Ҳафта дайжести: «Ливерпуль»нинг рекорд қўйишдан тоймаётгани, Чиранаётган Чиро ёки Сетьендан кутилган дебют

Премьер-лиганинг 23-турида «Ливерпуль» ортиқча қийинчиликсиз «Манчестер Юнайтед»ни мағлуб этди (2:0) ва турнир жадвалида асосий таъқибчиси «Манчестер Сити» билан орадаги фарқни 16 очкога етказиб, чемпионлик учун яна бир катта қадам ташлади.
Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Европа яшил майдонларида яна бир қатор эътиборли учрашувлар бўлиб ўтди.
1. «Ливерпуль» рекорд қўйишда давом этади
Англиянинг энг катта икки клуби бу турда ўзаро рўбару келди. Турнир жадвали, жамоалар ҳолатидан қатъи назар, бу жамоаларнинг ўйини АПЛда энг катта воқеа сифатида қайд этилаверади.
«Ливерпуль» ажойиб ғалабага эришди ва бир қатор ижобий кўрсаткичлар қайд этди. Жамоа 22 ўйиндан кейин 64 очко жамғариб, кучли бешлик рекордини ўрнатди. Муҳаммад Салоҳ ниҳоят ўзининг еттинчи уринишида «Манчестер Юнайтед» дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиқди. У шу пайтгача АПЛда ўзи қарши ўйнаган 25 жамоадан 23тасига гол урган. Салоҳга голни уришда дарвозабон Алиссон Бекер кўмаклашди. Бу ҳам сўнгги ўн йилликда «Ливерпуль» дарвозабони томонидан амалга оширилган дастлабки ассист бўлди. Ўн йил олдин «Астон Вилла»га қарши ўйинда Пепе Рейнанинг узатмасидан сўнг Фернандо Торрес рақиб дарвозасини ишғол қилганди.
«Манчестер Юнайтед»чи? Айтиш мумкинки, бугунги имкониятлардан келиб чиқиб, таркибдаги Погба, Мактомини, Рэшфорд каби асосий футболчиларсиз ҳаракат қилишига тўғри келган Сульшер «Энфилд»да муносиб туриб бера олди дейиш мумкин. Ҳар ҳолда учрашув охирига қадар дуранг учун имконият сақланиб қолди, бир қатор вазиятларга ҳам эга бўлинди. Футболчилар маҳорати ўз йўлига, лекин «МЮ» бу ўйинда сочилиб кетмагани, бутун учрашув мобайнида мураббий режасидан четга чиқмай, тартибли ўйин кўрсатганини қайд этиш мумкин. Бундан ортиғига «Энфилд»да ҳеч бир жамоа қодир эмас айни дамда. 
2. АПЛда грандлар муваффақиятсизлиги
«Манчестер Юнайтед» бу мағлубиятдан унчалик хафа бўлмаслиги ҳам мумкин, чунки турнир жадвалининг юқори қисмидаги клублар учун ҳам бу тур оғир келди.
«Челси» билан ўртадаги фарқ катталашмади. Лондонликлар сўнгги дақиқаларда ўтказилган гол туфайли «Ньюкасл»дан мағлуб бўлишди (0:1). «Арсенал» ўз майдонида «Шеффилд» қаршилигини енга олмади (1:1). «Тоттенҳэм»нинг «Уотфорд»га қарши ўйини голсиз якунланди (0:0). «Манчестер Сити» ўз майдонида «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда Агуэронинг дублидан сўнг бурилиш ясаган бўлса-да,  бу ўйин ҳам дуранг билан якунланди (2:2).
«Лестер» эса ҳисобда олдинда борган, Варди пенальтини уролмаган ўйинда «Бёрнли»га имкониятни бой берди. Грандлар учун бу қадар омадсиз тур ушбу мавсумда ҳали бўлмаганди.
20-тур натижаларига кўра турнир жадвалидаги ҳолат:
3. «Сивасспор» янги «Бурсаспор» бўла оладими?
Туркияда анчадан бери Истанбулнинг уч грандига қаршилик қила оладиган жамоа сифатида «Истанбул Бошоқшеҳир»ни кутишмоқда, турклар 2009 йилги «Бурсаспор»нинг мўъжизасидан кейин янги чемпионни соғинишган. Аммо кутилмаганда, бу жамоа Сивас томонлардан чиқадиган бўлиб турибди. «Сивасспор»ни ёзда қабул қилиб олган Ризо Чалимбай нафақат Европа, балки Туркия миқёсда ҳам юлдуз бўлмаган футболчилардан кучли жамоа шакллантирди. Таркибда фақат Аруна Коне мухлисларга таниш бўлиши мумкин, холос
Айни вақтда сивасликлар клуби 4 очколик фарқ билан Суперлигада етакчилик қилмоқда. Жамоа дам олиш кунларида ўтказилган турда «Бешиктош»га қарши кечган сафар ўйинида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Унгача «Сивасспор» «Фенербаҳче»ни ҳам, «Трабзонспор»ни ҳам енгишга муваффақ бўлганди. «Бешиктош»га қарши ўйиннинг қарийб сўнгги ярим соатида меҳмонлар бир киши кам бўлиб ҳаракатланиб ҳам ғалабани сақлаб қолишди.
4. Кике Сетьендан кутилган дебют
«Барселона» ниҳоят янги мураббий Кике Сетьен бошқарувидаги дебют ўйинини ўтказди. Мураббий имзоси бунчалик тез сезилишини кўпчилик кутмаганди, лекин бир қарашда жамоада қадриятлар ўзгарганини кўриш қийин эмасди. Умумий ҳисобда 82 фоиздан ортиқ тўп назорати, 92 фоиз аниқликдаги 1002та пас (рақибдан етти баробар кўп) гўёки Гвардиола жамоаларини эслатиб турибди.
Фақат бир нарса ҳамон ўзгармас, учрашувдаги ягона ва ҳал қилувчи голни Лео Месси урди ва «Барселона»га навбатдаги ғалабани олиб келди.
5. Криштиану, ҳамон ўша Криштиану
Туринда эса Криштиану Роналду порлашда давом этмоқда. Ўтган йилнинг 11 ноябрида Криштиану «Милан»га қарши ўйинда 55 дақиқа ҳаракат қилган, лекин майдонни голсиз тарк этганди. Шундан бери Роналду А Серияда еттинчи ўйинда майдонга тушиб, ўзининг 11-голини уришга муваффақ бўлди. Бу сафар унинг дубли туринликларнинг «Парма» устидан ғалаба қозониши ва шу тариқа «Интер» билан ўртадаги фарқни оширишига ёрдам берди.
Трансферлар бозори билан андармон бўлиб қолган «Интер» сафарда «Лечче»ни мағлуб этолмади ва энди Конте шогирдларининг «Ювентус» билан орадаги фарқи 4 очкони ташкил қилмоқда. Агар йўқотилган очколар бўйича ҳисобласак, энди ҳақиқий 2-ўрин соҳиби «Интер» эмас, «Лацио» бўлиб қолмоқда. Римликлар «Интер»дан бир ўйин кам ўтказган ҳолда, 2 очко оз жамғаришган. 
6. Чиранаётган Чиро
«Лацио» юришининг асосий сабабчиси эса, шубҳасиз – Чиро Иммобиледир. У «Сампдория» дарвозасига ҳет-трик қайд этди ва А Сериядаги голлари сонини 23тага етказди. Бу энди нафақат Италиядаги, балки бутун Европа ўлчовида ҳам энг яхши кўрсаткичдир. У ҳар бир голга сарфланган дақиқалар (67) эътибори билан ҳам кучли бешлик етакчисига айланди. Энг кўп гол урган ҳам, «гол+пас» ўлчовида энг кўп балл (28) соҳиби ҳам айнан Чиро Иммобиле бўлиб турибди. Қойил қолмасдан иложи йўқ.
