Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Танаффусдан сўнг...

Нечанчи ўйинки иккинчи бўлимни ўзгартириб юбориши билан Зидан баҳсни сақлаб қоляпти.
 
Биринчи бўлимдаги "Реал" ва танаффусдан кейинги "Реал" - катта фарқ. Кўрдингиз, а!

Зидан аввало шогирдларининг ҳолатини тушуниб етмоқда. "Атлетико" танаффусга қадар ўйинни нима учун назорат қила олганини таҳлил қила оляпти ва 46-дақиқани икки вингер билан бошламоқда.

Марказдан ҳеч ҳам маънили қарорлар улаша олмаган Иско ва Кросс олиниб, ўрнига Лукас ва Жуниор туширилди (ўша пайти узоқроқ планда Симеоне кўзларини қисганча қараб тургани эътиборимни тортди).
 
Қироллик клуби қанотдан уюштирилган ҳужумлари эвазига рақибни сочиб юборди. Айниқса, икки йилдан бери ўйнамаётган Врсальконинг муаммолари шундан сўнг юзага чиқди.

Менди+Винисиус Бенземага ювилер узатма тақдим этишдики, Карим ниҳоят гол урди. "Валенсия"га урилган ўша 95-дақиқадаги голидан сўнг у таблода порламаётганди.

Гап голда эмас, Бензема нима учун ўша жойда пайдо бўлди? Сабаби оддий - қанот футболчилари ўйинни зиммаларига олишди ва номинал ҳужумчи ўз ишини бажаришга тушди.

Зидан яқинда худди шундай оғир бўлимдан сўнг Каземирони ҳужумга чиқариб, Лопетегини доғда қолдирганди. 

Кейин "Вальядолид" бурчак зарбасидан гол қабул қилди. Характер қутқариб қолди, дерсиз, йўқ, фақат характер эмас. Сал олдинроқ Начога алоҳида кўрсатма бўлганини испаниялик ҳамкасбларимиз излаб топишган. 

Зидан ҳар ўйинга янги недир улашмоқда. Тактик ўзгаришлари иш бериб енгиб оляпти. 

Менимча, франциялик маэстрога Сетьеннинг ташрифи бошқачароқ таъсир ўтказган кўринади. "Барселона"га тактик қарашлари кучли мураббий келди, бундай пайт ҳамма Мадрид томонларга қарайди, Зидан нима қиларкан, дейишади.  Мураббиёна қарашлари қўзғаб кетди, шекилли...

Хуллас, имзо яққол кўзга ташланяпти. 

Олдинги ўйин билан солиштирганимизда, фақат бир ўхшашлик бор -  Вальверде ўйиннинг энг яхшиси. Бўлди.

Хайрулла Ҳамидов.
Манба: https://t.me/x_hamidov

02.02.2020, 07:18 251 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш