Пирлодан Раулгача… Ёхуд аср футболининг омадли битимлари

Трансфер бозорида яхши футболчиларнинг бозори ҳамиша чаққон бўлиб келган.
Айниқса, сўнгги пайтларда иқтидорли футболчилар учун ниҳоятда катта маблағлар сарфланиши одат тусини олди. Аммо, баъзан эркин агент сифатида қўшиб олинган футболчилар юзлаб миллионлар сарфланганлардан кўра фойдалироқ бўлади. Ҳозир мана шу типга мансуб баъзи футболчилар ҳақида сўз юритамиз.
Андреа Пирло («Ювентус»га). «Милан» клубининг жорий инқирозига сабаб сифатида 9-10 йил олдин юритилган трансфер сиёсатининг нотўғрилиги эканини кўрсатишимиз мумкин. «Россонерилар» таркибидаги юқори даражали футболчилар аксар ҳолатларда жамоани эркин агент сифатида тарк этган. Шундайлардан бири «Профессор», «Маэстро», «Даҳо» Андреа Пирлодир. Клуб раҳбарияти 2011 йилда футболчи билан янги шартнома тузмайди ва унинг «Ювентус» клуби таркибига қўшилишига монелик кўрсатмайди. Шундан сўнг, жамоа ўйинидаги мазмун йўқолиб борган бўлса, Турин клуби тобора итальян футболининг чўққиси томон интилиб борди ва эгаллади. Пирло «кекса синёра» таркибида ажойиб тўртта мавсум ўтказди. Бу муддат давомида кетма-кет тўрт бор «скудетто» қўлга киритилди. Ўйин мобайнида ташкил этиладиган ҳужмларнинг барчасида «маэстро»нинг имзоси, албатта, сезиларди. «Ювентус» нафақат мамлакат футболининг гранди, балки қитъа грандларидан бирига айланиб борди. Жамоанинг бу ютуқларини Андреа Пирлосиз тасаввур этиб бўлмасди.
Эстебан Камбьяссо («Интер»га). Аргентиналик футболчи 2004 йилда «Галлактикос»га керак бўлмай қолди. «Реал Мадрид» клуби раҳбарияти футболчи билан ҳамкорликни давом эттиришдан бош тортгач, Эстебан Миланнинг «Интер» клуби сафига бориб қўшилди. 
Эстебан Камбьяссо «нерадзуррилар» сафида 10 йил тўп тепди. Бу муддат оралиғида 5 марта «скудетто», 4 марта мамлакат кубоги ва бир бор ЕЧЛда зафар қучилди. Мазкур муваффақиятларнинг ҳаммасида Камбьяссо жамоа ўйинидаги энг муҳим бўғин сифатида муносиб улуш қўша олди.
Роберт Левандовски («Бавария»га). 2014 йилнинг январь ойида полшалик ҳужумчи Мюнхеннинг «Бавария»си таркибига эркин агент сифатида қўшилди. Футболчининг ўзи «Боруссия» билан ҳамкорликни давом эттиришдан бош тортганди. Бу мюнхенликлар учун айни муддао бўлди. Улар Европанинг энг барқарор ўйин намойиш этадиган ҳужумчисини ўз таркибларига қўшиб олиш  учун бир дона хўрозқанд ҳам сарфлашмади. Роберт бугунга қадар 249 учрашувда «Бавария» либосида майдонга тушуб, голлар борасида 200лик довонни забт этди.
Михаэль Баллак («Челси»га). Майдонда қалқон вазифасини бажаришга ихтисослаштирилган футболчи 2006 йилнинг ёзида «аристократлар» сафига қўшилди. Баллак ўша пайтда Германия миллий терма жамоасининг сардори ва икки карра Германияда йил футболчиси, деб топилганди. Энг қизиғи у ҳам Лондон клубига эркин агент мақомида келганди. Немис футболчиси «Челси» шарафини 4 йил мобайнида ҳимоя қилди ва клуб билан иккита Англия кубоги, лига кубоги ва энг муҳими, АПЛ чемпионлигини қўлга киритишни уддалади.
Поль Погба («Ювентус»га). Франциялик футболчи «Манчестер Юнайтед» академиясининг 2012 йилги учирмаларидан ҳисобланади. «МЮ» Поль билан ҳамкорлик қилишни истамайди. Натижада, замонамизнинг энг иқтидорли футболчиларидан бири Туриннинг «Ювентус» клуби сафига эркин агент сифатда бориб қўшилади.  Погба у ерда тўрт мавсум ҳаракатланди ва 178 учрашувда майдонга тушди (34 гол, 43 та самарали узатма).
Погба итальян клубига, нафақат, майдондондаги ҳаракатлари билан фойда келтирди. «Манчестер Юнайтед» 2016 йилда французни қайтариб олиш учун 105 миллион евро тўлади. Погба ўша пайтда футбол тарихидаги энг қиммат футболчига айланганди.
Рауль («Шальке»га). 2010 йилда «Реал Мадрид» афсонаси жамоани тарк этишга қарор қилди ва Мадриддаги 18 йиллик фаолиятидан кейин, «Шальке» клуби сафига қўшилди. 33 ёшли ҳужумчининг қўшиб олиниши  Гельзенкирхенда катта ҳаяжонларга  сабаб бўлди: Рауль номи туширилган либослар талаш бўлиб кетди, ҳужумчининг биринчи машғулотини кўриш илинжида 5000 нафар мухлис стадионга ташриф буюрди. Испаниялик футболчи «Шальке»да икки мавсум ўтказди ва 98 учрашувда майдонга тушиб, 40 та гол уришни уддалади. Энг муҳими, Рауль немис футболи ишқибозларининг севгиси ва ҳурматига сазовор бўлди.
Фахриддин Рўзиев
Манба:Penalti.asia

Пирло, Погба, раул

24.09.2019, 03:12 648 0

Фикрингизни билдиришингиз учун сайтдан рўйхатдан ўтган ёки профилга кирган бўлишингиз керак
×Ёпиш