«Лацио» Италия чемпионатида қаторасига 11 ўйинни ғалаба билан якунлади. Бу орада Италия кубогида йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлса, Суперкубок учун баҳсда «Ювентус» доғда қолдирилди. Умуман, римликларнинг Италияда сўнгги бор мағлубиятга учраганликларига яқинда 4 ой бўлади.
7. «Аугсбург» эффекти
Ўтган ҳафтада яна бир ҳет-трик соҳиби Эрик Браут Ҳоландга учта гол уриш учун ўзининг янги жамоасида 20 дақиқа кифоя қилди. «Боруссия» сафарда «Аугсбург»дан 1:3 ҳисобида мағлубияга учраётган ўйиннинг 59 дақиқасида майдонга тушган 19 ёшли ҳужумчи аввалига ҳисобни тенглаштирди. Ўн дақиқа ўтгач, ҳисобни 4:3 кўринишига ўзгартирди. 79-дақиқада эса унинг голи учрашувга нуқта қўйди. Ажойиб дебют.
Жудаям қизиқ факт – «Аугсбург» эффекти. Ўз вақтида Дортмундда етакчи ҳужумчи бўлган Роберт Левандовски ва Пьер Эмерик-Обемаянг, шунингдек, Пако Алкасер ҳам «Боруссия»даги дебют ўйинларини айнан «Аугсбург»га қарши ўтказиб, бу клуб дарвозасига учтадан гол урган.
8. «Атлетико» ва «Наполи» мағлубиятга учради
Суперкубок баҳсларида «Барселона»га ҳам, «Реал»га ҳам ўйиндан мағлуб бўлмаган «Атлетико» кутилмаганда «Эйбар»га ютқазиб қўйди. Турнир жадвалида 16-ўринни эгаллаб турган «Эйбар»га. Натижада мадридрикларнинг пешқадамлардан фарқи 8 очкога етди. Аксинча, энди Симеоне шогирдлари кўпроқ бешинчи ўриндаги «Хетафе»га қарашга мажбур. Бу икки клубни атиги 2 очко ажратиб турибди, холос.
Италияда эса «Наполи» инқирозни бошдан кечиришда давом этмоқда. Қаторасига учинчи мағлубият. Майли, аввалги мағлубиятлар «Интер» ва «Лацио»дан эди, буни тўғри тушуниш мумкин, лекин «Наполи» сўнгги 13 ўйинда атиги 1 марта ғалаба қозонгани вазият анча жиддий эканидан далолат бериб турибди. Мавсум бошида чемпионлик учун курашиши кутилган «Наполи» ҳозирда атиги 24 очко тўплаган ва пешқадамдан 27 очкога ортда қолмоқда - 11-ўрин .
Чемпионлар Лигасида нимчорак финалларида Европанинг энг кучли икки жамоасига қарши ўйнаши керак бўлган бу икки жамоанинг бугунги аҳволи мана шундай.
9. Бруно Фернандеш Португалия билан хайрлашмоқдами?
Қишки транфер ойнасида содир бўлиши кутилаётган энг йирик трансферлардан бири «Спортинг» плеймейкери Бруно Фернандешнинг «Манчестер Юнайтед»га ўтиши бўлиши кутилмоқда.
Ҳозирда трансфер қиймати бўйича мунозара қилаётган «Спортинг» раҳбарлари футболчи «Бенфика»га қарши ўйинда майдонга тушиши, ана ундан кейин трансфер рўй бериши мумкинлигини айтганди. Бруно ушбу ўйинда майдонга тушди ва айтиш мумкинки, катта эҳтимол билан бу ўйин унинг Португалиядаги сўнгги ўйини бўлиб қолади.
Италияда омади чопмаган футболчи («Новара», «Удинезе», «Сампдория») Португалияда чинакамига порлади ва Европанинг бир қатор топ-клублари эътиборига тушди. Икки ярим йилда 39 гол ва 28 ассист, ажойиб кўрсаткич. Фақат бундай футболчига «Манчестер Юнайтед»нинг нисбатан кўпроқ эҳтиёж сезаётгани инглиз клубини Бруно учун курашда фаворитга айлантирди.
Манба: tribuna.uz

21.01.2020, 18:53 258 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш