"Барселона" қони "оқаётган" “Сельта”даги мураббийлар

Оскар Гарсия “Сельта”нинг янги мураббийига айланди. Унинг тарихига назар ташласак, “кўк-аноррангли” футболка кийганига ҳам гувоҳ бўламиз.
2006-йилда Карлос Моуриньо “Келтлар” президентига айланди. У ҳужумкор футболни яхши кўради. Лекин жуда кучли мураббийларни жамоага олиб келиш учун маблағ етарли эмас. Шунда Моуриньо йўл топди. У жамоага “Барселона”га алоқадор мутахассисларни жамоага олиб кела бошлади.
Бу натижа берганми? Ҳар доим ҳам эмас.
Христо Стоичков
Жамоада ишлаган йили: 2007
Ҳар бир ўйинда ўртача очко: 1,38
“Сельта”га келгунга қадар Стоичков 3 йиллик мураббийлик тажрибасига эга эди. Унга ўзгача ҳурмат билан қарашган, чунки у “Барселона”нинг афсонаси эди.
Вигода болгариялик мураббий дебют ўйинидаёқ ғалаба қозониб мухлислар ишончига кирди. Дербида “Депортиво” мағлуб этилди.  Шундан кейин эса кетма-кет 5 та мағлубиятга учради. Ҳатто, мавсум якунида сегундага тушиб кетди жамоа. Сегундада Христо октабргача жамоани бошқарди. Кейин эса раҳбарият уни истеъфога чиқаришга мажбур бўлди.
Эусебио Сакристян
Жамоада ишлаган йили: 2009-2010
Ҳар бир ўйинда ўртача очко: 1,27
2009-йил “Сельта” Эусебио Сакристанни олиб келди. Унгача ҳеч қаерда мураббий бўлиб ишламаганди Сакристян. Лекин “Барса” мураббийлар штабида ёрдамчи мураббий эди. Футболчи сифатида эса “кўк-анорранглилар” сафида 7 мавсум тўп сурган.
Бу Сакристаннинг дахшатли мураббийлик старти эди. 16 та ўйиннинг фақат биттасидагина ғалаба қозона олди. Сегундада бўлган жамоа сал қолди 3-дивизионга йўл олишига. Лекин Моуриньо унга имкон берди ва кейинги мавсумда мураббий жамоани Сегунда турнир жадвалининг ўртасида сақлаб қола олди. Кейин эса шартнома бузилди мураббий ва раҳбарият орасида.
Луис Энрике
Жамоада ишлаган йили: 2013-2014
Ҳар бир ўйинча ўртача очко: 1,30
Энрике “Сельта”гача “Барселона Б” ва “Рома” жамоаларини бошқарган. Луис жамоага ўзгача руҳ олиб кирди. Бир ғалаба қозонган жамоа, келаси сафар мағлубиятга учрарди. Мухлислар ўйинга “валидол ичиб”  киришга мажбур бўлишарди.
Лучо жамоаси билан мавсумни 9-ўринда якунлади. У мухлисларга ёқа бошлаган эди. Уни жамоада кўп йиллар қолишини исташди. Лекин “Барселона” бунга тўсқинлик қилди. Собиқ футболчисини “Ноу Камп”га қайтаришга қарор қилди. Унинг “Барса”даги фаолияти ҳақида биласиз.
Хуан Карлос Унсуе
Жамоада ишлаган йили: 2017-2018
Ҳар бир ўйинча ўртача очко: 1,37
Унсуенинг Вигогача бўлган фаолияти давомида “Нумансия”, “Расинг” каби жамоаларни бошқарган. Лекин у кўпроқ Луис энрикенинг ёрдамчиси сифатида машҳур бўлди. Лучо билан “Сельта” ва “Барселона”да бирга ишлаган.
“Сельта” билан Унсуе турнирни 13-ўринда якунлади. Мавсум якунида эса раҳбарият у билан хайрлашди.
Оскар Гарсия
Жамоада ишлаган йили: 2019-…
Ҳар бир ўйинда ўртача очко: …
“Барса”га алоқадор мураббийларнинг “Сельта”га олиб келинганлари ичида энг совриндори Гарсия ҳисобланади. Оскар ҳисобида 5 та соврин бор: биттасини “Маккаби” билан Исроилда қўлга киритган, 4 тасини Австрияда “Ред Булл” билан қўлга киритган.
Оскар Кройфнинг “Барса”сида тўп сурган футболчилардан бири ҳисобланади. Ўшанда “Учар голланд” ёшларга кўпроқ имконият берарди. У ярим ҳимоячи позитсиясида тўп сурган. Ҳозирда эса “Сельта” билан бирга мусобақанинг юқори ўринлари учун ҳаракат қиляпти.

27.12.2019, 09:06 248 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш