамоалари зарар кўрарди. Аммо ҳозирги вазиятда бутун дунё футболи деярли тўхтаган. Шу боис ўйинлар ўтказилмаётганининг зарари йўқ. Шошилмаслик керак, ўз вақти соати билан барчаси жойига тушади. Албатта, бугунги шароитдан келиб чиққан ҳолда маълум вақт футбол ўйинларини кўра олмаймиз. Биз футболни севамиз. Лекин бундай жараёнда сабр қилиб туришимиз лозим. Ҳаммаси ортда қолади, тарихда бундан ҳам мураккаброқ вазиятлар бўлган ва барчаси ўтиб кетган. Аксинча, инсонларда бир-бирини ўйлаш ва қадрлаш учун вақт бўлади.
тошев3_1
Шунингдек, Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ўша мамлакатдан келган футболчилар фаолият олиб бормоқдалар. Тошев эса бу жараённи ижобий баҳолар экан, шундай деди:
- Ўзбекистонликларда ҳам Тожикистон футболига қизиқиш бор. Мана, Тожикистонда ўзбекистонлик ўйинчилар, Ўзбекистонда эса тожикистонлик футболчилар ўйнашяпти ва бу жуда яхши ҳолат. Бу ерга ҳам яхши савиядаги футболчилар келаверса, Тожикистон футболининг савияси кучаяди. Айниқса, маҳоратли легионерлардан ёшлар ўзлари учун кўп нарса ўрганадилар.
 

26.03.2020, 15:32 10 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш