Ўзбекистон олимпия терма жамоаси қизиқ муаммога дуч келди

Ўзбекистон олимпия терма жамоаси дастлабки ўйинда ташкилотчилик билан боғлиқ қизиқ муаммога дуч келди.
 
Бу ҳақда таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўзининг телеграмдаги канали орқали хабар тарқатди. 

Эронга қарши ўйинда футболчиларимиз кийиб тушган футболкадаги ишлаб чиқарувчининг логотипи Осиё чемпионати эмблемаси билан яширилган эди.


Яширилган эмблема бу "Pres-Jog" компанияси логотипи эди. Гап шундаки, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси 2018 йилнинг сентябрь ойида Хитойнинг “QIERTE Co.Ltd” компанияси (“PRES-JOG” бренди) билан 2018-2022 йиллар учун ҳомийлик ва ҳамкорлик бўйича шартнома имзолаган эди. 

Мазкур келишувга кўра, футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2018-2022 йиллар оралиғида халқаро мусобақада "Pres-Jog" томонидан тақдим этилган либосларда ўйнаши мажбурий этиб қўйилган.

Аммо ўша воқеадан атиги бир ярим ой ўтиб Ўзбекистон футбол ассоциацияси "Jako" фирмаси билан шартнома имзолади. Ўша пайтда МОҚ ва ЎФА президенти бир инсон — Умид Аҳмаджонов раҳбарлик қилган эди. Яъни Ўзбекистон олимпия (U23) терма жамоасини кийинтириш ҳуқуқи бирданига иккита компания — "Pres-Jog" ва "Jako" компанияларига бериб юборилди. 

Олимпиячиларимиз шу пайтгача "Pres-Jog" формаларида ўйнаб келишди, аммо Таиланддаги Осиё чемпионати бошланиш арафасида "Jako" ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлаган бўлиши мумкин. Шунинг учун футболкадаги "Pres-Jog" логотиплари устига Осиё чемпионати рамзи ёпиштириб чиқилди.
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш босқичи: Ўзбекистон U23 терма жамоасининг Ҳиндистонга қарши ўйинида сурат.
Манба: www.stadion.uz.

11.01.2020, 11:16 392 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш