Йил сарҳисоби. Барчани ҳайратда қолдирганлар…

Ортда қолаётган йил бизга кўплаб қувончли дақиқаларни тақдим этгани ҳеч кимга сир эмас. Бугун ўзига ҳос кичик сарҳисоб ўтказмоқчимиз.
Йил кашфиёт футболчиси : Темми Абраҳам
Бу йилнинг чинакам кашфиётига айланган Темми Абраҳамни алоҳида қайд этиб ўтишни лозим деб топдик. Тўғри, ортда қолаётган йил давомида Эрлинг Холанд, Федерико Валверде сингари футболчилар ҳам ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди, бироқ Абраҳам “Челси”нинг сўнгги йилдаги энг катта муаммосини бартараф этгани ва АПЛнинг шиддатига дош бергани унинг фойдасига ишлади.
“Аристократлар” анчадан бери тўпурар ҳужумчи излаш билан банд эди. Кичик бўлмаган суммаларга харид қилинган Мората, Батшуайи, Игуаин сингари футболчилар ишончни оқламаган бир пайтда “қаердандир” Абраҳам пайдо бўлди. Баланд бўйли, жисмонан бақувват, тезкор ва кучли зарбага эга замонавий ҳужумчи. Ўзининг АПЛдаги биринчи мавсумини ўтказаётганига қарамай, ҳужумчи 11 та гол ва 3 та ассистни амалга оширишга муваффақ бўлди. Унинг статистикасига ҳам алоҳида эътибор қаратинг: ҳар бир ўйинда ҳаводаги курашларнинг 2,3 тасида ғолиб чиқаётган ҳужумчи ўйин давомида ўртача бир бор якунловчи узатмани амалга оширмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир учрашувда дарвоза сари 3 бор зарба йўллашнинг йўлини топмоқда.
Очиғи бу унинг ёшидаги футболчилар учун шунчаки фантастик кўрсатгич. Энг муҳими эса, “Челси” футболчи учун ортиқча пул сарфлагани йўқ. Шунчаки, унга ишонч билдириди холос. Абраҳам эса, кредитлардан унумли фойдаланишда давом этмоқда. 

Йилнинг кашфиёт жамоаси«Лейпциг»
Мавсумни кутилмаганда омадли бошлаган жамоалар етарлича топилади. “Шеффилд”, “Каляри” ёки “Реал Сосеьдад” шулар жумласидан, бироқ Бундеслигадаги бир клуб мавсум экваторига келиб шу қадар ёрқин ўйин кўрсатмоқдаки, хатто “Бавария” ва “Боруссия Дортмунд” тилларини тишлаб қолишди. Сезиб турганингиздек, сўз Германиянинг “Лейпциг” жамоаси ҳақида бормоқда.

Ўз тарихида илк бор ЕЧЛнинг плей-офф йўлланмасини биринчи ўрин билан қўлга киритган клуб ички биринчиликда ҳам 1-ўринда бораётганидан хабарингиз бор. Жамоанинг суяги тўлиқ ёшлардан ташкил топган. 32 ёшлик мураббий, ёшартирилган таркиб хатто клуб инфратузилмаси ҳам жуда янги. 2009-йилда ташкил топган клуб катта тезликда жаҳон грандлари орасига суқулиб кирмоқда. Ҳа, ҳа суқулиб кирмоқда! Жамоа таваккалга суянган томошабоп ўйин намойиш этаётган бўлсада, бу натижа беряпти. Соддароқ қилиб айтганда, “Лейпциг” ўзига ҳам, рақибга ҳам эркин тўп суришга йўл  қўйиб берадиган жамоа. Айнан шу аспект туфайли, Бундеслиганинг энг томошабоп жамоалардан бирига айланган клуб ўз мухлислари сонини ортириб бормоқда. Клуб ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда “Манчестер Сити (2,74)” ва “Ливерпуль (2,56)”дан кўра кўпроқ гол киритишни(“Лейпциг” 2,82) уддалаётгани сўзимизга исбот бўла олади. 

Йилнинг энг омадли трансфери: Мауро Икарди
“Интер”даги омадисз мавсумдан сўнг, барчанинг хафсаласини пир қилган ҳужумчи якунланаётган йилнинг энг яхши трансфери бўлганига ишончимиз комил. ПСЖ томонидан трансфер ойнасининг сўнгги кунида жароҳат олган Неймарнинг ўрнини эгаллаш учун ижарага олинган Икарди тақдирнинг совғасидан унумли фойдаланишга муваффақ бўлди. Тезда гол киритишни бошлаб юборган аргентиналик ҳужумчи  Каванини захира ўриндиғига михлаб қўйди. Унинг вазиятлардан фойдаланиш борасидаги статистикаси ҳайрон қолдирмай қўймайди. Икардининг дарвоза сари йўллайдиган 2,8 та зарбасидан бири голга айланмоқда. Соддароқ қилиб айтганда майдонга тушган ўйинларини голсиз (ЕЧЛнинг 6 та учрашувида 5 та гол киритган бўлса, Лига 1 мусобақасининг 11 та учрашувида 9 бор дарвозани ишғол қилган) тарк этмаяпти. “Интер”дан қувғин бўлган Икарди яна супер юлдуз мақомини тиклаб олишга уддалаган бўлса, ПСЖ Каванининг янги ўринбосарига эга бўлди. Мана буни трансфер деса бўлади!

Йил кашфиётига айланган мураббий : Френк Лемпард
Бу борада ҳеч қандай саволга ўрин бўлмаса керак. Ўзининг АПЛдаги дебют мавсумидаёқ трансферни амалга оширмай жанговар жамоани шакллантирган мураббий клубдаги барча муаммоларни бартараф этишни уддалади. Хадсон Одои, Маунт, Абраҳам, Риз Жеймс, Тамори, Крситенсон сингари футболчиларни топ даражага олиб чиққан бўлса, Виллиан ва Жоржинони қайта ишга туширишга муваффақ бўлди. Айни дамда у қўл остидаги клуб нейтрал мухлислар томонидан  АПЛнинг энг шиддатли жамоаси дея эътироф этилмоқда. Натижалар ҳам чакки эмас. Лемпард шогирдлари осон бўлмаган ЕЧЛ гуруҳ босқичини омадли якунлади ва дунёнинг энг кучли биринчилигида кучли тўртликка кириш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Энг муҳими эса, футболчилар мураббийнинг ишончини чуқур ҳис этишмоқда. Бу мураббий учун жуда муҳим фактор десак, адашмаган бўламиз.
 
Йилнинг энг яхши футболчиси Роберт Левандовски
Ўзининг 32 ёшида ҳам гол киритишдан чарчамаётган ҳужумчи ортда қолаётган мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлишга ҳақли. “Бавария”даги “авария”га қарамай, стабил ўйин намойиш этаётган ҳужумчи ЕЧЛнинг 5 та учрашувида 10 та гол киритишни уддалади. Жамоавий ўйиннинг буткул йўқлигига қарамай, ички биринчилик баҳсларнинг 19 тасида 17 бор рақиб дарвозасини нишонга олган ҳужумчини эътироф қилмаслик мумкин эмас. Германиядаги барча мусобақаларда бир неча бор ғолиб чиққанига қарамай, мотивацияни йўқотмаган Левандовскига қойил қолмасликнинг иложи йўқ. “Олтин бутса” учун асосий даъвогар бўлиб турган қаҳрамонимиз шу темпда давом этса, бу совринни Мессидан тортиб олиши аниқ.
Манба: Stadion.uz

31.12.2019, 08:43 372 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш