2019 йилнинг энг омадсиз 10 трансфери

2019 йил якунланмоқда. Ким учундир бу йил яхши тугамоқда, кимдир эса бу йил тезроқ тугашини истамоқда. Қуйида якунланаётган йилда амалга оширилган энг омадсиз 10та трансфери келтирилади.
10. Кшиштоф Пёнтек, «Женоа»дан «Милан»га
Ўтган йил кузида ушбу польшалик энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган футболчилардан бири эди. «Женоа» сафидалигида Пёнтек А Серияни титратди, шу туфайли «Милан» қишки трансферлар вақтида ушбу футболчини сафига қўшиб олиш учун 38 млн еврони аяб ўтирмади. Унинг 2018/19 йилги мавсумнинг биринчи қисмидаги ўйинларидан келиб чиққан ҳолда, «Россонери» ниҳоят ҳужум чизиғи муаммосини ҳал қилди, дейиш мумкин эди. Аммо поляк футболчи билан барчаси тескари кетди ва у амалда гол уришдан тўхтади. Бу мавсумда ҳам Пёнтек кутилган ўйинни намойиш эта олмаяпти ва 17 ўйинда атиги 4 гол урди.
9. Стефан ал-Шаъровий, «Рома»дан «Шанхай Шэньхуа»га
А-Шаъровийнинг «Шанхай Шэньхуа»га ўтиши — Европалик юлдуз Хитойда ўйнаб кета олмаслиги билан боғлиқ камдан кам кузатиладиган ҳолатдир. Бир неча йил аввал жаҳоннинг энг умидли футболчиларидан бири сифатида кўрилган футболчи 27 ёшида осиёликлар клубининг асосий таркибига кира олмади. Италиялик футболчи ҳатто Хитой терма жамоасига ҳам чақирилавермайдиган хитойлик вингер Цао Юньдинга қарши рақобатни бой берди. Умуман олганда, «Шанхай Шэньхуа»да Стефан кўп ўйнамасаям кўп маош олади - йилига 10 млн евро.
8. Жоау Канселу, «Ювентус»дан «Манчестер Сити»га
Ўтган ёзда «Манчестер Сити» А Сериянинг энг яхши ўнг қанот ҳимоячиларидан бири Жоау Канселу учун Данилога қўшиб 28 млн евро тўлади. Режага кўра, португалиялик футболчи Кайл Уолкерга муносиб рақобат кўрсатиши керак эди. Аммо у «шаҳарликлар» захира ўриндиғида қолиб кетди. Ўтган ярим йилда Канселу «Сити»да барча турнирлар доирасида жами 15 ўйинда (фақат 9 ўйинда бошланғич таркибда) иштирок этди. Лекин у ўзига берилган имкониятларда кўзга кўрингулик натижа кўрсата олмади.
7. Райан Сесеньон, «Фулҳэм»дан «Тоттенҳэм»га
Англия футболи истиқболларидан бири сифатида қаралаётган 19 ёшли Сесеньон учун «шпорлар» ёзда 27 млн евро тўлашди. Райн мавсум стартини жароҳат туфайли ўтказиб юборди ва жамоадаги илк ўйинини фақат ноябрь ойига келиб ўтказди. Сафга қайтган футболчи ўзига сарфланган пулларни оқлай бошлаши кутилганди. Аммо ҳозирча Сесеньонда ҳатто «Тоттенҳэм» заявкасига кира олмаслик муаммосига дуч келмоқда.
6. Маркос Льоренте, «Реал»дан «Атлетико»га
«Матрасчилар» ёзги трансферлар бозорида фаол бўлишди. Лемарнинг омадсиз трансферидан бир йил ўтиб, улар янада кўпроқ пулни кўкка совуришди. Ўтган ёзда «Атлетико» «Сити»га йўл олган Родригога ўринбосар топишга мажбур бўлди. «Реал»нинг 24 ёшли таянч яримҳимоячиси Маркос Льорентега ишонч билдирди. Аввалги клубида ушбу испаниялик ҳеч қачон ёрқин ўйин кўрсатмаган, аммо «матрасчилар» негадир унинг учун 30 млн евро сарфлашга рози бўлди. У «Атлетико»да ҳам ўйнаб кета олмади – ҳозирча Симеоне жамоасида у атиги 322 дақиқа ўтказди ва 4та сариқ карточка ишлади.
5. Малком, «Барселона»дан «Зенит»га
Малком Петербургнинг «Зенит» клубига ўтиб РПЛдаги энг қимматбаҳо трансферга айланди. Бразилиялик футболчи учун кўк-оқ-кўклар «Барселона»га 40 млн евро тўлашди. Лекин у Россияда фақат 63 дақиқа майдонда бўлди – мавсум бошида «Динамо»га қарши ўйиндаги ноёб жароҳат туфайли Малком мавсумнинг қолган қисмини лазаретда ўтказмоқда. У фақат баҳорда сафга қайтади, лекин у ҳали қандай ўйнаб кетиши аниқ эмас.
4. Мойзе Кин, «Ювентус»дан «Эвертон»га
Ўтган мавсумда 19 ёшли форвард «Ювентус»да порлаган ва туринликларнинг 13 ўйинида 6 гол уришга эришганди. Лекин ёзда ёш юлдуз 27,5 млн евро эвазига камтаргина «Эвертон»га ўтиши барчани ҳайрон қолдирди. Англияда ушбу форвардга катта умид билдирилганди, аммо ҳозирча у ўзига сарфланган пулларни оқлай олмаяпти. Ўзига берилган 539 дақиқада Мойзе янги клубидаги дебют голини нишонлашга улгурмади. Унинг рақобатчилари Ришарлисон, Калверт-Льюин ва ҳатто Женк Тосун ундан ишончлироқ ўйнамоқда.
3. Жоэлинтон, «Ҳоффенҳайм»дан «Нюкасл»га
Бундеслигада «Ҳоффенҳайм» учун 28 ўйинда 7 гол урган бу футболчи Англияда супер-бомбардирга айланишига ишониш қийин эди. Аммо «Ньюкасл» мўъжизадан умид қилди ва Жоэлинтоннинг трансфери учун 44 млн евро тўлади ва табиийки бунга афсусланди. АПЛдаги 18 учрашувда ушбу бразилиялик футболчи битта гол урди ҳамда бир голга узатма берди. Аммо «қарғалар» бош мураббийи Стив Брюс ҳамон уни бошланғич таркибга қўймоқда.
2. Давид Луис, «Челси»дан «Арсенал»га
АПЛнинг жорий мавсуми стартида Давид Луис Европадаги энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган футболчилардан бири эди. У жуда кўп хатоларга йўл қўяр ва кулгига қоларди. Англия чемпионатининг ярмига келиб бразилиялик футболчи ўзига кела бошлади, лекин у аввалги формасига қайта олмади. Ҳозирда «Арсенал» ушбу 32 ёшли ҳимоячи учун тўлаган 8,7 млн евро кўпдек кўринмоқда. Лоран Косельнига ўринбосар топишда«канонирлар» жиддий хатога йўл қўйишганди.
1. Лука Йович, «Айнтрахт»дан «Реал»га
Йовичнинг «Айнтрахт»дан «Реал»га 60 млн еврога ўтиши –  йилнинг энг омадсиз трансфери бўлди. Мадрид клубида сербиялик форвард Бенземага рақобат қила олмаяпти ва захира ўриндиғига «михланиб» қолди. Зидан барибир унга имкон тақдим этганида эса, Лука ундан фойдалана олмаяпти. У 13 ўйинда атиги битта гол урди. Афсуски, кўпчилик ҳозирда ушбу сербиялик ҳужумчи ҳақида бир мавсумлик футболчи деган хулосага келган.
Манба: tribuna.uz

30.12.2019, 15:21 268 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш