Хайрулла Ҳамидов мақоласи: «Ўхшаш чеҳралар»

Италия нашрлари “Милан” ва “Арсенал”ни қиёслашибди.
 
2020 йил бошлангандан буён бу икки клуб ютқазмади. Уҳ, сенсация-ку, дерсиз, ҳа, улар ростанам мухлисларини сал бўлса ҳам хурсанд қилишмоқда. Бироқ, бу натижаларнинг бир жиддий тафовути бор.

Ҳозир айни дақиқаларда “Милан”нинг ўйинини кутиб ўтирибман. 2020 йилни мағлубиятсиз ўтказаётган клуб. Ҳа, бу ерда юз фоиз Златан эффекти. Пиоли мураббийдир, аммо Иброҳимович қаршисида миланлик футболчилар чиндан-да футбол ўргатадиган педагогни кўргандек бўлишди. Чалҳанўғли тан олди мисол учун: “Златан ўйнаётган пайти ноаниқ узатма беришга қўрқяпман”.

“Милан” статистикасига қарасак, клуб таблодаги ҳисобдан бошқа масалада ўтган йилгидан зўр ўйнаётгани йўқ. Ўша-ўша вазиятлар, дарвозаси олдида ҳамон рақибга берилаётган имкониятлар. Нима ўзгарди? Сульшер "МЮ"га келгандаги мотивация пайдо улашилган, холос. “Милан” раҳбарияти бу ютуқлар аслида оний эканлигини биздан-да яхшироқ тушуниб туришибди ва барибир янги мураббий олиб келамиз, дейишмоқда. Кейинги мавсумга, албатта.

Тарихан ва инқирозан “Милан”га ўхшаш “Арсенал” ҳам 2020 йили ютқазмади. Жамоада характер пайдо бўлгани яққол сезилди. Ўйин услубида ўзгаришлар кўриляпти. Ранг-баранглик ошди. Бу Артетага боғлиқ ўзгариш. 

Златан – футболчи ва йигитларни ўзи майдонда ўйнаётган пайтигина руҳлантира олади. Тактикани белгилашда, янги қарашларни улашишда футболчи ҳеч ким эмас. Златандан каттароқлари ҳам. Демак, “Арсенал”даги ўзгаришлар гарчи натижа эътибори билан “Милан”га ўхшаш бўлса-да, ботинан бошқачароқ. Мураббий ўзгартираётган жамоа билан етакчи футболчи ўзгартираётган клуб ўртасида катта фарқ бор. Қай бирининг келажагига умид билан қараш мумкин? Албатта, мураббийи салоҳиятли жамоаникига.
Манба: https://t.me/x_hamidov

29.01.2020, 08:47 233 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш