Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Артетага аталган кеча

АПЛ қасос олишга ўрганган: Икки йил олдин ҳам, уч йил олдин ҳам декабрнинг мана шундай кунларида бир қатор суперклублар чемпионликни орзу қилмай қўйишганди.
 
Сабаб оддий – биринчи ўрин эгаси ҳаддан ташқари юқорилаб кетгани...

Аламки, бу мавсум шу қисматга “Ман. Сити” маҳкум этилди. Гвардиола ўз интервьюсида: “Ливерпуль”ни ўйламай ҳам қўйдим”, деди. Шу кунларниям кўряпмиз.

Аммо тур ўйини бўлмиш "Эмерейтс"даги учрашув бошқа жиҳатлари билан-да муҳим. Микель Артета! Ҳа, бир пайтлари “Арсенал”да порлаган йигит бугунги кунда Пеп билан ёнма-ён иш олиб бормоқда. Ажойиб мутахассисга айланди. 

Уч йил олдин испаниялик мураббий Англияга келиб ҳали “Арсенал”ни ўрганмаган пайтлари “канонирлар” билан баҳсдан олдин жамоани буткул Артетага топширганди: “Нима қилмоқчи бўлсанг қилавер. Сен мендан кўра “Арсенал”ни яхшироқ биласан...”

Артета жуда кўп чизмаларга ўзгартириш киритиб, собиқ клубини 2:1 ҳисобида доғда қолдирганди.

Бугун "Сити" тақдири, албатта, Артетага топширилмайди. Балки Лондон томондагилар уни "тўпчилар"га устоз қилиб олиб келишмоқчи. Артета алоҳида иш юритадиган пайти келганини-да айтиб ўтганини ҳисобга олсак, энг яхши вариант – “Арсенал”...

“Ливерпуль”ни ўйламай қўйган Гвардиола ҳар ҳолда “Лестер”ни ўйлаши керак. “Тулкилар” куни кеча дуранг қайд этиб, “шаҳарликлар”ни ўзларига яқинлаштириб қўйишлари мумкин. 

“Арсенал” эса, Люнберг бошчилигида илк ғалабани қўлга киритиб, ўзларини ёмон ҳис этишмаяптию, Артета келишини истаётган футболчилар “Ман. Сити”га муносиб қаршилик кўрсатишармикан? 

Хуллас, ҳаммаси чувалашиб кетган воқеалар остида ўтадиган ўйинни биз билан (шеригим – Ҳасан Турдиалиев) томоша қилишингиз мумкин. Зерикмаслигингиз кафолатланган.

Хайрулла Ҳамидов. 

P.S. "Арсенал" - "Манчестер Сити" ўйини Тошкент вақти билан 21:30да старт олади.
Манба: www.stadion.uz.

15.12.2019, 17:57 304 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш