Ислом Аҳмедовдан терма жамоамизга оид фикр ва мулоҳазалар

Тажрибали мутахассис Ислом Аҳмедов эртанги муҳим баҳс ҳақида гапирди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдида Саудия Арабистони ва Фаластинга қарши муҳим беллашувлар кутиб турибди. Албатта, иккала баҳснинг Тошкентда ўтказилиши бизнинг фойдамизга ишлаши аниқ. Аммо шу билан бирга гуруҳдаги иккита асосий рақибларнинг 14 ноябрь куни ўзаро тўқнаш келиши барчанинг диққат марказида бўлиб турибди. Албатта, Вадим Абрамов бошчилигидаги терма жамоамиз ушбу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. 9 ноябрь куни эса Тошкентда Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказиб 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бошида ушбу беллашувнинг ёпиқ тарзда ўтиши ҳақида бош мураббийимиз айтганди. Аммо кейинчалик мухлисларнинг норозилиги сабабли мураббий ўйиннинг ТВда кўрсатилишига қарши эмаслигини маълум қилди. Кутилганидек, мураббий таркибга чақирган кўплаб номзод ўйинчиларни синовдан ўтказиб олди. Таниқли мутахассисларимиздан бири Ислом Аҳмедов билан боғланиб, унинг терма жамоамиз ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
«Ҳамма ўз иши билан шуғуллангани яхши»
-  Ҳар бир тайёргарликдан ва ўйиндан кўзланган қандайдир мақсад бўлади, тўғрими? Қирғизистонга қарши учрашувдан аввал бу ўйинни телевиденияда олиб кўрсатилмаслиги ҳақида айтилди. Бош мураббий нима учун бу ўйинни ТВда кўрсатилишини хоҳламади? Бунинг сабаби нимада эди? Ҳозирги пайтда барча терма жамоаларда малакали таҳлилчилар гуруҳи иш олиб бормоқда. Улар рақиб ўйинларини кўриб синчковлик билан ўрганиб чиқишади ва шунга қараб камчилик томонларини ўзлаштиришади. Бизнинг терма жамоамизда ҳам шунақа таҳлилчилар гуруҳи бор. Албатта, биз ҳам Саудия Арабистонини ўрганиб чиқяпмиз. Шунга қараб, мураббийларнинг тактик томондан ўйлаб қўйган режалари бўлади. Лекин буни фақат ўйинлар орқали қўллайди ва ўрганади. Қирғизистон билан ўйин эса айнан мураббийнинг ўйлаб қўйган тактик режаларини амалда қўллаб олиш учун ҳам керак эди. Яъни, Саудия ва Фаластинга қарши баҳслар олдидан янги ўйланган тактик режаларни Қирғизистон билан учрашувда кўриб олишни истаганди. Шу боис бошида бош мураббий ўртоқлик учрашувини ёпиқ тарзда ўтишини айтганди. Лекин мухлислар бундан норози бўлиб ҳар хил гапларни ёзишди. Ваҳоланки, биз учун Саудия Арабистони ҳамда Фаластинга қарши ўйинлар катта аҳамиятга эга эди. Қирғизлар ҳам биз билан ўйинда иложи борича ҳеч нарсасини кўрсатишга ҳаракат қилмади. Бизникилар ҳам шундай. Албатта, мухлисларимизни ҳурмат қиламан. Аммо улар ҳам вазиятни тушунишлари керак эди. Ҳамма ўз иши билан шуғуллангани яхши. Мураббийга қўйиб беришимиз керак. Қирғизистон билан асосий учрашув эмасди. Ваҳоланки, биз учун муҳим ўйинлар 14 ва 19 ноябрларда бўлади. Ишқибозлар эса Қирғизистон билан ўйинни кўрамиз деб интернетда тинмай ёзишди. Хўш, кўришди, энди-чи?! Ўша учрашувда мураббийимиз ўйлаган режаларини амалга оширишга қийналди. У шунақа таркиб ва бошқача ўйин схемасини қўллади. Ваҳоланки, Саудия билан Фаластин бизнинг режаларимизни билмасликлари керак эди. Ҳамма бу ўйинни кўриб турса, қанақа режани кўрсатиш мумкин? Саудия кучли рақиб. Фаластин ҳам ҳимояда яхши ўйнайди. Мураббий эса бўлажак баҳсларга жиддий ёндашган ҳолда алоҳида режалар ишлаб чиқаётганди. Шунинг учун ҳам Вадим Абрамов бизга ёпиқ ўйин керак деганди. Шу боис мухлислар ҳам интернетда яхшилаб фикрлаб ёзишсин.
«Саудиянинг бизга қарши қандай тактика қўллашини ҳеч ким билмайди»
- Саудия Арабистонида ким ишлашидан қатъий назар доимо ҳужумкор ва чиройли ўйин кўрсатиб келган. Уларга яқинда янги мураббий келди. Расмий баҳсларда эса очколарни йўқотишни бошлашди. Янги мураббий – бу янги талаб дегани. Саудия Арабистони футболи Европа услубига мос келмайди. Улар бошқача футболга ўрганишган. Янги келган мураббий эса терма жамоага ўзининг фикрлари ва фалсафасини киритишга ҳаракат қиляпти. Лекин уларга яхши мураббий келган. Албатта, Саудия ҳам биз билан баҳсга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Уларнинг бизга қарши қандай тактика қўллашларини ҳеч ким билмайди. Лекин бизнинг ўйинимизни ҳамма кўриб турибди. Фаластинга келсак, уларни биринчи ўйинда кўрдик. Тартибли, ҳимоявий ва ҳужумкор футбол кўрсатишяпти. Фаластинда ҳамма жиҳатлар бор. Уларда юлдуз футболчилар йўқ. Лекин 90 дақиқа давомида битта йўналиш бўйича ҳаракат қиладиган жамоа бор. Мураббийларимиз бўлажак рақибларни ўрганаётган бўлишлари аниқ. Вадим Абрамов Саудия билан Фаластин бизнинг ўйин услубимизни тушунмасин, билмасин деган мақсадда эди. Аммо мухлисларнинг қистови билан Қирғизистон билан учрашув телевизорда кўрсатилди. Шу боис юқорида айтганимдек, бундай вазиятларни ишқибозларимиз ҳам тўғри тушунишса яхши бўларди. Мураббийни ўзлари танлашдими, энди уни охиригача қўллаб-қувватлаш керак.
«Профессионал йўналиш бўйича кўп ишлашимиз керак»
- Терма жамоа умуман бошқача. Чинакам савияни кўрсатиш учун бунинг замирида катта иш ва меҳнат талаб қилиняпти. Вадим Карленовичга ҳозир осон эмас. Унга ўзига яраша қийин. Афсуски, ҳозирги пайтда жамоамиз тактик томондан керакли даражада эмас. Чемпионатимизни қаранг, қачон 1-ўрин билан 2-ўрин ўртасида бунчалик катта фарқни кўргансиз? «Пахтакор»га қойил, чемпион бўлди, катта фарқ билан. Аммо бошқа жамоалар қаерда? Кўриб турибсиз, таркибимиздаги кўплаб футболчилар маҳаллий чемпионатимиздан чақириляпти. Бизда ҳимояда тўпсиз ўйнаш борасида ҳам камчиликларимиз бор. Ҳужум қилишни истаган жамоа эса аввало ҳимояда яхши ўйнаши керак. Шу боис айтмоқчиманки, ҳали профессионал йўналиш бўйича кўп иш олиб бориш керак. Ҳозир мўъжизани кутмаслик керак. Мўъжизанинг замирида профессионал йўналишда катта меҳнат қилишдек масъулият ётибди. Биз ҳозир асосан шунчаки ўйинни, ким ютганлигини, кимлар гол урганлигини кўряпмиз.
«Кимни чақириш ё чақирмасликни бош мураббий яхши билади»
Бош мураббийнинг одамлари бор. Улар кимнинг қандай ўйнаётганини кўриб туришибди. Ҳар бир мураббий ўйин куни тайёр бўлган футболчиларни майдонга туширади. Қуруқ фамилия эса ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Хуллас, футболчилар борасидаги барча саволлар фақат бош мураббийга. У кимни чақиришни ва чақирмасликни яхши билади.
 

13.11.2019, 20:12 50 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш