2019 йилнинг энг яхши 10 трансфери

2019 йилнинг энг яхши трансферлари рўйхатидан ўзлари учун сарфланган маблағларни оқлай олган 10 футболчи жой олди. Бу футболчиларнинг ҳар бири янги жамоасини жиддий даражада кучайтирди, улар кутилганидан кўра муваффақиятлироқ ўйнаб кета олишди.
10. Бенжамен Павар, «Штутгарт»дан «Бавария»га
Ўтган йил ёзида «Бавария» Бундеслиганинг аутсайдер клубидан у қадар катта бўлмаган сумма эвазига жаҳон чемпионини трансфер қилди. Мюнхенликлар клуби 35 млн евро тўлаб ўнг қанотда ҳам, ҳимоя марказида ҳам ҳаракатлана олувчи универсал ҳимоячини қўлга киритишди. 23 ёшли француз янги жамоасига тез киришиб кетди ва жамоанинг ажралмас бўлагига айланди. «Бавария»да Павар ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиш билан биргаликда, ҳужумларга ҳам фаол қўшилади - 16 ўйинда 2 гол ва 2 голли пас.
9. Матео Ковачич, «Реал»дан «Челси»га
Кўпчилик «Челси» ўтган йил ёзида Ковачичнинг трансфер ҳуқуқини «Реал»дан сотиб олганини сезмай қолди ҳам. Лекин 2018/19 йилги мавсумда ижара асосида ўйнаётганидаёқ ушбу хорватиялик яримҳимоячи Лондонда қолиши маълум эди. У ёрқин футбол намойиш этди ва жуда кўп аъло ўйинлар ўтказди. Жорий мавсумда ҳам ушбу ҳавбек лондонликларга кўп фойда келтирди. Матео универсаллашган, у ҳужум қилишда ҳам, ҳимояланишда ҳам бирдек яхши ҳаракат қилади. Бундан ташқари, у гол ҳам уриб туради.
8. Торган Азар, «Боруссия» Мёнхенгладбахдан «Боруссия» Дортмундга
Торган йилдан йилга яхши ўйин кўрсатмоқда ва энди у акасининг соясида эмас. Ушбу ҳавбек ўтган ёзда Мёнхенгладбахни Дортмундга алмаштирди ва Бундеслигада порлашда давом этди. Ҳозирда у Фавр жамоасининг энг фойдали футболчиларидан биридир. Гол+пас кўрсаткичи бўйича «Боруссия»да у фақат Ройс ва Санчодан ортда қолади. Германия чемпионатида ўтказилган 16 ўйинда у 4 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 7 голга узатма берди. Шубҳасиз, Азарнинг трансфери – дортмундликларнинг якунланаётган йилдаги энг омадли трансфери бўлди.
7. Аарон Ван-Биссака, «Кристал Пэлас»дан «Манчестер Юнайтед»га
22 ёшли Ван-Биссака «МЮ»га ўтгач тарихдаги энг қиммат учинчи англиялик футболчига айланди. «Қизил иблислар» ўнг қанот ҳимоячиси учун 55 млн евро сарфлашди ва бунинг учун афсусланишмади. Жорий мавсумда Аарон – Сульшер жамоасини елкасида кўтариб юрган футболчилардан бири бўлмоқда. Бу ёш ҳимоячи АПЛда рақиблардан тўп олиб қўйишда етакчи бўлиб турибди. У ҳар ўйинда ўртача 4,4 марта рақибни тўпсиз қолдирмоқда, АПЛнинг 10-тури доирасида «Норвич»га қарши кечган ўйинда у космик натижа қайд этди - рақиб футболчиларидан 11 марта тўпни олиб қўйиб, мавсум рекордини ўрнатди. 16 турда «Манчестер Сити»га қарши кечган ўйинда эса у Стерлингни «чўнтагига солиб олди». У каби ҳимоячини Англиядаги барча клублар орзу қилади.
6. Эрлинг Ҳоланд, «Мольде»дан «Ред Булл Зальцбург»га, кейин «Боруссия» Дортмундга
2019 йилнинг январь ойи бошида «Зальцбург» ҳали Европада ҳеч ким танимайдиган ёш форвард Эрлинг Ҳоландни сотиб олганди. Австрияликлар клуби норвегиялик футболчи учун «Мольде»га атиги 5 млн евро тўлаганди, шу кунларда «Зальцбург» бу футболчини «Боруссия» Дортмундга 20 млн евро эвазига сотди (футболчининг агенти Мино Райола 15 млн евро, футболчининг отаси Альф-Инге Ҳоланд эса 10 млн евро олди). Ҳоланд мавсумни ҳаддан ташқари ёрқин ўтказмоқда. Аввалига 19 ёшли форвард ЕЧЛдаги дебют бўлимида ҳет-трик қайд этиб, турнир рекордини ўрнатди. Кейин муваффақиятларини давом эттириб, гуруҳ босқичида қаторасига 5та ўйинда гол урди, гуруҳ босқичи якунларига кўра фақат Роберт Левандовскидан ортда қолиб, иккинчи энг яхши тўпурар бўлди. Унга бутун Европа бўйлаб ҳақиқий ов бошланди. Аввалига «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ва «РБ Лейпциг» клубларида бу футболчини қўлга киритиш учун имкониятлар юқори экани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо якунда «Боруссия» «улоқни илиб кетди». «Зальцбург» «Ливерпуль» ва «Наполи» билан бир гуруҳда учинчи ўринни эгаллади, шу туфайли австрияликлар клуби уни плей-оффга чиққан немис клубига қўйиб юборишга рози бўлди.
5. Родри, «Атлетико»дан «Манчестер Сити»га
Испаниялик ҳавбек трансфери «Манчестер Сити» тарихидаги энг қимматбаҳо трансфер бўлди. «Шаҳарликлар» ушбу 23 ёшли яримҳимоячи учун 70 млн еврони аяб ўтиришмади. Лекин бу футболчи катта маблағга арзийди. Гвардиола режалаштиргани каби Родри илк мавсумдаёқ «Сити»нинг майдон марказидаги асосий футболчисига айланди — у 34 ёшга чиққан Фернандиньонинг ўрнини муносиб эгаллади. Ҳозирда испаниялик ўз вақтида рақиб ҳужумларини бузишда бразилиялик футболчи бажарган ишдан кўпроқ ишларни бажармоқда, шу билан биргаликда вазиятлар яратишда ҳам майдондаги энг яхшилардан бири бўлмоқда.
4. Виссам Бен-Йеддер, «Севилья»дан «Монако»
Бен-Йеддерни трансфер қилиш орқали монегасклар «нуқтасига уришди». 40 миллион евро сарфлаб олиб келинган француз форвард тўхтовсиз гол ура бошлади ва «Монако» оёққа туришига ёрдам берди. Ҳозирда у нафақат ўз клубининг, балки Лига 1нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. У рақиблар дарвозасига Мбаппедан кўпроқ гол урган. Агар Бен-Йеддер иккинчи даврада ҳам шундай суръатда тўп сурса, монегаскликлар еврокубоклар ҳудуди учун курашишади.
3. Квинси Промес, «Севилья»дан «Аякс»га
Нидерландияга ўтгач аввалига Промеснинг ишлари ўхшамай турди. У кўп вақтни захира ўриндиғида ўтказар, ўз кучини намойиш этишга имкон бўлмасди. Аммо кейинроқ «Аякс» бош мураббийи тен Ҳааг Квинси учун идеал роль топиб берди – ҳужумларни якунловчи. Натижада у ҳаддан ташқари кўп гол ура бошлади ва айни вақтда 14 гол билан «Аякс»нинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди.
2. Мауро Икарди, «Интер»дан «ПСЖ»га (ижара)
Икардининг «ПСЖ»га ижарага ўтиши барча томон учун манфаатли бўлди. «Интер» клуб раҳбарияти билан ҳам, мухлислар билан ҳам муносабатларини ёмонлаштирган муаммоли футболчидан қутулди. Икарди яна доимий ўйин амалиётига эга бўлди, «ПСЖ» эса асосий ҳужумчилари сафдан чиққан вақтда юқори тоифали форвард билан таркибни кучайтирди. Мауро Франция чемпионатига жуда тез киришиб кетди ва тинимсиз гол ура бошлади. Аргентиналик футболчи бу чемпионатнинг биринчи мавсумида 9 гол уришга улгурди. «ПСЖ»да асосан Мбаппени асосий ҳужумчи сифатида кўришади. Ундан ташқари, Неймар ва Кавани ҳам бор. Шундай экан, французлар барибир ижара муддати тугагач Икардини Италияга қайтаришса керак.
1. Ромелу Лукаку, «Манчестер Юнайтед»дан «Интер»га
Жозе Моуриньо «МЮ»дан кетгач Лукаку Англияда ортиқча футболчига айланиб қолди. Шу туфайли ўтган йил ёзида «Интер» бельгиялик футболчи учун 65 млн евро тўлашганида, «нерадзурри»лар исрофгарчилик қилгандек кўринганди. Аммо Лукаку ўз ўйини билан барчаси аксинча эканини кўрсатди. Уни «Челси»далигидаёқ сотиб олишни истаган Антонио Конте раҳбарлигида Ромелу яна гол машинасига айланди. Айнан Лукакунинг голлари эвазига «Интер» ҳозирда Италия чемпионлиги учун «Ювентус» билан тенгма-тенг рақобат қилмоқда.
Манба: tribuna.uz

31.12.2019, 18:02 370 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш